Сахийлик муҳтож кишиларга беғараз, холис ёрдам беришга сахийлик дейилади. Бир жамиятда турли одамлар яшайдилар. Уларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Ораларида кучлилари бор, заифлари бор, олимлар ва нодонлар бор. Инсон оламда қанчалик бой, қанчалик куч-қудратли бўлса ҳам, бир ўзи яшай олмайди. У бошқа кишиларга эҳтиёжлидир. Шунинг учун ҳам динимиз ўзаро ёрдамлашишни фарз қилган. Ҳамдардлик ва сахийлик Қуръонда фарз қилинган ва пайғамбаримизнинг ҳадисларида улуғланган. Сахийликнинг зидди бўлган хасислик эса ҳаром қилингандир. Пайғамбаримизҳазрати Муҳаммад(САВ) бир ҳадисларида марҳамат қиладиларки: «Сахийлик шохлари дунёга тушиб турган жаннат дарахтларининг биридир. Ким бу дарахтнинг шохларидан бирини ушласа, у шох ўша одамни жаннатга етаклайди. Хасислик шохлари бу дунёга тупшиб турган жаҳаннам дарахтларининг биридир. Ким бударахтнинг шохларидан тутса, у шох ўша одамни жаҳаннамга етаклайди». Ислом тарихида энг катта саховат кўрсатувчи, ҳеч шубҳасиз, пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдурлар. Ул зотнинг саҳобаларидан Собир розиаллоҳу анҳу шундай дейдилар: «Пайғамбаримиздан бир нарсани сўрасанг, ҳеч қачон қуруқ қайтармас эдилар. Бор бўлса берардилар, йўқ бўлса, беришга ваъда қилардилар».Одамлар ўртасида севги ва муҳаббатни орттирувчи энг муҳим нарса ўзаро ёрдамлашиш ва саховатдир. Аллоҳ ўзининг севган бандаларини саховат ҳиссидан баҳраманд қилган. Пайғамбаримиз ўз ҳадисларидан бирида марҳамат қилиб айтадиларки: «Шубҳасиз, сахий киши Аллоҳга, одамларга ва жаннатга яқин, жаҳаннамдан узоқдир. Хасис киши эса Аллоҳдан, одамлардан ва жаннатдан узоғу, жаҳаннамга яқиндир».
Динимизда саховат икки қисмга бўлинади: моддий саховат- мол ва пул билан берилган ҳар- хил ёрдамлар; маънавий саховат- қайғули кишиларни ширин сўзлар билан юпатиш, одамларнинг хатоларини кўрганда ўгит-насиҳат қилиш, илми билан одамларга ҳақ ва ҳақиқатни англатиш, одамлар олдида очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш каби ишлардир. Бу икки хил саховатда ҳам савоб бор. Қуръонда Аллоҳ буюрадики: «Ким бирон чиройли амал қилса, унга ўн баробар қилиб қайтарилур. Ким бирон ёмон иш қилса, фақат ўшанинг баробарида жазоланур ва уларга зулм қилинмас»(«Анъом» сураси, 160-оят).
Мададкорлик ва саховатнинг қимматини оширадиган нарсалардан бири қилган яхшиликларимизнинг Аллоҳ билан бизнинг орамизда қолишидир. Саховатни ошкор қилиш эса мақтаниш бўлиб, дуруст ҳисобланмайди. Чунки Аллоҳ яширин бўлсин, ошкор бўлсин, қилган барча ишларимизни билиб туради.

ШЎРЧИ ТУМАНИ “ ТОЛЛИ ОТА” ЖОМЕ МАСЖИДИ ИМОМ ХАТИБИ РАШИДОВ ҲАЙБАТУЛЛО

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here