НАМОЗ ВА ТАКФИР
Бугунги кунда интернетдан фойдаланувчилар сони кун сайин ортиб бормоқда. Бу халқаро тизимнинг энг яхши тарафи шуки, ундан ким нимани истаса, шуни топа олиш имконининг борлигидир. Энг ёмон тарафи эса, унга хоҳлаган одам хоҳлаган маълумотини жойлаб, бутун дунёга эълон қила олишидир. Бу эса эътиқоди шаклланмаган, билими саёз одамларнинг бир қатлами орасида турли тушунмовчиликлар, ихтилофлар келтириб чиқармоқда. Бунинг «кун муаммоси»га айланиб бораётган зиёнларидан бири ёш, қизиқувчан йигит-қизларнинг турли-туман, расмий ёки норасмий диний сайтлардан саҳиҳ-ишонарли бўлмаган маълумотларни олиб, уни рост деб, шу ҳақ деб ишониб қолишларидир. Афсуски, бугунги кунимизда шундай ҳолатларга кўп гувох бўлиб қоляпмиз. Бундай муаммолардан бири намоз ўқимайдиганларни кофирга чиқариб, «Бенамозлар кофирдир» деб юрганлардир.Албатта, намоз Ислом арконларидан бўлиб, ҳадисларда «Намоз диннинг устунидир», дейилган. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда намознинг фарзлигини баён этиб, шундай марҳамат қилади:
إِنَّ الصَّلَاةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَابًا مَّوْقُوتًا
Яъни «Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир» (Нисо сураси, 103-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бу мавзуда кўплаб ҳадислар келтириш мумкин. Қўйингки, намознинг фарзлигини тан олмайдиган деярли бирорта мусулмон йўқ. Шу туфайли бу мавзуда сўзни қисқа қиламиз-да, «интернет устоз»лардан таълим олиб, «Бенамоз кофирдир» деб айтаётган дўстларимизга юзланамиз.Энг аввало, бу сўзни айтаётган одамга қуйидаги саволни бериб кўриш лозим: «Айтинг-чи дўстим, бу сўзингизнинг тафсили борми ёхуд умумий ҳукм қиляпсизми?» Агар у: «Бу сўзим умумий эмас, балки «намознинг фарзлигини инкор этиб, уни қасддан тарк қилувчиларни назарда тутяпман» деса, унга асло эътирозимиз йўқ. Уни бу сўзида тасдиқлаймиз. Дарҳақиқат, намознинг фарзлигини тан олмаган киши мўмин эмасдир.Лекин «Бу сўзим умумий, «бенамознинг бари кофирдир» деб қатъий қарор қилгудай бўлса, у ҳолда бу дўстимизга шундай насиҳатимиз бор.
Авваломбор бировни «кофир» дейишга асло шошилмаслик керак. Бу сўз жуда кучли ва аниқ далил асосида бўлиши лозим. Шошма-шошарлик, жаҳл-ғазаб ва ҳиссиётларга берилиб бировни «кофирсан» дейиш шариатимизда жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Қолаверса, бировни кофир дейишдан олдин айтган одамнинг бу сўз билан ўзи ҳам иймонидан ажраб қолиш эҳтимоли борлигини назардан четда қолдирмаслиги керак. Айниқса кофир бўлган кишининг хукмларини ҳам билиши лозим. Инсон агар динидан чиқиб кофир бўлса (Аллоҳ сақласин), унинг илгари қилган барча яхши, савоб амаллари, ўқиган намозу тутган рўзаларию ва бошқа ибодатлари пучга чиқади. Агар ҳаж қилган бўлса у ҳам бекор бўлади. Шариат бўйича оиласи (никоҳи) бузилади, жамиятдан ажратиб, яккалатиб қўйилади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ رَسُولُ اللهِ قَالَ: أَيُّمَا امْرِئٍ قَالَ لِأَخِيهِ يَا كَافِرُ. فَقَدْ بَاءَ بِهَا أَحَدُهُمَا إِنْ كَانَ كَمَا قَالَ وَإِلاَّ رَجَعَتْ عَلَيْهِ
