Бутун турк дунёси Алишер Навоийни «шамс ул-миллат» — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Алишер Навоий улуғ ўзбек ва бошқа туркий халқларнинг шоири, мутафаккири ва давлат арбоби бўлган. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир. У ҳақидаги биографик маълумотлар, деярли барчаси тўлиқ сақланиб қолган. Халқ ичида бу зотнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ ривоят ва афсоналар ҳам талайгина.
Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон диёрининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб номлаганлар. «Низомиддин» — дин низоми деган маънони билдиради. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган «мир» — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган.
Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Алишер болалик чоғлари кўп китоб ўқиди. Эски мактаб, мадрасада Қуръон суралари ёд олинар, қироат усуллари ўргатилар зди. Демак, Алишер болалик чоғлариданоқ Қуръони каримни ёд олган. Унинг қувваи ҳофизаси жуда кучли эди. Шоир болалигида Қуръондан ташқари Фаридуддин Атторнинг «Мантиқут тайр» достонини ҳам ёд олган. Навоий йигитлик чоғлари 50 минг байт ғазални ёд билган экан.
Навоийнинг ҳар бир фаолияти Қуръони карим ояти карималарида қайд этилган фикрлар билан мос келади. Бақара сурасининг 110-оятида:
وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ وَآَتُوا الزَّكَاةَ وَمَا تُقَدِّمُوا لِأَنْفُسِكُمْ مِنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِنْدَ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
“Намозни баркамол ўқингиз ва закотни берингиз! Ўзингиз учун нимаики яхшилик қилган бўлсангиз, уни (яъни савобини) Аллоҳ ҳузурида топажаксиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”, дейилган. Муфассирларимиз оятдаги “яхшилик”дан мурод намоз, закот ва садақадир деганлар. Бу ишларда ҳам Алишер Навоий фаол бўлган. Навоий намозни ҳамиша қоим қилган зотдир. «…Бу обидлар ва бандалар паноҳининг жума намозини ва бошқа намозларни жамоат билан ўташда ғайрати шу даражага етган эдики, Марғани боғида ғоятда зийнатли бир масжид бино қилиб, ўз замонининг атоқли қориларидан Хожа Ҳофиз Муҳаммад Султоншоҳни имом белгилади ва ўзи у ерда беш вақт намозга ҳозир бўларди». Закот ва садақаларни ҳам ўз ўрнида, ўз вақтида, ўз меъёрида амалга ошириб келганки, кўплаб хабарларда унинг хайр-саховати тилга олинади.
«Мантиқут тайр» достони бу дунёнинг ўткинчилигини, чинакам бахт Аллоҳ жамолига эришиш эканини тасвирловчи достон эди. Бу достон Навоий дунёқарашининг шаклланишида жуда катта омил бўлди. Навоий Самарқандда ўқиш чоғлари тасаввуф илмининг йирик вакили Хўжа Аҳрор билан учрашди. Бу учрашув, ундаги суҳбатлар оқибати шу бўлдики, Навоий тасаввуф томон юз бурди, нақшбандия тариқатини қабул қилди.
Навоий Ўрта Осиё ва Хуросонда Хўжа Аҳрордан кейинги бой-бадавлат одам эди. Навоийнинг бир кунлик даромади 18 минг шоҳруҳий динор эди. Навоий бу бойликни масжидлар, мадрасалар, кўприклар қуришга, мискинларга емак ва кийим-бош беришга, талантли кишиларни қўллаб-қувватлашга, хуллас, эл-юрт ишларига сарф қилган.
Бақара сурасининг 265-оятида:
وَمَثَلُ الَّذِينَ يُنْفِقُونَ أَمْوَالَهُمُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاةِ اللَّهِ وَتَثْبِيتًا مِنْ أَنْفُسِهِمْ كَمَثَلِ جَنَّةٍ بِرَبْوَةٍ أَصَابَهَا وَابِلٌ فَآَتَتْ أُكُلَهَا ضِعْفَيْنِ فَإِنْ لَمْ يُصِبْهَا وَابِلٌ فَطَلٌّ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
“Молларини Аллоҳ розилигини истаб, самимий дилларидан чиқариб сарф қиладиган кишилар адирдаги боққа ўхшар: унга жала қуйгач, ҳосилини икки баробар етиштирар. Агар унга жала ёғмаган бўлса, томчилаб ёққан ёмғир ҳам (ўзига яраша ундирар). Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир”, дейилган. Навоий бутун бойлигини эл-улус манфаати йўлида сарф қилган. Хондамир, бундай ёзади: “Чунончи, бу ислом таянчларини юқори кўтариб мустаҳкамлаш намозда қоим бўлишга ҳаракат қилиш эди, закот ва садақалар адосига ҳам саъй ва ғайрат кўрсатиш эди, балки бу сўзларни ёзувчининг ишончи шудирки, ҳеч қачон ул ҳазратнинг хазинасида йил давомида закот бериш вожиб бўларли миқдордаги маблағ тўпланиб турмасди. Чунки мулозимларнинг қўлига нимаики тушса, тездан кишиларга инъом бериш йўли билан сарф қилинар ёки хайрли бинолар барпо қилишга кетарди”.
Ҳусайн Бойқаро Хуросон тахтига ўтиргач (1469), Навоий ҳаёти ва ижодида янги босқич бошланади, муҳрдорлик (1469) мансабига, вазирлик (1472) ва Aстробод ҳокимлиги (1487)га тайинланади. 1480–1500-йиллар мобайнида ўз маблағлари ҳисобидан бир неча мадраса, 40 работ (сафардаги йўловчилар тўхтаб ўтиш жойи), 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 та ҳовуз қурдиради. Ҳусайн Бойқаро Aлишер Навоийга “муқарраби ҳазрати султоний” (султон ҳазратларининг энг яқин кишиси) деган унвонни беради. Унга кўра Навоий давлатнинг барча ишларига аралаша оларди.
Буюк адиб умрининг охирига қадар илм-у ижод билан қизғин ва самарали шуғулланди.
Алишер Навоий 1501-йилнинг 3-январида вафот этди.
Аллоҳ таоло улуғ мутафаккир бобомизнинг охират манзилларини жаннат боғларидан насиб этсин!
Сурхондарё вилояти Олтинсой туман “Сўфи Оллоҳёр” жомеъ масжиди имом-хатиби К. Азимов