Буюк Роббимиз барча инсониятни Ер юзида оила қуриб, тинч-тотув, бир-бирига меҳрибон, иноқ ва хотиржамликда яшашга буюрган.
Қуръони Каримнинг «Наҳл» сурасида шундай марҳамат қилинади: » Аллоҳ сизларга ўзларингиздан жуфт (ҳалол)лар қилди ва сизларга жуфтларингиздан болалар ва набиралар қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди«.
Ҳар бир киши Парвардигор ато этган ҳалол ризқдан ризқланиб, оиласини фаровон, тинч ва хотиржамликда бўлишини таъминлаш йўлида ҳаракат қилмоғи лозим.
Аксарият ҳолларда оилаларнинг нотинч эканлигини эшитиб қоламиз. Баъзида эса бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган, туғилгандан бошлаб бизларни оқ ювиб, оқ тараган, еру кўкдан қизғониб асраб-авайлаган ота- онамизнинг қадрига етмаймиз.
Ота-она орзу-ҳавас қилиб ўғилларини уйлантиришади. Элга, халққа тўйу томошалар қилишади.Олган келиним яхши келинлардан бўлсин, уларнинг роҳатини кўрайлик, дея ният қилишади. Ҳовлимиз тоза-озода бўлиб, барокатлар ёғилсин, дея орзулар қилишади.
Ўғил ўстириб, катта қилиб, уйлантириб, набиралар кўриб орзу-ҳавасга етдик деганларида, оилавий келишмовчиликлар ёки ўғли ва келинидан азият кўраётган оналар ҳам топилмоқда.
Яқинда, келинидан азият кўраётган аёлнинг гапини тасодифан эшитиб қолдим. Аёлининг гапига кирган ўғил ўз уйидан онасини чиқариб ҳайдабди. Бечора аёл қаерга боришини билмасдан охири туғишган опасининг уйига борганини айтди. Аёл бошига тушган бу кўргуликдан роса изтиробда эди. Ўз ўғли ва келинининг бу қилмишидан дардини кимга айтишни билмай сарсон. Наҳотки, ўзи дунёга келтирган жигаргўшаси бугунги кунда ушбу қилиқни қилиб турса…
Азизлар, бу беш кунлик имтиҳон дунёда бир-биримизнинг қадримизга етайлик! Ота-оналаримизнинг қадрига уларнинг тириклик чоғларида етайлик! Уларнинг хизматида бўлайлик! Уларга доимо яхшилик қилиб, дуосини олиб қолайлик!
Зеро, ўлгандан кейин минг оҳ-воҳ қилишимиз, дошқозонлар осиб элга мақтанишимиз, уларнинг тириклик вақтларидаги бир ҳовучгина самимий қилинган дуосига арзимайди.

Қизириқ тумани «Саид Муҳаммад» жоме масжиди имоми ноиби

Жўраев Абдуллоҳ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here