Никохни эълон қилиш ва бошқа бир неча хайрли мақсадларда тўй қилиш динимизда тавсия қилинган амаллардан хисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в) оналаримизга уйланганларида ўша вақтнинг шароитидан келиб чиқиб, ўзлари оддий ва содда тўйлар қилганликлари маълум ва машхур. Анас (р.а) ривоят қилган хадисда “Расулуллоҳ (с.а.в) Хайбар билан Мадина орасида уч (кун) турдилар ва София бинту Хуяйга уйландилар. Мен мусулмонларни валийма тўйига даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сариёғ ташланди. У зотнинг валима тўйлари шундан иборат эди ” деганлар. Ушбу зикр қилинган ва бошқа зикр қилинмаган далиллар эътиборидан, уломолар жумҳури  “Никоҳ тўйи мустахабдир” деганлар. Никоҳ тўйининг шариатга киритилишининг бир неча хикматлари бор. 1.Никох тўйи одамлар орасида никохни эълон қилишдир. Одатда совчилик ва қудачиликдан кўпчилик хабардор бўлмайди. Ақди никоҳ маросимида эса бир неча кишиларгина иштирок этадилар. Одамлар келин-киёвни бирга кўрганларида хар хил фикрга бормасликлари, булар нимага бирга юрибди экан? демасликлари учун никоҳ тўйи эълон қилинади.

  1. Никоҳ тўйини эълон қилишда баъзи мусиқа овозлари ҳам ишлатилиши ва шариат кўрсатмалари доирасида кўнгилхушлик қилиш орқали, келин-киёв ва уларнинг барча яқин қариндошлари қалбига қувонч бағишлаш бордир.
  2. Никох тўйи туфайли кишилар орасидаги ижтимоий алоқалар ривожланади, уларнинг орасидаги биродарлик мустахкамланади, мехр ва мурувват зиёда бўлади.
  3. Никох тўйи орқали мусулмонлар орасидаги ижтимоий тенглик йўлга қўйилади. Тўйга камбағалларни таклиф қилишга алохида эътибор берилади. Абу Хурайра (р.а) “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, камбағаллар чақирилмаган валима тўйнинг таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батахқиқ, Аллохга ва унинг Расулига осий бўлибди” дер эди.
  4. Никоҳ тўйи қилиб, кўпчиликни чорлашдан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмонлар жамоасининг янги оила ва келин-киёв хаққига дуоларидан умидворликдир.

Аслида никох тўйини қилишлик эр тарафнинг вазифаси хисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в) оналаримизга уйланганларида барча холатларда, ўша вақтнинг имкониятидан келиб чиқиб, ўзлари никох тўйи қилганлар. Бирорта онамизга “Отанга айт, тўй қилиб берсин” демаганлар. Зотан, ўзини   эр билган одамга бу гапни айтиш ордир. Анас (р.а) ривоят қилган хадисда “Пайғамбаримиз Абдурахмон ибн Авф (р.а) да сариқ ранг асарини кўриб, “Бу нима”- дедилар. Бир аёлга данак вазнидаги тилло (махр бериб) уйландим деб жавоб берди. Шунда у зот Аллоҳ таоло сенга барака берсин, бир қўй билан бўлса ҳам тўй қилинг” деб уйланган эркак сахобага никох тўйини қилиб беришини буюрганлар.

Никох тўйини қилишни, камбағал бўлса ҳам, ўз киёвлари   Али ибн Абу Толиб (р.а)га топширганлар. Демак ким уйланадиган бўлса, кучи етганча, ўзини ортиқча уринтирмасдан тўй қилиб бериши суннатдир Қадимдан катта бир хурсандчилик бўлган тўйни, хозирги кунда ўзимиз учун жиддий ташвишга айлантирдик. Тўйга қўшимча маросимлар, хар хил сарполар, ўнлаб тоғоралар қўшдик. Ўғлини уйлаш, қизини узатишни ўйлаб, оталарнинг хатто соғлиги ёмонлашиб қолмоқда. Аввало, эркакка эркак бўлганлиги учун никох тўйи қилиш юклатилган. Зотан, янги қурулган оила унинг номидаги оила бўлади. Мазкур оиланинг бошлиғи айнан эркак бўлади. Хотини қилиб берган тўй эркакка шараф эмас, ор-номус бўлади. Иккинчидан, бир қиз ота-онадан туғулиб, унинг тарбиясини кўриб, энди вояга етганда уларни ва бошқа оила аъзоларини ташлаб, бошқа тарафга ёлғиз ўзи бориб, янги оилага аъзо бўлишга рози бўлишининг ўзи киёв ва унинг оиласи учун шарафдир. Бу билан киёв ва унинг оиласининг жамиятдаги обрўси ошади. Бунга  эса айнан келин сабабчи бўлади. Аслида динимиз енгиллик дини, хамма масалада бўлгани каби, тўй масаласида хам имкон борича мўътадил   йўл тутилади.

Аллоҳ таоло Нур сураси 32-оятида “ Сизларнинг орангиздаги тул ( эркак ва аёл) ларни хамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринг. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллох таоло уларни ўз фазли билан бойитур. Аллох (фазли карами ) кенг ва доно зотдир” деган.  Ханафий мазхабига кўра, уйланиш- уйланмасдан умрини ибодатда ўтказишдан афзал, балки суннатдир. Ояти каримада камбағал бўлганлар турмуш қурганларидан сўнг бой бўлиши хақида айтилмоқда. Бунинг устига, уйлангунча бўш, ялқов бўлган йигитлар, уйлангандан кейин ғайратли, харакатчан бўлиб қолишлари кўп кузатилган.Лекин никох суннати эълони бўлган тўй қилишни обрў мусабақасига айлантириш, тўйда турли исрофгарчиликлар қилиш динимизда қораланади ва бу ишдан қайтарилади. Аллоҳ таоло Анъом сураси 141-оятида “ Исроф қилманг! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди” деган.  Бугунги кунда бу ояти каримани тушунишга жуда мухтожмиз. Расулуллоҳ (с.а.в) “Никоҳнинг баракалиси сарф харажати камроғи” деб турганида сарф харажат қилиш учун мусабақа қилсак, хатто кучимиз етмай қолганда катта-катта қарзларни бўйнимизга олсак, биз қандай уммат бўлдик. Йиллар давомида емай-ичмай йиққан маблағни ва бунинг устига олган қарзларини бир кунда исроф қилиб сарфлаб, кейин йиллар давомида қарз тўлайди. Аллоҳ таоло неъмат берган кишилар исроф қилмасдан ўзларига яраша тўй қилишса, бунга шаръан таъқиқ йўқ. Лекин уларга етаман деб, камхаражат одамлар ўзларини қийинчиликка қўйиши соғлом ақл эгаларига тўғри келмайди.

 

Жарқўрғон туман бош имом хатиби  А.Халилов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here