Юсуф алайҳиссаломнинг қиссаси ибрат ва ҳикматга тўла. Гўзаллик тимсоли бўлган Юсуф алайҳиссаломнинг ҳаёти ҳикоясини Қуръони Карим “қиссаларнинг гўзали” деб атаган. Юсуф сураси энг гўзал суралардан. Қиссадаги саноқсиз ҳикматлардан бири сифатида инсон гуноҳни қачон шайтонга тўнкаши мумкинлигига берилган ишорани айтиш мумкин.

Юсуф алайҳиссалом Миср Азизи аёлининг макрига дучор бўлган пайтлари: “Раббим, менга улар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқ. Агар мендан уларнинг ҳийлаларини бурмасанг, уларга оғиб кетаман ва жоҳиллардан бўлиб қоламан!” дея илтижо қилганлар.

Орадан вақтлар ўтиб, давлат ва халқнинг Юсуф алайҳиссаломга эҳтиёжи тушади. Шунда у киши зиндондан чиқишдан олдин аввало ўзларига бўлган туҳматдан оқланишларини шарт қиладилар. Миср Азизи аёлларни тўплаб, бўлиб ўтган воқеанинг ҳақиқатини сўрайди. Шунда аёл Юсуф алайҳиссаломга туҳмат қилганини тан олади. Бу иқрор ва оқлов Юсуф алайҳиссаломга изҳор қилинганда у киши: “Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс ёмонлликка кўп ундовчидир, илло Раббим раҳм қилганлар мустасно”, дейдилар.

Вақти келиб акалари ҳам у кишига қилган зулмларини тан олишади ва: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ биздан сени ортиқ кўрди, биз аниқ хатокор бўлдик”, дейишади. Шунда Юсуф алайҳиссалом: “Бугун сизларга дашном йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилади. У раҳмлиларнинг раҳмлисидир”, дейдилар.

Кейин Яъқуб алайҳиссалом бутун аҳлу оиласи билан Юсуф алайҳиссаломнинг олдига келадилар ва ҳаммалари у кишига таъзим бажо келтирадилар. Шунда Юсуф алайҳиссалом гапнинг орасида: “Эй отажон, мана шу олдинги тушимнинг таъвилидир. Раббим уни рўёбга чиқарди. У мени зиндондан чиқарар ва шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузгандан кейин сизларни саҳродан келтирар экан, менга яхшилик қилди”, дейдилар.

Эътибор қилсангиз, Юсуф алайҳиссалом гап ўзига келганда “Сен сақламасанг, жоҳиллардан бўламан”, дея илтижо қиладилар, бошқалар оқлаб тургани ҳолда “мен ўзимни оқламайман”, дейдилар. Ўзгаларнинг хатосига келганда эса, улар айбларини тан олгани ҳолда: “сизларга дашном йўқ. Аллоҳ сизларни мағфират қилади”, “шайтон мен билан акаларимнинг орасини бузганда”, дея айбни шайтонга ағдариб, Аллоҳнинг раҳматига умидворлик билдирадилар, уларни узрлига чиқариб, хижолатчиликдан қутқарадилар.

Пайғамбарларнинг ахлоқлари ана шундай бўлган. Сунний хулқ шу. “Хулқлари Қуръон эди”, дейилганда ана шундай маънолар назарда тутилади. Бу мезон бузилганда эса натижа аксинча рўй беради. Ўзи хато қилганда “шайтон йўлдан урди‑да” деб, биров хато қилганда эса “ўзи бу шунақа одам‑да”, дейиш айни набавий ахлоқнинг тескариси, шайтоний хулқдир.

Аллоҳ таоло бизларга ҳам набавий ахлоқ‑одобни насиб қилсин!

Олтинсой туман «Корлик» жомеь масжиди имом хатиби Х. Турдиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here