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир киши биродарига «эй кофир» деб айтса, (у сўз) икковларидан бирига қайтади. Агар у ўша айтган сўзидек бўлса, (кофирдир). Бордию, ундай бўлмаса, (айтувчининг) ўзига қайтади», дедилар (Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Ушбу хадиснинг зоҳирига биноан мусулмонга қарата «эй кофир» деган кишининг ўзи кофир бўлади, деганлар ҳам бор. Аммо жумҳур уламо: «Сўкиниш ниятида айтган бўлса кофир бўлмайдию лекин таъзирга мустаҳиқ бўлади. Мабодо сўкиниш нияти билан эмас, балки ўша мусулмонни ҳақиқатан кофир деб эътиқод қилган бўлса, унда бу сўзни айтувчининг ўзи кофир бўлади» деган. Аммо, минг афсуски, ҳозирги кунда «бенамозлар кофирдир» деювчилар сўкиниш ниятида эмас, балки уларни ҳақиқатан иймонсиз деб эътиқод қилишмоқда.Ақоид китобларимизда келтирилишича, жумҳур Аҳли сунна қибла аҳлини куфрга ҳукм этмасликка қарор қилишган. Имом Аъзам – Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ «Ал-Фиқҳул акбар»да шундай дейдиوَلَا نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَإِنْ كَانَتْ كَبِيرَةً إِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا، وَلَا نُزِيلُ عَنْهُ اسْمَ الْإِيمَانِ
، وَنُسَمِّيهِ مُؤْمِنًا حَقِيقَةً، وَيَجُوزُ أَنْ يَكُونَ مُؤْمِنًا فَاسِقًا غَيْرَ كَافِرٍ
«Биз бирорта мусулмонни, бирор гуноҳ сабабли, гарчи у кабира бўлса ҳам, модомики ўша гуноҳни ҳалол ҳисобламас экан, кофир демаймиз. Ва ундан иймон исмини олиб ташламаймиз. Балки уни ҳақиқатан мўмин деб атаймиз. Киши кофир эмас, балки фосиқ мўмин бўлиши мумкиндир».
Бу матн шарҳида Али Қори айтади: «Имом Абу Ҳанифа бу сўзларни қибла аҳлини, гарчи у аҳли бидъат бўлса ҳам кофирга ҳукм қилиш мумкин эмаслигини билдириб қўйиш ниятида келтирганлар». «Мулҳақот»да Али Қори имом Абу Ҳанифанинг «Аҳли қибладан бирортасини кофирга чиқармадик» деган сўзларини ҳам нақл қилган. Яна, у шунингдек имом Шофеъийнинг: «Нафсу ҳавосига берилганларнинг шаҳодатини рад қилмайман (қабул қиламан), фақат хаттобийлар мустасно, чунки улар ёлғонни ҳалол дердилар» деган сўзларини ҳам зикр қилиб ўтган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтардилар: «Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир! Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат Аллоҳ ва унинг Расули харом деганни «ҳаром» деймиз, ҳалол деганини «ҳалол» деймиз». Қаранг, нақадар гўзал ва ҳикматли сўзлар.
Хўш, унда бенамозни кофирга чиқараётганлар ўз даъволарига нималарни асос қилишади? Келинг, буларни бирма-бир кўриб чиқайлик:
1. Зоҳирий маъноси бенамознинг куфрига далолат қилувчи бир қанча хадислар ҳам бор. Балки улар ўша ҳадисларга асосланишар? Масалан, имом Муслим ўз «Саҳиҳ»ининг «Иймон китоби»даги «Намозни тарк қилувчини кофир демоқ» бобида ривоят қилган ушбу ҳадисни олайлик.
