Ҳар бир инсон учун юрт тинчлиги бебеҳо неъмат, улуғ саодатдир. Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрида бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.
Инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ. Дарҳақиқат, Аллоҳ асрасин, оила ва юрт нотинч бўлса, тўй-томоша, кўнгилхушлик, ҳазил-мутойиба, ҳаёт лаззатини тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон бирор луқмани хотиржам ютмайди, ҳар қандай кошона уй-жой, мол-мулк, бола-чақа инсон танасига оғирлик қилади. Айтишларича, нотинчлик, уруш сабабидан охирги беш минг йилда уч миллиарддан зиёд одам ҳаётдан кўз юмган.
Урушлар сабабидан меҳр-оқибат, инсонийлик унутилади, ҳар қандай эзгу амаллар, улуғ мақсадлар поёнига етмайди. Ер қанчалик кенг бўлишлиги билан шунчалар тор ва зиқ кўринишга мубтало бўлади. Демак, хотиржамлик, осойишталик неъматини сўрашликда доно халқимиз нечоғлик тўғри ва гўзал йўл танлаган. Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилиб, Аллоҳ таоло: “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро, 83) деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”. (Ҳужурот, 9) деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради.
Жаннатмакон юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир.Мухтарам юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуслари билан. муқаддам судланган, жаъзо муддатини ўтаётган ДЭО аъзоларини кечириб фарзандлари бағрига қайтардилар. Ҳеч қачон ҳеч бир юртда ватанига ҳиёнат қилганлар кечирилмаган. Бизнинг юртбошимиз эса уларни бағрикенглик билан кечирдилар. Ижтимоий химояга мухтож оилаларга бағрикенглик билан ёрдам қўлини чўздилар. Ахир бундай юртбошию, бундай юрт қаерда бор?
Бугунги замоннинг ўзи бўлаётган воқеаларга очиқ кўз билан назар ташлашни, ҳушёр қарашни, жаҳонда ва ён-атрофимизда тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли сабоқлар чиқариб яшашни талаб этмоқда. Шу боис четга ишлаш учун кетаётган фуқароларимиз айниқса, ёш авлод онгида мураккаб ва таҳликали дунё ва минтақамизда, хусусан, давлатимизда рўй бераётган турли воқеа-ҳодисалар, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳақида бирёқлама ва сохта тасаввур пайдо бўлишига йўл қўймаслик масаласи ниҳоятда долзарб саналади.
Шунинг учун халқимизни турли ғоявий таҳдидлардан асраш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш, уни янада мустаҳкамлаш, турли воситалар орқали қадриятларимиз ва миллий-диний анъаналаримиз, менталитетимизга ёт бўлган тушунча ва ғояларнинг кириб келиши, тарқалишига тўсқинлик қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Биринчи навбатда, ёшлар тарбиясига алоҳида аҳамият беришимиз лозим. Чунки кўпинча, ҳаётий тажрибаси ва билими кам, исломни асли моҳиятини тўғри талқин қилаолмаганидан,дунё воқеаларидан бехабар ёки нотўғри, ишончсиз маълумотларга эга, шахсий нуқтаи назари ва қараши шаклланиб улгурмаган ёшлар ахборот ва мафкуравий курашлар таъсирига тушадилар. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўғил-қиз онгига, аввало, Ватани ва оиласи олдидаги масъулият ҳиссини сингдиришга, уларни инсонпарварлик ва она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, ислом бағрикенг дин эканлигини,исломда мусулмон мусулмонни ўлдирмаслик, ёмонлик қилмаслик, ҳатто Аллоҳ яратган жонзодларига ҳам озор бермасликни тушунтиришимиз, ўқтиришимиз зарурдир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимиз фаровонлигига эришамиз.
Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилганидек,
“Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти). Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-
эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Аллоҳу таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди:“Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”. (Бақара, 208).
