Ислом умматига берилган улуғ неъматлардан бири Аллоҳ таъола уларга динни комил, аҳкомларини тўкис қилиб берганидадир.
Аллоҳ таъола Қуръони каримда : шундай марҳамат қилади «Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим» (Моида сураси,3- оят).
Бизга Аллоҳ таъоланинг китоби, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари батафсил етиб келди.Мана шу мукаммал бўлган динимизга бирор кишининг ўзича янгилик киритиши катта разолатдир. Динда йўқ нарсани «бу иш динда»,»савоб бўлади»,»қилмаса бўлмайди» деб унга қўшиш ёки бир нарсани олиб ташлаш бидъат ҳисобланади.
Истилоҳда шундай дейилади: «Бидъат — Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир».
Демак, ибодатларда бўлсин одатларда бўлсин, асри саъодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким бизнинг динимизга унда бўлмаган янги нарсани киритса, рад қилинади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:»Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгилик киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат- залолатдир» (Имоми Абу Давуд ва Имоми Термизий ривоятлари).
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани «мен топдим» деб даъво қилишдир.
Биз мусулмонларнинг вазифамиз, динимиз моҳиятинини тўғри англаб буюрганларини бажариб, қайтарганларидан юз ўгириб бидъат ва хурофотларга берилмасликдир.
Аллоҳим тавфиқ берсин.
Қизириқ тумани «Хомкон жомеъ масжиди имом хатиби: Жуманазар Эргашов.