إِنَّ بَيْنَ الرَّجُلِ وَبَيْنَ الشِّرْكِ وَالْكُفْرِ تَرْكَ الصَّلاَةِ
Яъни: «банда(нинг иймони) билан ширк ва куфр орасида намознинг тарки бордир». Имом Нававий ушбу ҳадиснинг шарҳида айтади: «Аммо намозни тарк қилувчи (яъни бенамоз) агар намознинг вожиблигини инкор этиб тарк қилса, унинг кофир экани бутун мусулмонлар ижмоъси билан муқаррардир. Лекин Исломга янги кириб, намознинг фарзлигидан хабар топмаган мусулмонлар бундан мустаснодир». Намоз ўқимаётганлар мабодо худди ҳозирги аксар бенамозлар каби дангасалик қилиб намозни тарк қилсалар-чи? Бу хусусда Ислом уламолари орасида турли қарашлар бор. Имом Молик, Шофеъий, салаф ва халафлардан иборат жумҳур уламолар, имом Абу Ҳанифа ва куфалик олимлар: «Дангасалик билан намозни тарк қилганлар кофир эмас, балки фосиқдир», дейишади. Ҳадиснинг зоҳирига таянган ҳолда «бенамозлар умуман кофир» деганлар ҳам бўлган. Жумладан, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг икки ривоятдан бирида шундай дегани билдирилади. Бу фикрни Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар ҳам бор. Шунингдек, салафлардан бир жамоа ҳам шу фикрда бўлган. Абдуллоҳ ибн Муборак, Исхоқ ибн Роҳавайҳлар ҳам ўшалардан эди.
Биринчи жамоа ушбу ояти каримани ҳужжат қиладилар:
إِنَّ اللهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (Нисо сураси, 48-оят).
Яна, шунингдек, улар ушбу ҳадисни ҳам ҳужжат қилишади:
مَنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ دَخَلَ الْجَنَّةَ
яъни: «Ким «Ла илаҳа иллаллоҳ» деса, жаннатга киради…» Имом Нававийнинг айтишича, жумҳур томон шу икки ҳужжат асосида юқоридаги, зоҳиран бенамозни куфрига далолат қилувчи ҳадис ва унга мазмунан яқин бўлган бошқа ҳадисларга «Намознинг фарзиятини инкор қилувчилар кўзда тутилган» деб изоҳ беришган.
Яна шуни билиб олишимиз лозимки, динимизда муҳаддислардан кўра фақиҳларнинг мартабаси баландроқдир. Зеро, фиқҳсиз ҳадис билан машғул бўлиш кўпинча йўлдан озишга сабаб бўлади. «Мадорик» (1-жилд, 96-бет)да Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан шундай ривоят келтирилади: «У айтади: «Ҳадис йўлдан адаштирувчидир, фақат фақиҳлар бундан мустасно».
Энди бир фикр қилайлик: бизлар на муҳаддисмиз ва на фақиҳмиз! Шундай экан, фақиҳлар йўлидан борганимиз афзал эмасми? Ўзимизча ҳадисларга чанг солиб, аксар умматга қарши йўлдан борсак, оқибати хайрли бўлмас?!
2. Ўша сўзни айтган биродаримиз балки: «Амал иймоннинг сиҳҳати учун зарур» деб ҳисоблар? У шундай эътиқодда бўлган тақдирда ҳам барибир бу сўзида уни ҳақ дея олмаймиз. Чунки Аҳли сунна билиттифоқ амал иймонниг сиҳҳатига эмас, балки камолига шартдир, деган.
Масалани янада яхшироқ тушуниш учун, аввало бизга «Иймон нима?» деган саволнинг жавоби лозим бўлади.
