Фатво беришнинг масъулияти жуда ҳам оғир. Шунинг учун саҳобалар, тобеинлар ёки улардан кейинги даврда яшаган уламолар ҳам фатво беришда доим эҳтиёт бўлишган. Масалан, улуғ тобеин Шаъбийдан бир гал савол сўрашганда, у киши: “Билмайман”, дейди. Шунда баъзи одамлар: “Сен Ироқ фақиҳи бўлсанг, “билмайман” дейишга уялмайсанми?”, дейишади. Шаъбий: “Фаришталар: “Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир” (Бақара, 32), дейишга уялишмаган, мен нега уялай”, деб жавоб беради.
Ушбу масалада Имом Молик: “Инсон бирор саволга жавоб беришдан олдин ўзини дўзаҳ ёки жаннатда тасаввур қилсин, кейин жавоб берсин”, деганлар. Ҳар қандай ҳолатда ҳукм чиқариш зарур бўлса, аввало, мазҳаблар таълимотига тайинилади, агар уларда масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан фатво беришга салоҳиятли ҳамда ваколатли мужтаҳид олим фатво чиқариши мумкин.
Демак, Фатво мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим аҳамятга эга, шу боис фатво беришга ҳамма ҳақли эмас. Айниқса, бузғунчи, ғаламисларнинг ўз қора мақсадларига мослаб фатво чиқариш жуда катта фитна ва оғир гуноҳдир.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг “Кимда-ким илмсиз фатво берса, унга Аллоҳ таоло, фаришталар, осмону ердаги барча мавжудодларнинг лаънати бўлсин” (Ибн Асокир) деб таърифлайди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Сурхондарё вилояти вакиллиги матбуот котиби Фахриддин Чориев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here