Хотира ва қадрлаш халқимизнинг асрий қадриятлари ва улуғ фазилатларидандир. Хотира-аждодларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Истиқлолнинг илк йилларидан эл-юртимиз тақдирига даҳлдор, аждодларимизнинг эзгу ишлари, жасоратини улуғлаш ва абадийлаштиришга эътибор қаратилиб келинмоқда. Ушбу кунларда ўз ватанини ҳимоя қилишда жонини фидо қилган ва асрлар давомида халқ орзу қилган эркинлик учун курашган миллий қаҳрамонларимизнинг руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир. Инсоният иккинчи жаҳон урушида қатнашган, бу аёвсиз жангу-жадалларда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини асло унутмайди. Бинобарин, хотира бу унутмаслик деганидир.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтган яхшиларни хотирлаш, уларнинг қабрларини зиёрат қилиш, ҳақларига хайрли дуолар қилиш суннат ва мустаҳаб амаллардан саналади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам жангларда шаҳид кетган асҳобларини зиёрат қилиб турардилар. Марҳумларни эслаб, ҳақларига дуо қилиш, қабристонларни зиёрат қилиш, ўтганлар учун истиғфор айтиш савобу улуғ ишлардандир. Ҳадиси шарифда: “Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро, у сизларга охиратни эслатади” дейилади. (Имом Термизий)

Қуръони карим мусулмон умматини ўз ўтмишдошларини хотирлаб, ҳақларига мағфират сўраб дуода бўладиган уммат дея таърифлаган. Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади: Улардан кейин келганлар “Роббимиз! Бизларни ҳам, биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни ҳам мағфират қилгин ва бизнинг қалбимизда иймон келтирганларга нафрат солмагин. Эй Роббимиз! Албатта Сен ўта шавқатли ва раҳмлисан” (Ҳашр сураси 10 оят). Ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ришта намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ўзидан аввал ўтиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақига хайрли дуолар қиладилар.

 

Хотира бор экан, тирикдир миллат.

Тирикдир ифтихор, тирикдур ғурур.

Хотира-элни халқ этгувчи қудрат,

Хотира эртани ёритувчи нур.

 

 

Олтинсой туман “Раҳмонберди ҳожи”

жомеъ масжид имом хатиби:                                                            З.Абсаломов 

 

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here