Аллоҳ таоло барча жонзотлар қатори инсоннинг ҳам ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлиб, шариатимиз бизларга ўша ризқни ҳалол-пок йўл билан топишни буюради.

Муқаддас динимизда ялқовлик, ишёқмаслик, бекорчилик, танбаллик, бошқа инсонлар қўлига қараб туришлик, гадойчилик каби иллатларни қоралайди.

Аллоҳ таоло ҳалол ризқ топишлик хусусида шундай мархамат қилади: Бас, қачонки, номоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи) дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз (Жумъа, 10).”

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир оятида: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара, 172) деб, яратган нарсалари орасидан фақат покизаларини истеъмол қилишга буюрган бўлса, бошқа бир оятида ўша покиза ризқни нопок йўллар билан ейишдан қайтариб: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно”, деган (Нисо, 29).

Аллоҳ таоло кеча ва кундузни таърифлаганда: “Кечани (барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик”, дейди (Набаъ, 10–11).

Демак, ризқ талабида саъй-ҳаракат қилиш шаръан матлубдир. Имом Байҳақийдан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деганлар: “Ким тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Мўмин киши халол касб хунар қилар экан, аввало ўз аҳли оиласи ва фарзандлари нафақасини таъминлайди. Бундан ташқари ота – оналарига, қариндошларига силлаи рахм қилади ва эхсон садақалар беради.

Алхамдулиллоҳ юртимизда халол ризқ топиш учун қилинадиган касблар бисёр, хохлаган киши савдо қилиши, дехқончилик қилиши, чорвадорлик қилиши ва бошқа сохаларда меҳнат қилишига кенг имкониятлар яратилган. Халол касб – хунар билан ризқини талаб қилувчи киши хеч қачон бировга мухтож бўлмайди, қилаётган касбидан барака топади.

Ҳар бир мўмин-мусилмон учун Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз (Саллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг кўрсатган йўли халол меҳнат қилмоқликдир. Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари инсоният учун катта ўрнакдир. Улар ризқ Аллоҳданлигини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълум, Одам (а.с.) деҳқончилик, Нуҳ (а.с.) дурадгорлик, Довуд (а.с.) темирчилик, Идрис (а.с.) эса хаттотлик билан шуғулланганлар.

Ўз касбига муҳаббати бор инсон меҳнатдан чарчамайди, балки роҳатланади. Меҳнатининг самарасини кўрганда барча чарчоқларини унутади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, ўзини бахтли деб ҳисоблайди. Шунинг ўзигина эмас, балки Аллоҳ таоло томонидан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади. Ҳадиси шарифда: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, дейилган.

Бундан ташқари, ҳалол касб қилиш ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, инсоннинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорат ҳам бўлади. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қилинган.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақат ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди; ажру савоб ҳам шунга қараб берилади; ҳаром, нопок ризққа азоб беради ва у сабабли жазолайди. Ҳуд сурасида: “Ерда ўрмаловчи бирор нарса (жонзот) йўқки, унинг ризқи (таъминоти) Аллоҳнинг зиммасида бўлмаса! (У) унинг қароргоҳини ҳам, оромгоҳини ҳам билур. Ҳаммаси аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз) да (ёзилган) дир”, дейилган (6-оят).

Яъни, ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт қумурсқа ва бошқа жонзотлар борки, уларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Бу махлуқотлар орасида мўмин инсон Аллоҳнинг амрига биноан доимо пок нарсани ейди, бу илоҳий амр унинг фойдаси учундир. Имом Аҳмад, Имом Насаий ва Ибн Можа Савбондан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилишади: “Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқидан маҳрум бўлади, қадарни дуогина ўзгартиради, умрни эса яхшилик узайтиради”. Улуғ ватандошимиз Абул Баракот Ҳофизуддин Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий (ваф. 701 ҳ.) машҳур асарлари – “Мадорикут танзил” тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилганлар: “Инсон қилган гуноҳлари эвазига хотирасидан ҳам айрилиб боради”.

Аллоҳ таоло: “Кундузни эса тирикчилик (вақти) қилдик”, дейди( Набаъ, 11). Бу ҳам маош, ризқу рўз топиш учун ҳаракат қилиш зарурлигини билдиради. Ўша ҳаракатга касб қилиш дейилади. Уламоларимиз касбни шундай таърифлашади: “Касб мақсадни ҳосил қилиш учун ҳаракат этиш ва унга сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир”.

Буюк ватандошимиз Ҳаким Термизий Муовия ибн Қуррадан ривоят қилади: Умар ибн Ҳаттоб бир гуруҳ одамларга йўлиқиб қолиб: “Сизлар кимсизлар?” деб сўради. “Таваккул қилувчилармиз”, дейишди. “Йўқ, сизлар текинхўрларсиз, таваккул қилувчи аввал донни ерга сепиб қўйиб, кейин Аллоҳга таваккул қилади”, деди.

Бу ўринда таваккул қилиш билан бирга сабабларини ҳам пухта бажариш кераклиги баён қилинмоқда. Ҳазрат Умардан (розийаллоҳу анҳудан) ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилсангиз, У Зот оч кетиб, тўқ қайтадиган қушларни ризқлантиргани каби сизларни ризқлантиради”, дедилар”.

Буҳадиси шарифда, агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда ризқ берган Розиқ субҳанаҳу ва таоло уларга ҳам ризқ бериши аниқ экани ҳақида сўз кетмоқда. Фақат, қуш уясидан чиқиб, ризқини топишга ҳаракат этганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилишлари лозим.

 

Чориев Маъсидхон Термиз шаҳри “Мурч бобо” жомеъ масжиди имом ноиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here