«Иймон» сўзининг шаръий таърифи ҳақида Мулло Али Қори роҳимаҳуллоҳ «Мирқотул-мафотиҳ»нинг аввалги жузидаги «Иймон китоби»да «ушбу масалада уламолар ҳар-хил қарашга эга бўлиб, бу асосан уч хил экани»ни билдиради:
Биринчиси. Иймон – Пайғамбар алайҳиссалом келтирган аҳкомларнинг ҳақлигини чин дилдан тан олиб, тасдиқлашдир. Агар уни батафсил далиллари билан билмаса-да, у иймонга ҳисоб қилинаверади. Бу энг саҳиҳ таъриф бўлиб, ҳатто муқаллидни (муқаллид – ота-она ва аждодлари мусулмон бўлгани туфайли уларга тақлидан ўзини мусулмон ҳисоблайдиган, аммо ўз далилларини билмайдиган мусулмон) иймонини ҳам ўз ичига олади. Яъни, ким дин арконларини тан олиб, унинг фарзини – фарз, нафлини – нафл деб эътиқод қилса, у мўмин дейилаверади. Иймон тарифида аксар уламолар, имом Ашъарий, муҳаққиқлар ва тўрт мужтаҳид имом шу мазҳабни танлашган.
Иккинчиси. Иймон – қалб билан тасдиқ этиб, тил билан иқрор бўлишдир. Баъзи ривоятларда иқрор иймоннинг сиҳҳати учун шарт эмас, балки шаръий хукмлар ижроси учун шартдир, дейилган. Ҳофизуддин Насафий Абу Ханифа роҳимаҳуллоҳдан шу таъриф ривоят қилинганини, имом Мотуридийнинг мазҳаби хам шу экани ва Ашъарий хам икки ривоятдан тўғрироғида шу мазҳабда эканини айтган.
Бошқа ривоятларда келишича эса, иқрор иймоннинг рукнию, аммо аслий рукн эмас, зоид рукндир. Шунинг учун ҳам иқрордан ожиз бўлганда ва мажбурлик вақтида соқит бўлади. Яна, шунингдек биров қалбан тасдиқлабоқ тўсатдан вафот топса, ижмоъга кўра у мўмин ҳисобланади, дейилган. Тўғриси шуки, иқрор талаб қилинган вақтда рукн, талаб қилинмаганда эса шаръий аҳком ижроси учун шарт ҳисобланади (яъни бир кимсанинг мўминлигини аниқлаш учун ундан иқрор талаб қилинсаю у агар иқрорни рад қилса, уни мўмин дейилмайди. Аммо биров, масалан ўлиб қолди. Кундалик хаёт тарзи мусулмонлар билан бирга эди. У мўмин хисобланади ва жаноза ўқиб дафн қилинаверади). Иқрор хусусидаги икки ривоят орасини шу усул билан муросага келтириб, хилоф лафзий экани ойдинлашади.
Учинчиси. Иймон – қалб, тил ва бошқа аъзоларнинг феълидир. Аҳли хадислар, имом Молик, Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Авзоъий ва мўътазилалар, хаворижлар шу мазҳабда эди. Бироқ мўътазилалар айтишадики, амал қилмаган кимса кофир эмас, аммо мўмин ҳам эмас. Шундай бўлса-да у абадий дўзахийдир. Хаворижлар айтишадики, амал қилмаган киши қатъий кофирдир ва абадий дўзахийдир. Аҳли сунна айтадики, амал қилмаган киши кофир эмас, мўминдир. Лекин комил мўмин эмас, фосиқ мўминдир. Унинг охиратдаги ҳоли эса Аллоҳ таолонинг хоҳиши остидадир: хоҳласа уни афв этиб жаннатга киритади, хоҳламаса гуноҳига яраша дўзахда азоблаб, сўнгра жаннатга киритади. Аллоҳ таоло айтади:
إِنَّ اللهَ لَا يَغْفِرُ أَنْ يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَنْ يَشَاءُ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْمًا عَظِيمًا
«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир» (Нисо сураси, 48-оят).