Ислом дини инсон учун тинчлик ва омонлик динидир. Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта бўлиши билан бир қаторда бағрикенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан ҳис этади.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишликни сўраб, дуо қилишлик тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Дунёнинг турли бурчакларида ислом динини ниқоб қилиб олган ҳар хил террористик оқимлар ва ёвуз кучлар томонидан содир этилаётган қўпорувчиликлар, мудҳиш жиноятлар, хунрезликлар тинч аҳоли, каттаю кичикнинг ҳаётига зомин бўлаётган, шаҳару қишлоқлар вайронага айланаётган нотинч давримиз бизни янада огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашга, ўз уйимизни, она Ватанимизни асраб авайлашга, шу шукуҳли кунларнинг қадрига етишга чорлайди. Яратганга беадад шукрки, Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукм сурмоқда. Кўп миллатли бағрикенг халқимиз хотиржам турмуш кечирмоқда. Биз учун тинчлик-осойишталикнинг қадри ўзгача. Донишмандларимиз юрти тинчнинг ўзи тинч, деб бежиз айтмаган. Тинчлик-осойишталик ҳукм сурган жойда, юксалиш, тараққиёт бўлади. Мамлакат гуллаб-яшнайди. Фуқароларнинг турмуши фаровонлашади. Шундай экан, тинчлик-осойишталикка ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини ҳаммамиз тўғри англашимиз керак. Бу ютуқлар қандай қўлга киритилгани, халқимизга хос бўлган сабр-бардош, мамлакат келажагига қатъий ишонч, ҳамжиҳат-ҳамфикр яшаш, тинчлик-осойишталикни асраш, бағрикенглик, ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш каби улуғ фазилатлар ҳақида халқимизга, хусусан, ўсиб келаётган ёш авлодга сўзлаб бериш зарур. Токи, бугунги мураккаб шароитда тинчликни асраш учун огоҳлик, сезгирлик, ҳушёрлик ҳар қачонгидан кўра муҳимлигини улар тўлиқ тушуниб етсинлар.
Тинчлик Аллоҳ таоло бутун инсониятга инъом этган энг улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик дини деб бежиз айтилмаган , албатта. Бу дин кишиларни тинчликни асраб-авайлаш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадирлар” (Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, Аллоҳ таолонинг улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд бўлаётгани йўқ. Дунёнинг турли бурчакларида террорчилар ноҳақ қонлар тўкаяпти. Бундай мудҳиш воқеаларнинг қабиҳ ниятли бузғунчи гуруҳлар томонидан амалга оширилиши бутун дунё тинчликсевар халқлари қатори Ўзбекистон халқининг қалбини ҳам қаттиқ ларзага солади.Биз терроризмга қаршимиз. Унинг мудҳиш жиноятларини қаттиқ қоралаймиз.
Ислом динини ниқоб қилиб, ўзининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини доимо таъкидлаймиз. Шуни унутмайликки, муқаддас ислом динимиз тинчлик ва меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган. Уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодга тўғри тушунтириш, ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этиш долзарб вазифаларимиздан бирига айланиб бормоқда.
Қуръони каримнинг: “…Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз…”, (Моида сураси 2-ояти)да дейилган. Бу ояти каримадан эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчлик барқарор бўлишининг бош омили экани маълум бўлади.
Халқ орасида фитна қўзғатиш, туҳмат ва иғво тарқатиш йўлидаги уринишлар тинчлик ва хотиржамликни издан чиқарувчи ҳодисалардан ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар ислом динининг моҳиятига мутлақо зид экани Қуръони каримнинг “…Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир…”, (Бақара сураси 191-оятидаги) очиқ ойдин ёзилгандир..
Огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, тинчликни таъминлаш турли хил кўнгилсизликлар ва хавфу хатарларнинг олдини олишнинг зарурий шартидир. Зеро, ғофиллик ва бепарволик турли нохушликларга замин яратади.
Тинчлик — улуғ неъмат, деб эълон қилган динимизда бу йўлда нафақат амал билан, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун фақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан йироқ бўлмоғи зарур. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, сўз, яъни, тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилаяпти. Чунки қўл билан бошқаларнинг фақат бу дунёси – саломатлиги, оиласи, мулкига зарар етказилади, тил билан эса инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, уларни тўғри йўлдан чалғитиш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам кўплаб ҳадисларида бу ғояни илгари сурганлар. Охирги (Вадо) ҳажларида: “Бир-бирингизнинг қонингиз ва обрўйингизни тўкишингиз, мол-мулкингизга тажовуз қилишингиз барчаларингизга ҳаромдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти). У зот саллаллоҳу алайҳи васалам яна бир ҳадисларида: “Ҳеч ким биродарига қурол ўқталмасин, чунки шайтон васваса қилиб жаҳаннам қаърига етаклаётганини билмай қолиши мумкин”, деганлар. Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Мен вафот этганимдан сўнг бир-бирларингизнинг бўғзига тиғ урадиган кофир бўлиб кетманглар”, дейилган. (Имом Бухорий ривояти).
Барчамиз она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ўз ҳиссамизни қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун қайғуриб умргузаронлик қилайлик. Яратгандан бир-биримизга тинчлик, беғубор осмон, осойишта ҳаёт, хотиржамлик тилайлик! Аллоҳ таоло тинчлик-осойишталигимизни ҳамиша барқарор айласин, жаннатмакон юртимизни тинч, меҳнаткаш халқимизни фаровон, осмонимизни мусаффо этсин.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг хотин қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Хосият Қосимова