Аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабимизда муҳим масалалардан бири пайғамбарлар (уларга аллоҳнинг саловат ва саломи бўлсин)нинг шафоатлари масаласидир.
Шафоат луғатда “ёнини олиш, қўллаб-қувватлаш, ҳомийлик қилиш” маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса гуноҳкор мўминларнинг гуноҳларидан ўтишни Аллоҳдан сўрашга айтилади. Пайғамбарлар қиёмат куни Аллоҳнинг изни билан маълум осий мўминларнинг гуноҳларидан ўтишини Аллоҳ таолодан сўрайдилар. Аллоҳ таоло Ўзининг фазли ва марҳамати ила уларнинг тилагини бажо этади ва осийларнинг гуноҳидан ўтади. Шу пайғамбарларнинг шафоати демакдир.
Аҳли суннат раиси имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг машҳур “Ал-фиқҳ ул-акбар” номли матн рисоласида масалани шундай баён қилади:
و شفاعة الأنبياء عليهم السلام حق
Таржимаси: Пайғамбарларнинг (уларга аллоҳнинг саловат ва саломи бўлсин) шафоати ҳақдир!
Шафоатнинг ҳақ ва собитлигига аҳли сунна уламолари бир овоздан ижмоъ қилганлар.
Аҳли қибладан мўътазилийларда шафоат масаласида якдиллик йўқ. Баъзилари мутлақо инкор этади. Баъзилари эса исбот қилади, бироқ улар ҳам уч тоифага бўлинган: Катта гуноҳлардан тийилиб, кичик гуноҳлардан сақлана олмаганларгагина шафот тегиши мумкин дегувчилар; Катта гуноҳ қилган-у лекин шу гуноҳига тавба қилганларнинг тавбаси қабул бўлиши учун шафоат лозим бўлади, деб эътиқод қилувчилар; шафоат катта ва кичик гуноҳлардан тийилган солиҳларнинг даражаси яна ҳам кўтарилиши учунгина фойдаси тегади, деб эътиқод қилувчилар. (Қаранг: Баҳр ул-калом. 235 – Б. Абулмуъийн Насафий).
Шунингдек, шафоат масаласида адашган тоифалардан хаворижларнинг ҳам хилофи бор. Улар ҳампайғамбар ва солиҳларнинг шафоат қилишларини инкор этишади (Қаранг: Ал-бадр ул-анвар шарҳу фиқҳ ул-акбар. 353 – Б. Назол Ола Рашший).
Китоб ва суннатда шафоатни исбот этувчи илдизини кўплаб келтириш мумкин:
وَلَا يَشْفَعُونَ إِلَّا لِمَنِ ارْتَضَى
Улар фақат у зот рози бўлган шахсларгагина шафоат қилурлар. (Анбиё сураси / 28).
مَن ذَا الَّذِي يَشْفَعُ عِنْدَهُ إِلاَّ بِإِذْنِهِ
Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. (Бақара сураси / 255).
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шафоат ҳақида шундай деганлар:
شفاعتى لأهل الكبائر من امتى
Умматларимдан катта гуноҳкорлари учун шафоатим ҳақ ва собитдир! (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва ссалам “Олдинги пайғамбарларга берилмаган беш нарса менга берилди”—деган ва улар ичида шафоатни ҳам санаб ўтганлар.
Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳнинг азондан кейин айтиладиган маъсур дуони ўқиганларга “қиёмат куни шафоатим вожиб бўлади”—деган ваъдалари берилган.
Шу ҳадисларга асосан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва ссаламнинг умматлари учун шафоати собитлигига ижмоъ қилинган. Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг ақидавий фатволарини ислом оламида кенг ёйилишга катта хизмат қилган олим – Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ: “Шафоат—энг кўп ҳужжатга эга масалалардандир!”—деб айтганлар (Қаранг. Тавҳид. Мотуридий. 463 — Б).
Юқоридаги далиллар мўътазилий ва хаворижлар каби адашган тоифаларга шафоатни исбот этиш учун етарли раддия бўлади. Аллоҳ таоло улар ва улар каби фикрловчиларга ҳам ҳидоят берсин! Қиёмат куни барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатларига ноил қилсин! Омин.
Cирожиддин МУХИДДИНОВ
Oлтинсой тумани «Саййд Мухиддинхон»
жоме масжид имоми