Маълумки, бугунги кунда жамиятимиздаги энг оғир маънавий хасталиклардан бири бу фолбинлик ва унга ишонишликдир.

Фолбинлар сабаб одамлар ўзаро жанжалга, оилалар ажралишгача бормоқда. Хўш, бу иллатга динимизда қандай қаралган? Унинг давоси қандай?

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимда ким бир фолбиннинг олдига борса, шу фолбин айтган нарсаларни тасдиқ қилса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган Қуръонга кофир бўлибди.
(Баззор ривояти)

Анас ибн Молик ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
«Кимда ким бир фолбинга бориб гапини тасдиқ қилмасдан қайтса қирқ кунгача намози қабул бўлмайди.
(Табароний ривояти)

Аслида фолбинларнинг ҳаммаси ёлғончи бадбахт кофир эканлиги маълум. Лекин бир фолбин чиқса, у фолбиннинг ҳамма гапи рост чиқса, ҳар қандай йўқолган нарсани топиб берса, касалларни ҳам тузатса….

Наҳотки инсон шу арзимаган буюми топилиши, қандайдир касали тузалиши учун иймонини сотиб юборса, иймонидан воз кечса, Қуръонга кофир бўлса?!

Агар бу инсонни ҳамма дунёвий нарсаси бўлса лекин иймони бўлмаса жаҳаннамга абадий ўтин бўлади. Бу арзимаган нарсаларни деб инсон иймонидан юз ўгирмасин!

Бу гаплар фолбинни тасдиқ қилган одам ҳақида айтилябди. Энди фолбиннинг ҳолати нима бўлади?! Фолбин, шайтон қилолмаган ишларни қилмоқда. Кунига ўнта одам буни олдига келса, ўнта одамни кофир қилиб жўнатябди. Албатта дунё ва охиратда фолбиннинг ҳолига вой бўлади.

Динимизда фолбинликни қораланишининг боиси, унинг жамият учун бир қанча моддий, маънавий, ахлоқий, эътиқодий зарарлари борли учундир. Зеро, фолбинлик орқали топилган мол ҳаром, фолбинга берилган пул исрофдир.

Мусулмон киши фолбинларнинг гапига ишониши, уни тасдиқлаши соф ислом ақидасига зид эканлигини билиб олмоғи лозим.

Зеро, аҳли сунна вал жамоа ақидасини ёритиш борасида машҳур бўлган Имом Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг “Ақидатут Таҳовия” китобида шундай жумлалар бор: “Фолбин ва топқирларнинг шунингдек, Қуръон, суннат ва ижмои умматга хилоф нарсани даъво қилгувчиларнинг гапини тасдиқламаймиз”

Ривоятларда келишича, бир куни Амир Темур саройида ўтирса, олдига аёнларидан бири югуриб келиб:
— Шоҳим, ҳузурингизга дунёда энг машҳур фолбин кирмоқчи, — деди.
Амир Темур киритишни буюрди. Фолбин саройга кириб айтди:
— Эй амир, буюк лашкарбоши, мен сизнинг келажагингиз ва жангларингиз хақида фол очиб бераман.
Амир Темур лашкарларини чақириб:
— Бу фолбиннинг бошини танидан жудо қилинглар! — деб буюрди.
Лашкарлар фолбиннинг бошини кесгач, савол беришди:
— Шоҳим, нега фолбинни ўлимга хукм қилдингиз?
Амир Темур:
— Бу аблаҳ фолбин ўзининг келажагини, яъни ўлим кутаётганини билганида ҳузуримга келмасди. Менинг келажагимни қаердан билсин! — деб жавоб берди…

Қизириқ тумани бош имом хатиби А. Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here