Долзарб мавзу
Яқинда ижтимоий тармоқларда русийзабон киши “Алиса”га қўнғироқ қилиб, мусулмонлар Янги йилни байрам қилиши мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўрагани, “Алиса” бунга ҳадислардан мисоллар келтириб жавоб бергани борасидаги овозли қайд тарқалди.
 
Бу овозли қайд аксарият мўмин-мусулмонларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Нега? Чунки муқаддас Ислом динининг асосини одоб ташкил этади. Бунга ояти-карималар ва ҳадиси шарифлардан исталганча далил келтириш мумкин. Динимизда ҳар бир саволга жавоб бор. Ҳар бир масаланинг фатвоси берилган. Ҳатто савол сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари, тартиб-қоидалари бор.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган ўша савол-жавоб динимизнинг қайси жиҳатларига тўғри келади? Нега шунча уламолар туриб, айнан “Алиса”дан Ислом динида Янги йилни нишонлаш мумкин ёки эмаслиги ҳақида сўралди? Бу савол нима мақсадда сўралди ва нега айнан ижтимоий тармоқларда тарқатилди?
САВОЛ КИМДАН СЎРАЛАДИ ЁКИ ФАТВО БЕРИШГА КИМ ҲАҚЛИ?
Диний саволлар, фатволар илмли, тақволи ва адолатли кишидан сўралади. Бу ҳақда машҳур ҳанафий фақиҳ Ибн Обидин “Раддул Муҳтор” китобида: “Фатво аҳли ижтиҳод ва адолат билан танилган ва одамлар уни улуғлаб, фатво сўраб турган кишидан сўралади. Агар ижтиҳод ва адолатдан бирортаси бўлмаса, фатво сўралмайди”, деган.
Шу билан бирга, динимизда савол берувчига қуйидаги ишлар тақиқланади:
– кўп савол сўраш;
– динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш;
– воқеликда йўқ нарсани сўраш;
– саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш;
– бошқалардан устун келиш учун қайсарлик ила сўраш;
— бир олимдан сўрагандан кейин бошқасидан яна ўша саволни сўраш;
– енгил фатво берадиган одамни излаб топиб сўраш ва ҳоказо…
Динимиз ғоят гўзал. Масаланинг фақат бир жиҳатини эмас, балки ҳамма томонини ҳисобга олган. Яъни фақат савол берувчига эмас, балки жавоб берувчи (Фатво берувчи)га ҳам муайян мажбуриятларни юклаган.
Фатво берувчида қуйидаги сифатларга эга бўлиши шарт:
– мухлис, тақводор мусулмон бўлиши;
– ақлли бўлиши;
– балоғатга етган бўлиши;
– адолатли бўлиши (яъни шариат кўрсатмаларидан чиқмайдиган бўлиши. Чунки фатво Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳақида хабар беришдан иборат. Фосиқнинг хабари дин соҳасида қабул эмас).
– ижтиҳод (Имом Шофеъий бу ҳақда қуйидагиларни айтган: “Фақат қуйидагиларни ўзида жамлаган кишигина Аллоҳнинг динида фатво бериши мумкин: Аллоҳнинг Китобини, унинг носихи ва мансухини, муҳками ва муташобиҳини, таъвийли ва танзийлини, маккийсини ва маданийсини яхши билган бўлиши ва ундан нима ирода қилинганини ҳам билиши керак. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини чуқур ўзлаштирган бўлиши керак. Ҳадисдан ҳам Қуръондан билган нарсаларни билмоғи лозим. Араб тилини ва шеъриятини яхши билмоғи керак. У нарсаларни инсоф ила ишлатиши шарт. Турли диёр уламоларининг ихтилофларини ҳам англаб етган бўлиши лозим. Шу билан бирга, ўткир зеҳнли бўлмоғи ҳам керак. Ана шундагина гапириши ва ҳалол ҳамда ҳаромдан фатво бериши мумкин. Бўлмаса, жим турсин”.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Бирор жойни қидириб йўлга чиқсагу, бироқ борар еримиздан адашсак, дуч келгандан одамдан, ҳатто йўл бўйидаги пистачидан ҳам, тиланчидан ҳам борар манзилимизни сўрайверамиз. У қаерни кўрсатса, шу ёққа интиламиз: ўнг деса, ўнгга; сўл деса, сўлга буриламиз. Манзилни тезроқ топиб олиш илинжида сўзсиз унинг гапларига итоат этамиз.