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ: الظُّلْمُ ثَلَاثَةٌ: فَظُلْمٌ لَا يَغْفِرُهُ اللهُ، وَظُلْمٌ يَغْفِرُهُ اللهُ، وَظُلْمٌ لَا يَتْرُكُ اللهُ مِنْهُ شَيْئًا فَأَمَّا الظُّلْمُ الَّذِي لَا يَغْفِرُهُ اللهُ فَالشِّرْكُ وَقَالَ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ وَأَمَّا الظُّلْمُ الَّذِي يَغْفِرُهُ اللهُ فَظُلْمُ الْعِبَادِ لِأَنْفُسِهِمْ فِيمَا بَيْنَهُمْ وَبَيْنَ رَبِّهِمْ وَأَمَّا الظُّلْمُ الَّذِي لَا يَتْرُكُهُ فَظُلْمُ الْعِبَادِ بَعْضُهُمْ بَعْضًا حَتَّى يَدِينَ لِبَعْضِهِمْ مِنْ بَعْضٍ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Зулм уч турлидир. Бир зулм борки, уни Аллоҳ таоло кечирмайди. Яна бир зулм борки, уни Аллоҳ таоло кечиради. Яна бир зулм шуки, Аллоҳ таоло ундан бирортасини тарк қилмайди. Аллоҳ таоло кечирмайдиган зулм ширкдир», дедилар ва «Албатта, ширк катта зулмдир» оятини келтирди. (Кейин) «Аммо Аллоҳ кечирадиган зулм – бандаларнинг ўзлари билан Аллоҳ ўртасидаги ўз нафслари учун қилган зулмларидир. (Кейинги) Аллоҳ ундан бирортасини тарк қилмайдиган зулм – бандаларнинг ўзаро бир-бирларига қилган зулмларики, Аллоҳ уларни бир-биридан қасос олиб бермагунича асло кечирмайди», дедилар» (Ҳофиз Абу Бакр Баззор ривоят қилган).
Ояти карима ва ҳадиси шарифдан очиқ билиниб турибдики, энг катта гуноҳ – бу ширкдир. Ундан бошқа гуноҳлар – агар у банда ва Аллоҳ орасидаги гуноҳ бўлса, масалан амрларнинг тарки ва ё наҳйиларнинг феъли каби гуноҳлар – Аллоҳнинг хоҳишига боғлиқ бўлиб, кечирилиши мумкин. У гуноҳ мабодо бандалар орасидаги ўзаро гуноҳлар туридан бўлса, уни ҳам Аллоҳ кечириши мумкин, фақат шарти шуки аввал бир-бирларидан ҳақларини ундириб беради ва шундан кейин мағфират бўлиши мумкин».
Шайх Мулло Али Қори юқоридаги уч хил тарифни келтирганидан сўнг Аҳли сунна уламоларининг хилофлари ҳақиқий бўлмай, лафзий эканини изоҳлаб берган олимларнинг сўзларидан нақл келтиради: Уламолар айтишадики, Асҳоби ҳадис билан Аҳли суннанинг бошқалари орасида аслида бир-биридан айролик йўқдир. Чунки амрлару наҳйиларни маҳкам тутиш, билиттифоқ иймон камолидан ҳисобланади, унинг моҳиятидан эмас. Умумий таърифда Аҳли ҳадис, Имом Молик, Шофеъий, Аҳмад ибн Ҳанбал билан мўътазилалар ва хаворижларнинг мазҳаби бирдек туюлса-да, аммо хаворижлар ва мўътазилалар тутган йўлнинг Аҳли сунна йўлидан фарқи бордир. Бадруддин Айний «Умдатул қорий»да зайдийя фирқасининг ҳам хаворижлар ва мўътазилалар билан бир хил қарашда эканини айтиб ўтган. Чунки улар: амал иймоннинг моҳиятидан, дейди. Бошқалар эса иттифоқан амал иймоннинг камолидан, дейишади. Асл иймон эса Аллоҳнинг ягоналиги ва Муҳаммад алайҳиссаломни ҳақ Расул эканини чин дилдан тан олса бўлди. Шарти шуки, ундан талаб қилинганда қалбидаги эътиқодини тилида ошкора айтиб берсин.
