Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Зайнаб бинту Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдиларига отаси Абу Суфён вафот этган пайтда кирдим. У сариқ рангли аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб, «Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб, «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ою ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим», деди».
Зайнаб яна деди:
«Кейин Зайнаб бинту Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган пайтда кирдим. У хушбўй нарса опкелтирди ва ундан суртди. Сўнгра:
«Аллоҳга қасамки, хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб, «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёлга бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ою ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим».
Зайнаб яна деди:
«Онам Умму Саламанинг «Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қизимнинг эри вафот этди. Унинг кўзи оғриб қолди, сурма суртса, майлими?» деди.
«Йўқ», дедилар ва сўнгра:
«Албатта, у (мотам) тўрт ою ўн кундир. Батаҳқиқ, жоҳилият даврида ҳар бирингиз бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз», дедилар», деганини айтдилар.
Ҳумайд айтади:
«Зайнабга: «Бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз» дегани нима?» дедим. У:
«Эри ўлган хотин тор уйга кириб, энг ёмон кийимларини кийиб ўтирар эди. Бир йил ўтгунча хушбўй ҳам, бошқа нарса ҳам суртмай, шундай ҳолда ўтирар эди. Сўнгра унинг олдига бир жонивор – эшакми, қўйми ёки қушми, келтирилар эди. Сўнгра у ўшанга олдини артар эди. Кўпинча у олдини артган нарса ўлар эди. Сўнг ташқарига чиқар, унга тезак берилар, у эса ўша тезакни отар эди. Шундан кейингина унга ўзи хоҳлаган хушбўйми ёки бошқа нарсами, суртиш мумкин бўлар эди», деди».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Eшбу ривоятда исми зикр қилинаётган Зайнаб бинту Абу Салама розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўгай қизлари, Умму Салама онамизнинг олдинги эрлари – Абу Салама розияллоҳу анҳудан бўлган қизларидир. Зайнаб бинту Абу Салама розияллоҳу анҳо ўз замонларининг энг фақиҳ кишиларидан бўлган.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
- Аёл киши эрига тўрт ою ўн кун мотам тутиши.
- Аёл киши эридан бошқа қариндошларига уч кун мотам тутиши.
- Уч кундан сўнг хушбўй нарса сепибми, бошқа бир зийнат нарса қилибми, мотамдан чиққанини билдириб қўйиши зарурлиги.
- Мотам пайтида сурма суртиш ҳам мумкин эмаслиги. Шунга ўхшаш бошқа пардоз-андоз ишлари ҳам мумкин эмас.
- Жоҳилият даврида мотамнинг муддати бир йил бўлганлиги. Унда аёл тор ва қоронғи хонага кириб, энг ёмон кийимларни кийиб, ўзига ҳеч нарса теккизмасдан, кир-чир, ифлос бўлиб ўтириши. Бир йил ўтгандан сўнг барча ёмонликлар шунга ўтсин, деб, аёлнинг олдига бир ҳайвонни олиб киришлари. Аёл унга фаржини артиши. Ундаги ифлослик ва сассиқлик таъсиридан ҳайвон ўлиб қолиши. Кейин эса ифлослик билан хайрлашиш рамзи сифатида аёлга тезак оттиришлари.
Жоҳилият нима бўлса ҳам, жоҳилиятдир. Бўлмаса қайси ақл билан шу ишларни қилиш мумкин? Ҳозирги жоҳилият ҳам аввалгисидан қолишмайди.
Энди исломий мотам билан танишиб чиқайлик.
Мотам аёл кишининг эри ўлганда тўрт ою ўн кун, яқин қариндоши ўлганда уч кун пардоз-андоз ва зийнат нарсаларни қилмай туришидан иборатдир. Бундан бошқа ҳеч нарса мотамга кирмайди.
Келгуси ривоятда мотамдаги аёл нима қилмаслиги ҳақида батафсилроқ сўз кетади.
Умму Атия розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Биз бирор маййитга уч кундан ортиқ мотам қилишдан наҳий қилинган эдик. Фақат эрга тўрт ою ўн кун эди. Сурма қўймас, хушбўй нарса суртмас, бўёқли кийим киймас эдик. Фақат асли бўялган кийим бўлса, бўлаверар эди. Батаҳқиқ, қачонки бирортамиз ҳайзидан пок бўлганда ғусл қилса, бир оз Азфор кустига рухсат берилган эди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.
Шарҳ: Куст — хушбўйнинг бир тури бўлиб, нохуш ҳидларни кетказиш учун ишлатилади. Бу ерда Азфор деган жойдан олинадиган (келтириладиган) хушбўй зикр қилинган.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
- Яқин қариндоши ўлган аёл уч кундан ортиқ мотам тутиши мумкин эмаслиги.
- Эри ўлган аёл тўрт ою ўн кундан ортиқ ҳам, кам ҳам мотам тутиши мумкин эмаслиги.
- Мотамдаги аёл сурма суртмаслиги.
- Мотамдаги аёл хушбўй суртиши мумкин эмаслиги.
- Мотамдаги аёл асл бўёғи устидан бўялган кийим кийиши мумкин эмаслиги.
- Эри ўлганидан кейин мотам тутиб, идда ўтирган аёл ҳайздан пок бўлганидан сўнг ҳайз туфайли пайдо бўлган нохуш ҳидни кетказиш учун фаржига хушбўй нарса –пахтами ёки бошқа бирор нарса қўйиши мумкинлиги.
Аммо халқимиз орасида мотамни бидъатларга бой қилиб, динда йўқ амалларни қилишлари бу гуноҳдир. 7, 20, 40 ва йил каби маросимлар, пайшанбалик каби маросимлар ёки вафот этганни туғилган кунларини мотамли ҳолда нишонлаш, қавму-қариндошлар томонидан вафот этганга йил тўлмагунча тўй ҳашамлар ўтказмаслик каби амаллар булар хурофотдир.
Ушбу ва бошқа далиллар асосида дафндан уч кун ўтгандан кейин тўй қилган одамни маломат қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Маъсидхон Чориев-“Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби