Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70-оят).
Муҳаммад (с.а.в.) сиз билан биз умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун Пайғамбар (с.а.в.) умрларининг охиригача ўз умматларини илоҳий таълимот асосида рушду ҳидоятга бошлаб, нафс ва шайтон йўлларидан қайтариб ўтдилар.
Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ҳажжатул-вадоъ”даги хутбаларида бундай деганлар:
“Эй одамлар, албатта бир-бирингизни қонларингизни тўкишлик, молларингизни ноҳақ ўзлаштиришлик ва обрўларингизни тўкишлик сизларга ҳаромдир. Худди ушбу арафа кунингиз ва бу зулҳижжа ойингиз ҳурматли бўлгани каби. Огоҳ бўлингиз, сизлардан ҳозир бўлганлар ушбуларни ғоибларингизга етказсин. Эй одамлар, (сизларга) етказдимми”. (Имом Бухорий ривояти).
Бу ҳадиси шарифда Расули акрам (с.а.в.) ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи муқаддас эканини баён қилдилар. Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики:
“Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида, 32-оят). Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:
Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ҳам турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишни шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаган.
Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади. Абу Дардодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Барча гуноҳларни Аллоҳ таоло кечириши мумкин, бироқ Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлган кишини ва бир мўминни қасдан ўлдирган мўминнинг гуноҳини кечирмайди”. (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).
Бошқа бир ҳадисда Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш) да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради”. (Имом Термизий ривояти).
Сўнги вақтларда юртимизнинг айрим минтақаларида баъзи кишилар билиб-билмай, ўз жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Бунинг сабаблари ўрганиб чиқилганда маълум бўлмоқдаки, оилавий ишларда, хусусан қайнона келин муносабатларидаги зиддиятлар туфайли, ёш келинларимиз сабрсизлик оқибатида, тушкунликка тушиб ушбу оғир гуноҳга қўл ўришгача бормоқдалар. Эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан хиёнатлари оқибатида ҳам аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бундай гуноҳга қўл уришдан биз ўзларимизни, фарзандларимизни сақлашимиз лозим. Аллоҳ таоло айтади:
“…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш)қилувчиларни яхши кўради”, (Бақара сураси, 195-оят).
Ўз жонига қасд қилишнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларида ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилиб, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу ҳадиси шарифларини келтирадилар: “Ўзини-ўзи бўғиб ўлдирган киши дўзахда ҳам шу хилдаги азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам ўзини худди шундай азобга солади”. Яна Имом Бухорий ривоят қиладилар, Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло номидан марҳамат қиладилар: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрига шукр қилмай, менга шошилди. Шунинг учун жаннатни унга абадий ҳаром қилдим”.
Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан. Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган.
Ўзингиз ҳам яхши хабардорсиз, ўзини-ўзи ўлдирган кишининг жанозасини ўқиш пайтида ҳар хил гап-сўзлар чиқа бошлайди. Бу бежизга эмас, сабаби фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар. Бу жиноятни амалга ошираётган шахс ва иродаси сустларга кескин огоҳлантиришдир.
Чориев Низомиддин Термиз шаҳар бош имом хатиби