Келинг, энди калом илми китобларидан баъзиларига назар солиб ўтамиз.
Аҳли сунна раиси, имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ «Фиқҳул акбар»да айтади: «Иймон – тил билан иқрор бўлиш ва қалб билан тасдиқ қилишдир». Мулла Али Қори ўз шарҳида мазкур матнга шарҳ бераркан, айни матн соҳиби, имом Абу Ҳанифанинг «Васият» китобидан қуйидагиларни келтиради:
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ «Васият китоби»да қуйидагича таъриф беради:
Иймон – ошкора тил билан иқрор этиш ва уни чин дилдан тасдиқ қилишдир. Иқрорнинг ўзи иймонга ҳисоб этилмайди. Акс ҳолда мунофиқларнинг бари мўмин дейилган бўлар эди. Шунингдек, тасдиқнинг ўзи ҳам иймонга ҳукм қилинмайди. Акс ҳолда Аҳли китоблар ҳам мўмин ҳисобланган бўлар эди. Аллоҳ таоло мунофиқлар ҳақида шундай деган:
إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللهِ وَاللهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ
«Мунофиқлар ҳузурингга келганларида, гувоҳлик берамизки, сен, албатта, Аллоҳнинг Расулисан, дерлар. Ҳолбуки, Аллоҳ албатта сен Унинг Расули эканингни билади. Ва Аллоҳ гувоҳлик берурки, албатта, мунофиқлар ёлғончидирлар» (Мунофиқун сураси, 1-оят).Ва яна Аллоҳ таоло Аҳли китоблар ҳақида шундай деган:
الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءهُمُ الَّذِينَ خَسِرُواْ أَنفُسَهُمْ فَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ
«Биз китоб берганлар уни ўз фарзандларини танигандек танирлар. Улар ўзларига зиён қилганлардир, ана ўшалар иймон келтирмаслар» (Анъом сураси, 20-оят). (Мулло Али Қори , «Шарҳи Фиқҳул-акбар.76-77-бетлар). «Ақоиди Таҳовия» ва «Ақоиди Насафия»да ҳам худди шунингдек келтириб ўтилган.
Мужтаҳид имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийга мансуб «Фиқҳул-акбар» рисоласида иймонга шундай таъриф берилган: «Иймон – қалб билан билиш, тил билан иқрор бўлиш, аъзолар билан амал қилишдир. Сўнгра иймон асл ва фаръдан иборатдир:
1) асл шуки, уни агар банда тарк этса, кофир бўлади. Қалбда билиши лозим бўлган нарсалар ва эътиқоди вожиб бўлган нарсалар каби.
2) фаръ шуки, уни тарк этиш билан банда кофир бўлмайди. Лекин баъзиларини тарк қилиш билан у осий бўлади. Намозлардан фарзлари ва бошқа вожиботлар каби. Ва баъзиларини тарк қилиш сабабли афзални ушламаган бўлади. Намозлардаги нафллари ва бошқа мандублар каби» ((«Китобу Фиқҳул-акбар фит-тавҳид лилимамиш-Шафеъий». 31-бет, Матбаъатил адабия, Миср).
Бадруддин Айний роҳимаҳуллоҳ «Умдатул-қорий»нинг «Иймон китоби»да имом Шофеъийдан ушбу нақлни келтиради: «Имом Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Иймон – тасдиқ, иқрор ва амалдир. Биринчисини тарк қилган мунофиқдир! Иккинчисини тарк қилган кофирдир! Учинчисини тарк қилган фосиқдир. Фосиқлар жаҳаннамда абадий қолишдан қутулиб, жаннатга киради».Юқорида кўрсатилган таърифларга диққат билан назар солсак, ўзини Аҳли сунна жамоасига мансубман деб ҳисоб қилган дўстларимизнинг намоз ўқимаган кишига дабдурустдан «сен кофирсан» дейиши ноҳақлик экани маълум бўлади. Чунки у агар «намоз Аллоҳнинг буйруғи, бир кун ўқирман» деб эътиқод қилувчи дангасалардан бўлса (бугунги кунда бенамозларнинг аксари шундай эътиқоддадир) унга Аҳли сунна олимлари билиттифоқ фосиқ мўмин деб баҳо беришгандир.
