“…Сен қандай ҳам ёқимли шаҳарсан! Сен мен учун нақадар маҳбубсан! Агар сенинг қавминг мени чиқариб юбормаганларида сендан бошқа жойни асло маскан қилмаган бўлар эдим…” (Термизий ривоят қилган).

Чин қалбдан отилиб чиққан бу маънолар оламлар сарвари Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг она Ватанлари – Макка шаҳрига айтган сўзларининг маънолари эди. Жанобимиз алайҳиссалом бу маънони қуйидагича иборада ифода этган эдилар:

ما أطيَبُكِ مِن بلدٍ، وما أحبُّكِ إلَيَّ، ولولا أن قومَكِ أخرَجُونِي مِنكِ ما سكَنتُ غيرَك

Азиз Ватандошлар! Таассуфки, бугун меҳробдан туриб “Ватан муҳаббати” ҳақида сўз олмоқчи бўлсангиз, масжиднинг ҳов бурчагида телефон ковлаб ўтирган биттаси севимли машғулотини ташлаб сизга “Сарой мулласи” деган тамғани ёпиштиради. “Дин қолиб ватан ҳақида гапиряпти”, деб сизни динфуруштга чиқаради.  Бундай нафратомуз фикрлар кўпинча юртини сотиб четга қочган ва борган жойида ҳам тек юрмасдан она ватани шаънини ерга уришга жон жаҳди билан тиришаётган, ўзларини гўёки “адолат қурбонлари” деб намоён қиладиган иккиюзли мунофиқ ватан хоинларининг ҳамтовоқлари, ҳамфикрларидан чиқади. Ҳа, афсуски орамизда ундайлар йўқ эмас…

Аслида ҳар бир мусулмон ўз киндик қони тўкилган Ватанини севиши, унинг гуллаб яшнаши учун имкони борича ҳаракат қилиши, Ватанни ички ва ташқи душманлардан ҳимоя қилиши керак. Динимизнинг талаби ҳам шу!

Ватанга бўлган муҳаббат унинг ва унинг аҳолисининг тараққиёти йўлида машаққатларга бардош бериш билан, унинг обрўсини кўтариш учун самимиятла ишлаш билан кўринади. Ватан шаънини ерга урадиган ҳар бир жиноят, ҳар қандай разиллик Ватанга нисбатан хиёнат ҳисобланади.

Ватандошларининг жонига қасд қилган қотиллар, Ватандошларининг молига кўз олайтирган ўғри, фирибгар, судхўр ва порахўрлар, Ватандошларининг обрўсига дахл қилган пасткашлар, Ватанига келган меҳмонларнинг “кўзини ўйган” алдоқчи қаллоблар, Ватан ҳақида сўйлаган воизларни устидан кулган, Ватанини севмайдиган қалби маразлар аслида Ватаннинг энг катта хоинларидир!

Расулимиз алайҳиссалом иккинчи Ватанлари Мадина ҳақида шундай деганлар:

اللهم حبِّب إلينا المدينةَ كحُبِّنا مكة أو أشد

Эй Аллоҳим, бизга Мадинани маҳбуб айла, худдики Маккани маҳбуб айлаганинг каби, балки унданда кучлироқ севимли қил… (Имом Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳадислардан маълум бўладики, Ватанни севмоқ, унга садоқатли бўлмоқ, уни яхши кўрмоқ, ардоқламоқ, қадрламоқ, душмандан асраб авайламоқ Пайғамбаримизнинг суннати экан.

 

 Олтинсой тумани «Саййд Мухиддинхон» жоме масжид имом хатиби Cирожиддин Мухиддинов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here