Лекин диний соҳада бирор-бир савол туғилса, нега юртимиз уламолари сайлаб қўйган Муфтий ҳазратларининг фатволарига, бутун Ислом олами эътироф этган аллома Шайх ҳазратларининг жавобларига шубҳа билан қараймиз.
Нафсимизга эргашиб, кўпнинг кетидан қолмасдан динимизга алоқаси бўлмаган қаёқдаги “Алиса”ларнинг Янги йил ҳақидаги гапларига қулоқ тутамиз, уларнинг йўриғига юрамиз… Ахир, Аллоҳ таоло бизни ҳайвондан ақлимиз билан фарқлади-ку! Наҳотки, тафаккур қилмаймиз, калламизни ишлатмаймиз?!
ЯНГИ ЙИЛ ҚАНДАЙ БАЙРАМ?
Ҳар доим милодий йил поёнига етаётганда, мўмин-мусулмонлар орасида бир савол – “Янги йил қандай байрам?” такрорланаверади. Бу саволнинг жавобини кўп марта эшитганмиз.
Ҳар бир сананинг, байрамнинг ўзига яраша тарихи бор. Шу жумладан, Янги йилнинг ҳам. Янги йил Римда Юлий Цезар томонидан жорий этилган. Кейинчалик бу байрам аста-cекин Римга тобе халқлар орасида тарқалиб, қадрият сифатида шакллана борган. Шу тариқа Юнонистон, Миср, Яқин шарқ мамлакатлари ва Европанинг жанубий ҳудудларида кенг ёйила борган.
Маълумотларга кўра, халқимизда бу байрам 19 асрдан нишонлана бошланган. 1947 йилда СССР Олий Совети Президиумининг қарори билан 1 январь куни байрам куни деб эълон қилингач, Ўзбекистонда Янги йил расман нишонлана бошланган.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида эса Янги йил деярли ҳар бир хонадонда, ташкилотларда кенг нишонланиши кузатилади.
1991 йилда Ўзбекистонда мустақиллик эълон қилингач ҳам Янги йил байрами расмий байрам сифатида сақлаб қолинди.
Кўпчилик мўмин-мусулмон юртдошларимиз Янги йилни байрам қилмаслик керак, у бошқа дин вакилларининг байрами, дейишиб далил сифатида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Ким бирор қавмга ўхшаса, у ўшалардандир” (Имом Ибн Можа ривояти), деган ҳадисни келтирадилар.
Аслида-чи: аслида ҳам шундайми?
Мўмин фаросатли, ҳар бир масаланинг моҳиятига эътибор қаратадиган, ҳар бир ишдан эзгулик ва савобни кўзлайдиган кишидир. Шундай экан, йил поёнида бир йиллик фаолиятни сарҳисоб қилиш, камчиликлардан хулоса чиқариб, муваффақиятларга шукрона келтириш, Янги йилда янги режаларни тузиб олиш мақсадида шукрона дастурхони ёзишнинг нимаси ёмон?!
Ёки йилнинг исталган санасида халқимиз таъбири билан айтганда, Худо берган куни маст қилувчи ичимликлар ичиб, оғзига келган сўзни сўзлаб, ҳамманинг асабига тегиб юришни динимиз қаттиқ ва қатъий қоралайди. Демак, ҳар бир нарса ният ва мақсадга боғлиқ. Бежиз мўътабар ва ишончи ҳадис китобларида биринчи ҳадис: “Ҳар бир амал ниятларга кўрадир”, деб бошланмаган.
