Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда келганларнинг барчаси ваҳийдир, ҳақдир.

Бугунги анжуман иштирокчилари – уламолар, диний соҳа ходимлари, жамоатчилик вакиллари ислом дини тинчлик, бағрикенглик, мўътадиллик асосига қурилгани, унинг инсонпарварлик, эзгулик, меҳр-оқибат тамойилларига йўғрилган таълимоти экстремизм ва терроризм каби иллатларга бутунлай ёт эканини яна бир бор таъкидлаб, бу ҳақда кенг жамоатчиликни огоҳ этадилар.

Айни пайтда, Яқин Шарқ минтақасида рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, жангари гуруҳларнинг мусаффо ислом номини шиор қилиб амалга ошираётган хунрезликлари, жиноий хатти-ҳаракатлари бутун инсониятни – барчамизни жиддий ташвишга солмоқда.

Зеро, мамлакатимиз уламо ва имом-хатиблари мазкур гуруҳларнинг даъволари пуч эканини ҳужжат ва далиллар асосида рад этиб, қуйидагиларни маълум қилади:

  • Эътиқод ва амалда ислом асосларига буткул ёт бўлган ақидапараст гуруҳлар фитна чиқариб, Аллоҳнинг Каломи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг суннатларига риоя қилувчи дунё мусулмонларини танг аҳволга қўймоқда. Уларнинг бу фитнаси, аввало, ислом ва террорни тенг маънода янглиш тушунишга, мусулмонларни ўзларига буткул дахли бўлмаган ишда айблашга сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” – дейилса, улар: “Албатта биз ислоҳ қилувчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин, (буни ўзлари) сезмайдилар”, дея марҳамат қилади (Бақара сураси, 11-12 оятлар);
  • Яқин Шарқдаги жангариларнинг маҳаллий мусулмонларни куфрда айблаб, оммавий қирғин қилаётгани, аёлларнинг ор-номусини топтаб, қулга айлантираётгани, гўдакларни қатл этаётгани, аҳли китобларнинг қонини тўкиб, ибодат уйларини вайрон қилаётгани ва яна қанчадан-қанча маълум бўлаётган жиноятлари борки, булар ислом кескин қоралаган ва илоҳий таълимотга мутлақо алоқаси бўлмаган ишлардир. Ислом шариати бегуноҳ инсоннинг қонини тўкиш, шаъни ва қадр-қимматини топташ, мол-мулкини талон-тарож қилишни ҳаром деб қатъий ҳукм қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Моида сурасида бундай марҳамат қилган: “Ана ўша (илк қотиллик) туфайли Исроил авлодига шундай ҳукмни битиб қўйдик: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир”” (Моида сураси, 32-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу ҳақда: “Албатта, қонларингиз, молларингиз, шаън-обрўларингиз ораларингизда шу кунингиз, шу ойингиз, шу шаҳрингиз муқаддаслиги каби муқаддасдир”, — деганлар (Бухорий ривояти).

  • Мазкур тоифалар ислом асосларини бузиб, оят ва ҳадисларни ўзларининг разил мақсадлари йўлида талқин қилмоқдалар, узоқ ва яқиндан мусулмонлик даъвосидаги кишиларни, айниқса, ёшларни ўз сафларига чорламоқдалар, уларни ҳам ўзларининг мудҳиш жиноятларига шерик қилмоқдалар. Аллоҳ таоло: “Аммо дилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маъно бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвилини (асл маъносини) фақат Аллоҳнинг Ўзигина билади”, — дейди (Оли Имрон сураси, 7-оят).

Набий (алайҳиссалом): “Ким илмсиз равишда Қуръон (тафсири) да бир гапни айтса, ўзининг дўзахдаги ўриндиғига тайёрланаверсин”, — дея марҳамат қилганлар (Термизий ривояти);

  • Ҳар бир мусулмон тинч ва фаровон ҳаётга интилмоғи, фасод ва гуноҳдан, одамлар ўртасида ихтилоф чиқариб, уларни фирқаларга бўлиб юборувчи адашган тоифалардан огоҳ бўлиши лозим. Бу хусусида Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида бундай марҳамат қилади: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони” ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг” (Оли Имрон сураси, 103-оят).

Ҳузайфа ибн Ямон (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз жоҳиллик ва ёмонликда эдик. Аллоҳ бизга бу яхшиликни келтирди. Энди мана шу яхшиликдан кейин ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа”, дедилар. Мен: “Ўша ёмонликдан кейин яхшилик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, лекин тутун аралаш бўлади”, дедилар. Мен: Ундаги тутун нима?” дедим. У зот: “Бир қавм менинг тўғри йўлимдан бошқа йўлга бошлайди. Сен улардан нималарнидир танийсан, нималарнидир танимайсан”, дедилар. Мен: “Ўша яхшиликдан кейин яна ёмонлик бўладими?” дедим. У зот: “Ҳа, жаҳаннам эшиклари томон чорловчи бўлади. Ким уларнинг чақириқларига жавоб берса, уни ўшанга ташлашади”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларни сифатлаб беринг”, дедим. У зот: “Улар ўзимизнинг теримиздан, ўзимизнинг тилимиздан гапиришади”, дедилар. Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўша нарса менга етса, менга нима буюрар эдингиз?” дедим. У зот: “Мусулмонлар жамоаси ва уларнинг имоми билан бўласан”, дедилар. Мен: Уларнинг жамоаси ҳам, имоми ҳам бўлмаса-чи?” дедим. У зот: “У ҳолда дарахт илдизларини тишлаб бўлса ҳам ўша фирқалардан узоқ бўласан, токи ўлим сенга ўша ҳолингда етсин”, дедилар” (Бухорий ривояти);

  • Аллоҳ таоло бандаларини яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилишга буюриб, гуноҳ ишлардан тийилишга, адоватдан йироқ бўлишга чақиради. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи кишилар, жумладан, ёшлар Интернет тармоғи орқали ислом ҳақидаги нотўғри, нохолис маълумотларни, террорчи гуруҳларнинг манфаатига мос хабарларни ёйишда воситачи бўлиб қолмоқдалар. Бу билан уларнинг гуноҳларида шерикка айланмоқдалар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:  “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз” (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчи кишининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камаймайди. Кимки залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камаймайди”, — деганлар (Муслим ривояти).

Хулоса шуки, Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда келганларнинг барчаси ваҳийдир, ҳақдир. Уларни бузиб талқин қилиш асло мумкин эмас. Яқин Шарқдаги мутаассиб жамоалар эса ислом асосларига бутунлай ёт бўлган жиноий ва фитначи оқим бўлиб, асоси пуч ва ботилдир.

“Яна айтинг: “Ҳақ келди ва ботил йўқолди. Албатта, ботил нарса йўқолувчидир” (Исро сураси, 81-оят).

Манба: Дунё Уламолари мурожаати китоби 8-14-бетлар. (манбадан оят ва ҳадисларнинг арабий матни киритилмади.)

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here