Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Ҳиндистоннинг Жамия Миллия Исламия университетининг филология фанлари бўйича фалсафа доктори, профессор Шаҳид Таслимнинг “Ўзбек тилининг Ҳиндистонда ўрганилиши, таржима назарияси масалалари” мавзусидаги “Очиқ дарси” бўлиб ўтди деб хабар бермоқда iiau.uz сайти.

Унда Ўзбекистон халқаро ислом академияси Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори З.Исломов, Ўқув ишлари бўйича проректор И.Усманов, “Мумтоз Шарқ адабиёти ва манбашунослик” кафедраси мудири М.Насирова, профессор-ўқитувчилар, мустақил тадқиқотчилар ҳамда талабалар иштирок этди.

“Очиқ дарс”да ўзбек тилини дунёдаги кўплаб мамлакатларнинг университетида ўқитилиши, жумладан, ҳинд диёрида ҳам катта эътибор берилаётгани, она заминимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг  ҳаёти ва ижодини, улар қолдирган меросни ўрганишга бўлган иштиёқ тобора ортаётгани ҳақида сўз юритилди.

Юртимизнинг улуғ қадамжоларига зиёрат қилиш, тарихий обидалар билан танишиш, меҳмондўст ҳалқимиз билан кўришиш мақсадида ҳам бугун бутун дунё халқларининг ватанимизга сайёҳатлари кундан кунга кўпаётгани ва бу билан ўзбек замини тилларда достон бўлаётгани таъкидланди.

Ҳиндистонлик олим Шаҳид Таслим ўз сўзида, ўзи фаолият олиб бораётган Жамия Миллия Исламия университетида ҳинд талабаларига ўзбек тилидан дарс бераётгани, улар ҳам катта қизиқиш билан ўрганаётганини айтиб ўтди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги илмий изланишлар, сиёсий, маданий ва адабий алоқалар қадим замонлардан бери давом этиб келаётгани ва бугун ҳам икки мамлакатнинг ўзаро ҳамфикр, яқин дўст бўлишида ана ўша тарихий дўстик кўприклари хизмат қилаётгани маълум қилинди.

Очиқ дарс якунида иштирокчилар профессор Шаҳид Таслимдан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олишди.


– Буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг Ҳиндистонда катта империяга асос солган тарихдан яхши маълум, – дейди олим Шаҳид Таслим. – Ҳиндистонда Бобур ва унинг авлодлари ҳукмронлик қилган даврларда юртингизнинг минглаб илм-фан арбоблари ҳам у ерни ўзларига Ватан қилиб, ҳиндистонликлар билан иноқ, дўст бўлиб яшашган. Шу боис бугун ҳам ҳинд диёрида яшаётган кишилар Ўзбекистонга келишни жуда хоҳлашади ва ўзбек тилини ўрганишга қизиқишади. Бинобарин, ўзбек диёри ҳамиша дунё цивилизацияси бешикларидан ҳисобланади.


ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here