ЯНГИ ЙИЛДАН “РОЖДЕСТВО”НИНГ ФАРҚИ НИМАДА?
Кўпчилик Янги йил римликлар илоҳи Янус шарафига жорий этилганини билишмайди. Аксинча, бу байрам насронийларники эканини биладилар. Ҳақиқий насронийлар бу байрамни расман нишонламайди, бу байрамга қарши чиққанлар.
Насронийлар нишонлайдиган байрам “Рождество”дир. Унда Исо алайҳиссалом туғилган кун байрам қилинади. “Рождество” янги тақвим бўйича католиклар ва протестантларда 25 декабрда, Рус, Серб, Арман-григорян, шарқий католик черковларида эса юлиан тақвими бўйича 25 декабрь – янги григориан тақвими бўйича 7 январда нишонлашади.
“Рождество”ни нишонлаш мусулмон кишига тўғри келмайди. Лекин сонияларни, дақиқаларни, соатни, кунни, ойни, йилни, асрни айлантирадиган христианлар эмас, Исо Масиҳ ҳам эмас, балки христианларни ҳам, Исо алайҳиссаломни ҳам, мусулмонларни ҳам яратган Аллоҳ таолодир!
АРЧА БЕЗАТИШ МУМКИНМИ?
Янги йил учун арча безатиш одатини ҳаётга татбиқ қилган инсон германиялик Мартин Лютердир. Узоқ муддат сафарда юриб, байрам арафасида ярим тунда уйига қайтган Мартин оила аъзоларига “сюрприз” тақдим қилиш мақсадида “абадият дарахти” номи берилган дарахтни олиб келади. Уни безатишади, чироқлар қўйишади ва бу иш кўпчиликка манзур бўлади.
Аслида арчани безатиш диний нуқтаи назардан эмас, балки соғлиқ жиҳатидан фойдалидир. Чунки арча нафақат соғлиқ, айни пайтда ёғоч ўймакорлиги, нақшлар солиш, эшик-деразалар ясашда ҳам кенг қўлланилади. Арчада соғлиқ учун фойдали омиллар бисёр. Мисол учун, арчада эфир мойи, қатрон, қанд, мум ва органик кислоталар кўп. Арча қуббасининг дамламасида сийдик ҳайдовчи, балғам кўчирувчи ва овқат ҳазм қилувчи хусусиятлар бор. Шу нуқтаи назардан болаларнинг яқин йўлаши учун арчага турли ўйинчоқлар, ширинликлар илиб қўйилади. Мақсад болалар арча атрофида ўйнашиб, унинг соғлиқ учун фойдали микроэлементларидан баҳра олишидир.
Нафас олиш йўлларида шикояти бор бирор танишимиз сиҳатгоҳда даволанаётган бўлса, зиёрат қилгани борганимизда, сиҳатгоҳ атрофида турли арчаларнинг баравж ўсаётганига гувоҳ бўлганмиз. Шу арчаларнинг атрофга таратаётган хушбўй ҳидларидан баҳраманд бўлганмиз.
Мутахассисларнинг айтишича, бир гектар майдонга ўтқазилган арча дарахтлари бир кунда бутун бошли шаҳарнинг ҳавосини тозалаб бериш хусусиятига эга экан.
ХУЛОСА
Янги йил байрамини нишонлаш ҳар кимнинг ўз ихтиёрига ҳавола этилади. Эзгу ниятда, динимиз кўрсатмаларига мос, поёнига етган йилни сарҳисоб қилиш, янги йил учун янги режалар тузиб олиш мақсадида оила даврасида шукрона дастурхони ёзишнинг зарари йўқ. Лекин Аллоҳ таоло ман қилган нарсаларни истеъмол қилиш, шариатимиз кўрсатмаларига зид ишларни бажариш нафақат муайян саналар, байрамлар арафасида, балки ҳеч қачон мумкин эмас.
Иброҳимжон ИНОМОВ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here