3) Эҳтимол «бенамозлар кофирдир» деган биродаримиз имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг йўлини олмоқчидир? Чунки имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ намозни беузр, қасддан тарк қилган одам масаласида жумҳурга хилоф тарзда «у кимса муртаддир» деб ҳукм қилган. Хўш, майли, у киши имом Аҳмаднининг ушбу сўзига суянди ҳам, дейлик. Бу эса қуйидаги икки ҳолатдан бирида бўлиши мумкин:
Биринчи ҳолат: ўша киши буткул ҳанбалий мазҳабидандир. Бу ҳолда ўз мазҳаби фатвосини бошқа мазҳаб вакиллари орасида умумий холда, баралла айтиши мумкин эмас, балки «Бизнинг мазҳабда шундай….» деб қайдлаб қўйиши керак. Фақат ўз мазҳабдошлари орасида бўлса, уларнинг ўзигагина омматан айтиши мумкин.
Иккинчи ҳолат: бу сўзни айтган одам ҳанбалий мазҳабига мансуб эмас. Бу уч хил ҳолатда бўлиши мумкин: а) масалан, у ҳанафий ёки шофеъий мазҳабида. У ҳолда бу сўзни умумий қилиб эмас, балки қайдлаб айтиши лозим, масалан, «Намознинг фарзиятини тан олган, аммо уни қасддан беузр тарк қилган киши имом Аҳмаднинг сўзига кўра муртаддир» деганга ўхшаш кўринишда; б) ёки у ўзини мужтаҳид мақомига ета олган олим ҳисоблаб, бирор муайян мазҳабга эргашмайди. У ҳолда бу сўзнинг қоили, ижтиҳод шартларини ўзида ҳосил қила олган олим бўлиши лозим (Усулул-фиқҳ китобларида ижтиҳод шартлари батафсил берилган). Мужтаҳиди мутлақ ва ёки мужтаҳиди муқайяд бўлса ҳам барибир. Аммо имом Ғаззолий, Нававий, Фахруддин Розий каби уламолар тўрт имомдан бошқа, мужтаҳиди мутлақ даражасига ета олган олимни дунё ҳали кўргани йўқлигини айтишган; в) у кишида ижтиҳод шартлари мавжуд эмас. Бу ҳолда бу дўстимизнинг имом Аҳмаднинг фатвосига амал қилиши мумкин ҳам эмас, бошқаларни унга амал қилишга тарғиб қилиши ҳам мумкин эмас.Бу нарса шариатда «талфиқ» дейилади. Талфиқ – лаёқатли бўлмаган ҳолда турли мазҳабларнинг ўзи хоҳлаган фатволарига амал қилишдир, уламолар эса бундан қайтаришган. Масалан, ҳанафийлардан шайх Ибн Обидин «Баҳрур-роиқ»нинг ҳошиясида (6-жилд, 289-бет) айтади: «Муайян мазҳаб муфтийсининг ўз мазҳабида аниқ кўрсатилган масалада бошқа мазҳаб йўлини тутиши ва у бўйича фатво бериши мумкин эмас».Моликийлардан имом Нафровий «Фавоқеҳуд-девоний»да (2-жилд, 357-бет) айтади: «Тўрт имомдан бирига эргашиш вожиблигига мусулмон ижмоси тузилгандир. Фақат ижтиҳод аҳллари бундан мустасно».Шофеъийлардан Жалолуддин Маҳаллий «Жамъул-жавомеъ»нинг шарҳида (2-жилд, 440-бет) айтади: «Энг саҳиҳ сўз шуки, омийлар модомики ижтиҳод мартабасида бўлмас экан, уларга муайян бир мазҳабга тақлид қилиш лозим бўлади.
