Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир!

Жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг энг улуғи ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазон ойни бир олам шодлигу қувонч билан кутиб олдилар. Ҳамма бир-биридан ширин, бир-биридан эзгу орзу умидлар оғушида. Кимдир Рамазон рўзасини бу йил тўлиқ тутиб, ўттиз кун мобайнида таровеҳларда Қуръон хатмиларини эшитиб, кўплаб савоб орттириш ниятида бўлса, кимдир бу саноқли кунлар мобайнида Қуръони каримни тўлиқ ўқиб тушириш илинжида. Кимдир, бу бебаҳо ва бетакрор тоат мавсумида ўзини ҳар томонлама ислоҳ этиб, хатоларини тузатиш, ҳасад, гинаю-кудурат, хусумат каби маънавий иллатлардан қалбини мусаффо этиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини очишни қасд қилган бўлса, яна кимдир хайрли ишлар учун бошқа вақтлардагидан кўра кўпроқ ажру савоблар бериладиган бу қимматли фурсатларни ғанимат билиб, меҳру мурувват, саховат ва силаи раҳм каби олижаноб ишлардан имкон қадар кўпроқ савоблар тўплаш мақсадида Рамазоннинг келиши билан олдиларига мақсад қўйишди.Рамазон мана шундай ўхшаши йўқ, фазилатда тенги йўқ муборак ой. У эзгулик сайли, тоат мавсуми, яхшиликлар мусобақасидир.
Ўтган улуғларимиз Рамазонга шундай интиқ бўлишар эдики, ҳатто ойлар давомида
“Эй Аллоҳ, бизларни Рамазонга эсон-омон етказ!”, дея Яратганга илтижолар қилардилар.
Рамазон келиб, унинг ҳар лаҳзасини эзгу амаллар учун захира қилишгач, яна бир неча ойлар давомида “Эй Аллоҳ, биздан Рамазондаги амалларимизни қабул эт!”
дея тинмай дуода бўлардилар.
Солиҳ салафларимизнинг Рамазонга муносабатлари ана шундай эди. У зотлар бутун бошли йилга Рамазон орқали назар солганлар. Рамазонни йилнинг асоси ва меҳвари деб билганлар. Шу боис ҳам ярим йил давомида Парвардигордан Рамазондаги ибодатларини қабул қилишни сўрасалар, қолган ойларни “Рамазонга етказ!” деган илтижо тилларидан тушмаган.
Рамазон ойи саховат ойидир. Кўпчилигимиз зиммамизда фарз бўлган молиявий ибодат закот ибодатини ҳам Рамазон ойида адо қилишга ҳаракат қиламиз. Лекин бу улуғ ойда хайр-саховат кўрсатишда закотнинг ўзи билан чекланиб қолмаслигимиз лозим. Чунки закот мажбурий ибодатдир. Уни адо қилсак зиммамиздаги мажбуриятни адо қилган бўламиз, холос. Аллоҳ таолога суюкли бўлиш учун эмас, мажбуриятдан ташқари нафл эҳсонлар ҳам қилишимиз лозим бўлади. Мол-мулкимиз Аллоҳ таолонинг омонати бўлиб, унинг ҳақиқий эгаси ҳам Аллоҳ таолонинг ўзидир. Шунинг учун Қуръони Каримда Аллоҳ таоло ўз бандаларини эҳсон қилишга буюрганида «Биз берган молдан эҳсон қилинглар” деб, бизнинг қўлимиздаги мол-мулкнинг ҳақиқий эгаси эканини билдириб қўйган. Жами гўзал ахлоқлар ҳам, инсонда ҳаёти давомида шаклланади. Сахийлик ҳам бошқа гўзал ахлоқлар сингари касб қилиниб, кўриб-ўрганиб орттириладиган хислат ҳисобланади. Фарзандларга сахий бўлишни ўргатиш керак, ёшлар бошқалардан саховатни ўрганиши лозим. Озиқ-овқат саховатнинг энг афзали ҳисобланади.Диёримиздаги барча мўмин мусулмонлар интиқиб ихлос ва эътиқод билан фарз амалларини адо этадиган муборак Рамазони шариф ойининг рўзаларини тутиш насиб этган кунлардамиз. Биламизки, Рамазон ойи бу – хайр-саховат, меҳр-муҳаббат ва мурувват ойидир. Рамазон ойида битта қилинган савобли амал эвазига бир неча баробар савоб кўпайтириб бериладиган ой ҳисобланади. Шу сабабли инсонлар мана шу ойда қўлдан келганича кўпроқ савобли амаллар қилишга уринадилар.
Албатта бу ойни савобларидан баҳраманд бўлиш илинжида вилоятимизда фаолият юритаётган отинойилар томонидан маҳалаларда яшаётган ижтимоий химояга мухтож, кам таминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлар, етим-есиралар, кексалар, дардмандлар холидан ҳабар олиниб кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар эҳсон қилинди. Бу қилинган хайрли ишнинг замирида бизнинг ўзбеклигимиз ва бизга хос бўлган меҳр ва сахийлик мужассамдир…
