Қурбонлик Аллоҳ таоло учун бир жонлиқ сўйиб қилинадиган ибодатдир. Унинг замирида эса, давлатманд кишилар томонидан муҳтожларга хайр-эҳсон қилиш ётади. Бу билан жамият аъзолари ўртасида илиқлик қарор топиб, ҳамжиҳатлик ришталари янада мустаҳкамланади.Қурбонлик қилиш закот, садақаи фитр каби молиявий ибодатдир.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Умматларимнинг яхшиси қурбонлик қиладилар ва умматларимнинг ёмони қурбонлик қилмайдилар”. Шу ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, хос умматлар қурбонлик қилишади, аксинча эътиқодсизлар бунга қулоқ солишмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.айтдилар: Қٍўлларингдан пичоқларингни ташлагач, сўнгра икки ракаат намоз ўқинглар. Бас албатта кимки икки ракаат намоз ўқиса ва Аллоҳ таолодан нимани сўраса уни беради. Намоздан кейин: — Аллоҳим, албатта менинг намозим, қурбонлигим, тириклигим ва ўлимим оламларнинг роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир. Ундан ўзга илоҳ йўқ, мен шу нарсага буюрилдим ва мен мусулмонларнинг аввалгилариданман”, деб дуо қилиш керак.Қурбонлик Аллоҳ таоло томонидан бизга вожиб қилинган амалдир. Кимки уни бажарса демак у Аллоҳга яқин бўлибди. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳам қурбонлик қилишган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар очарчилик туфайли қийинчиликка дучор бўлган йиллари қурбонликнинг гўштини уч кундан ортиқ сақлаб туришни ман қилганлар. Мазкур ҳолат ўтиб тўқчилик бўлганда эса, ҳам ўзлари еб, ҳам ўзгаларга бериб, ҳам сақлаб қўйишга рухсат берганлар.Ушбу ҳадиси шарифга биноан, уламоларимиз, оддий ҳолатларда Қурбонликнинг гўштини учга бўлиб, бир қисмини егани, иккинчи қисмини камбағалларга бергани, учинчи қисмини сақлаб қўйгани яхши, дейдилар. Муҳтожлар кўпайганда эса, уларнинг риоясини қилиш зарурдир.Қурбонликни ўз қўли билан сўймоғи нур устига аъло нур бўлади. Уни сўяётганда: “Аллоҳнинг исми билан, Аллоҳ улуғдир, Аллоҳим буни мендан қабул эт” деб дуо қилади.Иброҳим алайҳиссалом ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламлар ўз қўллари билан қурбонлик қилишган.

Қурбон ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга тавфиқу рушди ҳидоят тилашади. Қариндош-уруғларни, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда шундай хайрли ишлар ҳар бир эзгу ниятли кишиларнинг қалб эҳтиёжига айланади.

Қурбон ҳайити байрам бўлгани учун бу кунларни ўзига хос, муносиб ҳолда ўтказиш лозим.

Барчаларимизнинг Аллоҳ йўлида сўйган қурбонликларимизнинг савобини олишлик насиб этсин.

 

  

Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи”  жомеъ масжид имом хатиби  З.Абсаломов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here