У хоҳ бошқа мазҳабни ўз мазҳаби билан тенг ва ё аржаҳ деб эътиқод қилсин, буни аҳамияти йўқ».Ҳанбалийлардан Мардовий «ал-Инсоф»да (11-жилд, 194-бет) айтади: «Риоятул-кубро»да айтиладики, ҳар бир муқаллидга бирор муайян мазҳабга тақлид қилиши лозим бўлади. Ижтиҳод аҳли бундан мустасно. Аҳли сунна олимларидан «муайян мазҳабга тақлид лозим эмас» деганлар ҳам бор. Аммо улар бу сўзларида ижтиҳод шартини ҳам ўртага қўйишган».Энди «Бенамоз кофирдир» деб айтаётган дўстимизга бу сўзида ҳақ бўлиши учун фақат бир йўл қоляпти. У ҳам бўлса унинг мужтаҳид мақомида бўлишидир. Агар у ўзида ижтиҳод шартларини ўзлаштирган бўлиб, бу сўз унинг ижтиҳоди бўлса, у ҳолда биз уни асло танқид қила олмаймиз. Лекин у мужтаҳид бўлмаса-чи? Унга бу ҳолатдашариат қандай муносабатда бўлади? Бу ҳақда энди улар ўйлаб кўришлари керак!
4) Балки ўша дўстимиз бенамозларни даъват қилмоқчи бўлиб, уларни бенамозликдан қўрқитиб қўйиш ниятида «Бенамозлар кофир» деб айтгандир? Аммо даъват қилишдаги бу услуб бугунги кунда ўзини оқламаётгани кўпчиликка маълум бўлиб бормоқда. Чунки даъватда бу йўлдан юрганлар мусулмонларга фойдадан кўра кўпроқ зиён етказишяпти. Зотан, қаерда мусулмонлар орасида жанжал ва ихтилоф бўлса, албатта булар даъват қилувчи томоннинг услубда хато қилганидан келиб чиқади. У ўз даъватида бошқачароқ услубни танласа яхши бўларди. Бенамозни «сен кофирсан» деб, унинг қалбида нафрат ва ғазаб ҳиссини уйғотгандан кўра унга намознинг фазилати, унинг фойдалари, охиратда намозхонларга берилажак мукофотлар ҳақида насиҳат қилиши самаралироқ эмасмикан? Ахир Аллоҳ таоло Қуръони каримда айтади:
ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билувчи ва ҳидоят топувчиларни ҳам ўта билувчидир» «Тафсири Ҳилол»да ёзилишича, «Даъват аввало «Аллоҳнинг йўлига», баъзи шахсларга, гуруҳларга эмас, холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак. Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим. Учинчидан, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш учун чиройли гапларни топиб гапириш зарур. Уларни нафратлантирмаслик лозим. Тўртинчидан, кишилар билан «гўзал услубда мунозара қилиш» керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, унинг табъига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган йўсинда усталик билан мунозара олиб бориши лозим. Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак».
Кўриниб турибдики бугунги кунда дангаса бенамозларни «кофир» дейиш кишининг ўз иймонига катта хатардир! Энг ачинарлиси, «бенамоз кофирдир» деганлар бенамозни сўкиб эмас, балки унинг иймонини ҳисобга олмаган ҳолда шундай дейишмоқда. Аллоҳ ҳидоят қилсин. Айниқса чет мамлакатларга иш қидириб чиқиб, у ердан «мулла» бўлиб келаётганлар орасида бу ҳол кўпроқ учраяпти. Шунингдек, «ўз дини»ни интернетдан қидирганлар ичида ҳам бундайлар йўқ эмас. Дин илмларини ўрганишда устоз танлай билиш ҳам жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан тойдирмасин.
Бойсун тумани бош имоми “Саримозор”
жомеъ масжиди имом хатиби; З.Чориев