Пайғамбаримизнинг мерослари
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қолдирга моддий мерослари йўқ эди. Вафот этганларида олтин ва кумуш жинсидан ҳеч бир мулклари чиқмади. Фақатгина бир кумуш муҳр бор эди. Устида Муҳаммадур Росулуллоҳ ибораси ёзилган эди. Бу муҳрни Расули Акрамдан кейин халифалардан Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳазратлари ишлатишди. Садрларининг (ўтириш ёки ўтиш мосламаси) оёқлари ёғочдан эди. Расули Акрам бунинг устида ётар эдилар.
Бундан ташқари Расули Акрамдан бир неча қурол-яроқ ва бир оқ хачир қолган эди. Расулуллоҳнинг бир боғлари Фадақ ва Ҳайбар майдонида ҳиссалари бор эди. Расули Акрам бу ер майдонларини ҳаётлик чоғларида вақф этганлар. Бу ер майдонидан келаётган фойданинг кўпи элчиларга, меҳмонларга, қарздорларга сарф қилинарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо ҳужрасидаги бир неча ашёларни вафотларидан олдин тасаддуқ этганлар.
Пайғамбаримизнинг бир неча меросхўрлари бўлиб улар қизлари Фотима, муҳтарама завжалари, амакилари ҳазрати Аббос эди. Ҳазрати Фотима онамиз Абу Бакр розияллоҳу анҳуга одам юбориб, оталарининг Мадинада, Фадақда ва Ҳайбарда қолдирган ерларидан мерос ҳиссасини талаб қилди. Ўшанда Халифа Расули Акрамнинг “Биз Пайғамбарлар мерос қолдирмаймиз нимаики қолдирган бўлсак садақадир” деган ҳадиси шарифга суяниб ҳазрати Фотимага ҳеч нарса бермади. Саййидул мурсалийн дунё ҳаётидан кимсага бирор нарса қолдирмасдан охират ҳаётига сафар қилдилар. Дунёга қандай келган бўлсалар ўшандай кетдилар. Бироқ инсониятга буюк маънавий меросни – Ислом динини қолдириб кетдилар. Биз Пайғамбаримизнинг бу буюк маънавий меросларини ўқиб ўрганиб, амал қилиб келажак авлодларга етказишимиз лозим.
Икром Солиев