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: «Эй Муҳаммад! Иймон келтирган бандаларимга айтинг, намозни баркамол адо этсинлар ҳамда савдо-сотиқ ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган кун (қиёмат) келмай туриб, биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилсинлар!” Ҳақиқаттан ҳам бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз. Ваҳоланки, эҳсон қилинган киши ҳам ўзига қилинган яхшиликдан севинади, дилида сизга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади. Шу тариқа жамиятда кишилар орасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади, душманчиликлар барҳам топади. Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз, Аллоҳ Сизга уни зиёдаси билан қайтаради. Қуръони Каримда эҳсоннингфазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар ҳам баён этилади. «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир”.
Қарангки, Аллоҳ таоло бу мисоли билан қилинган биттагина эҳсон эвазига битта эмас, балки, етти юз ва ундан ортиқ савоб ато этиш мумкинлигини билдирмоқда. Эҳсон қилувчи киши бу эҳсоннинг эвазига фақатгина охиратда ажр олибгина қолмай, бу дунёда ҳам мукофотларга эга бўлади. Муҳтожларга хайр-саховат қилиш инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкам боғланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувлик ҳисларини орттиришга, дунёвий ишларининг ривож топишига хизмат қилади
Ўтган пайғамбарлар қатори Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатларида юқоридаги юксак хулқнинг барчаси мужассам эди. Сахийлик ва карамлилик жиҳатларини қуйидаги ҳадиси шарифда саҳобалар шундай таърифлашади.
Анас розийаллоҳу анҳудан ривоятқилинган ҳадиси шарифда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламодамларнинг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”, дейилган. (Имом Бухорий ва муслим ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифларида эҳсон, садақа қилувчи сахий инсонларни Аллоҳга маҳбуб бандалар деб таърифлаганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий солаллоҳу васаллам яхшилик қилишда инсонларнинг энг саховатлиси эдилар, ул зотнинг энг сахий пайтлари эса, Рамазонда Жаброил у зот билан учрашган пайтлари бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон тамом бўлгунча у зот билан ҳар кеча учрашар эди. Набий солаллоҳу алайҳи васаллам унга Қуръонни ўтқазиб олар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у зот билан учрашганда у зот эсган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб кетар эдилар” (Имом Бухорийривоят қилган).
Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Эҳсоннинг мукофоти фақатгина эҳсондир” (Ар-Роҳман сураси, 60-оят). Яъни, яхшиликнинг мукофоти фақатгина яхшиликдир. Ояти каримадаги биринчи яхшиликни бандалар қилади. Унинг ичига барча эзгу ишлар киради. Иккинчи яхшилик эса Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларга берадиган жаннатдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Энг афзал садақа Рамазонда қилинган садақадир”. Имом Аҳмад ва “Сунан” соҳибларининг баъзиларидан қилинган ривоятда: “Ким бир рўзадорга ифторлик берса, у учун у (рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарса камаймаган ҳолатда бўлади (ёзилади)”, деганлар.
Аллоҳ таолодан бу йилги Рамазон ойини азиз ва жанатмакон диёримиз учун ҳам хайрли, баракали қилишини, жонажон халқимиз учун улкан фазилат ва манфаатлар фурсати қилиб беришини, юртимиз тинч,осмонимиз мусаффо бўлишини, саҳоватпеша инсонларнинг кўпайишини Аллоҳдан сўраб қоламиз.

ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Х.Касимова.

© O’zbekiston musulmonlari idorasi Surxondaryo viloyat vakilligi Matbuot xizmati https://t.me/surxonmuslimuz

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here