Биз имом хатиблар кўпинча халқ орасида юрамиз ана шунда баъзи бировлар билан суҳбат жараёнида гувоҳ бўламизки, баъзи инсонлар қўлида яхши ҳунари борлигига, баъзиларининг унча мунча чорвалари ёки ишласа бўладиган томорқа ва ерлари борлигига ва яна баъзиларининг яхшигина ойликли ишлари борлигига гувоҳ бўламиз. Лекин шунга қарамай улар уй-рўзғоридан орттира олмаётгани, уйланиш учун ёки каттароқ тўй қилиш учун Россия ёки Қозоғистонга ўхшаш бирор чет давлатда ишлаб, пул топиб келишларини айтишади. Ана шунда уларнинг бу гапларидан афсусланиб кетаман. Наҳотки энди тўй ўтказиш учун бегона давлатларга боришга эҳтиёж сезилса, наҳотки битта тўй қилиш шунчалик қиммат бўлса. Бу муаммонинг ечими қаерда? Ана шунда бир қанча саволлар туғилади. Хўш, чиндан ҳам аслида шундайми, динимиз ё давлатимиз низомларида биз учун бир мажбуриятлар борми ёки ўзимиз қийинлаштириб юбордикми? Ана энди диний этиқодимизга шариатимизга қараб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларига мурожаат қиламиз: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб: “Бу нима?” дедилар. “ Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим.”, деди у. “Аллоҳ сенга барака берсин. Бир қўй сўйиб бўлса ҳам тўй қилгин”, дедилар”. Эътибор бериб қарасак тўй учун фақатгина бир қўй сўйишни айтяптилар. Ваҳоланки Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу энг бой саҳобалардан бўлган эканлар. Агар тўйда хоҳлаганча харажат қилиш керак бўлганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бой саҳобани шунга буюрардилар. Бошқа бир ҳадисда эса Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Никоҳнинг энг баракалиси чиқими енгилроғидир”,деганлар. Демак бундан кўриниб турибдики, муаммонинг илдизи ўзимизда экан. Биз қанча кўп харажат қилганимиз сари шунга яраша ташвишимиз ҳам ортиб бормоқда. Биргина набавий ҳадисга амал қилмаслигимиз оқибатида ўзимизни қийин аҳволларга солиб қўймоқдамиз. Ана энди бизнинг тўйларга этибор берсак жуда кўп исрофгарчиликларга гувоҳ бўламиз. Ошиқча дабдабавозлик — бу исрофгарчиликдир, айниқса қарзга ботиб тўй қилишлик унданда баттарроқ исрофгарчилик. Чунки ушбу дабдабавозлик ва исрофгарчиликлар ҳақиқатда ҳам жамиятимизни таг-тагидан емирувчи бир иллат бўлиб, бугунги кунда ушбу исрофгарчиликларга сабаб бўлаётган дабдабабозлик, хашаматбозлик, ичкиликбозлик ва шу каби ишларга кетаётган маблағларни ҳисоблаб кўрадиган бўлсак миллиардлаб маблағ нафақат ҳавога совуриляпти, балки келажагимизга салбий таъсир қиладиган ишлар учун сарф қилинаётганлиги аён бўлади. Шу маблағларни фарзандларимизнинг илму-маърифат ҳисол қилишлари учун, уларни касби-корли қилиш учун ишлаб-чиқариш ташкил қилиб, халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, йўлларни равон қилиш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби ҳисобсиз тараққиётимизга хисса қўшувчи ишларга сарфлаш керак бўлиб турган бир даврда ҳисобсиз маблағларни дабдабабозликка берилиб, исроф қилишимиз ҳеч кечирилмас иллат эканлигига тарих давомида кўплаб гувоҳи бўлинган. Тарихчилар: “тарих такрорлардан иборат, ақлли инсонлар ундан ўзлари учун зарур ибратларни олиб, бахтли хаёт кечиришади”, дейишган.
Бойсун туман “Саид Баҳромхон” жомеъ масжиди имом хатиби Ў. Алимов