Мана ҳаётимизга маъно ва мазмун бағишлаб, қалбимизга сайқал салоҳият бериб, дилларимиздаги ғиллу-ғашликларни ҳайдаб, вужудларимиздаги гуноҳ исён доғларини ювиб, яна Рамазон келаётир! Марҳабо, қутлуғ ой марҳабо!
Рамазонни узоқ соғиндик, ўн бир ой интизор кутдик. Ўтган йилнинг ортиданоқ, уйғонган эди бу соғинчимиз. Тўғри орада уни бир оз унутдик, дунё ҳавасими-эй, турмуш ташвишларими-эй, бизни чалғитди. Лекин меҳрибон Парвардигоримиз бугун бизни яна унга етказди.
Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, сўнги дўзахдан нажотдир. Яна унда минг ойдан яхшироқ кеча бор, қутлуғ ойнинг қутлуғ кечаси. Қиёматда бутун бошли асрлар у кечанинг пойида бош эгажак, тарозида тортиладиган минглаб ойлардан у оғир келажак. Ана шундай барокатли ой бизнинг Рамазон!
Азиз биродарлар, Рамазон Парвардигоримизнинг бизга берган улуғ неъмати, жаннатни қозониб қолиш фурсатидир. Тан олмоғимиз керакки, қалбимиз анчадан бери ғуборли, бир-биримизга нисбатан кибрли, узрли-узрсиз хатоларимиз кўп. Бу ҳолатда Парвардигоримизнинг ҳузурига риҳлат этишдан Аллоҳимизнинг Ўзи сақласин. Асл моҳиятни яхши англамоғимиз керакки, Рамазон озиш, танани эпақага солиш, зиёфатхўрлик ёхуд яна шунга ўхшаш нарсалар ойи эмасдир. Балки у ибодатга шўнғийдиган, Аллоҳга яқинлашадиган, савобларни кўпайтирадиган, бир сўз билан айтганда, дўзахдан нажот топадиган ойдир.
Набий алайҳиссаллам бир жума куни хутба қилиш учун минбарга кўтарилаётиб, 3 марта “амийн” дедилар. Хутба тугагач, саҳобалар бунинг боисини сўрашди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Жаброил алайҳи васаллам келиб: “Ота онасининг ёки улардан биттасининг ҳаётлигида розилигини олиб, жаннатий бўлмаган киши хор бўлсин!” деган эди мен: “Амийн (Аллоҳим ижобат қили)”, дедим. Сўнг “Рамазон ойида нафсини ислоҳ қилиб, Аллоҳга яхши банда бўлолмаган киши ҳам хор бўлсин!” деган эди тағин: “Амийн” дедим.
Хуллас соғиниб кутганларимиз рамазон келди, аммо у жуда оз фурсат, ҳа демай ой ўтиб кетади. Жаброил алайҳиссалом айтганларидек, шу ойда нафсимизни ислоҳ этолмасак, Роббимизга яқин бўлолмасак, яхши бандалар сирасидан жой ололмасак, бошқа ҳеч қачон бу ишнинг уддасидан чиқа олмаймиз. Жаннатни қозониб, дўзахдан нажот топишнинг энг катта имконияти ҳам шу ойдир. Рамазонга бўлган соғинчимиз ҳаммамизни жаннатларга бошласин Амийн, ё роббал оламийн.
Олтинсой туман “Саййид Муҳиддинхон”
жомеъ масжид имом хатиби: С.Муҳиддинов