Кейинги пайтларда аста-секин кўзга ташлана бошлаган нохуш анъаналардан бири кийим-кечак ва автомашиналарга турли ёзув, шаклларни ёзиб-чизиб олишдир. Таъкидлаш керакки, бу ишлар Ислом маданиятига бошқа маданиятлардан кириб келгандир. Чунки Ислом тарихининг узоқ даврларида бундай ишларга қизиқиш бўлмаган.

Ўша ёзувлар турли тилларда ва маъноларда бўлиб, ҳатто уятсиз сўзлар ва муборак динимизга тааллуқли бўлганлари ҳам топилади.

Буларни ичида энг номаъқуллари кийимларга ёзилганидир. Хусусан кийимнинг олд ва орқа қисмига ёзилган, турли маъноли шакллар ва сўзлар эътиборни тортувчи бўлади. Айниқса, бу аёлларнинг кийимида бўлса, бизнинг тарбиямизга мутлақо зиддир.

Кийимга ёзилган диний маънодаги сўзларга келсак, хусусан: “Аллоҳ”, “Муҳаммад”, “Машааллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” каби муборак калималарни ёзаётган пайтда уларни оёқ-ости бўлиши ёки вақти келиб қадрсизланишини эътиборга олиш зарур. Зеро фиқҳий манбаларда Аллоҳ таоло ва унинг сифатлари, ояти карималар, пайғамбарларнинг исмлари ёзилган нарсалар билан ҳожатга кириш макруҳ экани, уларни ташқарида қолдириш мустаҳаблиги таъкидланган. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс ўзи билан Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмларни бирга олмаслиги керак. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки халога кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Маълумки, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида “Муҳаммадур-Расулуллоҳ” деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам халога кирганларида уни ечиб қўяр эдилар. Шунга биноан, Аллоҳ таолонинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръони карим билан халога кириб бўлмайди.

Яна бир ҳолат машиналарга турли сўзларни ёзиб олишдир. Маълумки, кўчада юриш кўпчиликнинг ҳаққи ҳисобланади. Шунинг учун машиналарга турли-туман, маъноли-маъносиз, ўзгаларни жиғига тегадиган сўзларини ёзиб олиш, кўчанинг ҳаққига риоя қилмаслик ва маданиятсизлик белгисидир.

Бу сўзлар динимизга тааллуқли сўзлар (Аллоҳ, Муҳаммад, Машааллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ) бўлса, кўпчилик уламолар буларни ёзишни мубоҳ деб билганлар. Фақат Саудия Арабистони “Кибор уламолари ҳайъати” бу ишлар: “Қуръон ва Суннатда асли йўқ, бидъат ишлар”, деган иллатни келтириб, жоиз эмас дейишган.

Хулоса шуки, (динимизда алоҳида таъкидлаган ўринлардан ташқари) ташқи кўриниш, мубоҳ ишлар ва турли ёзув-аломатларга берилиб кетиш фойдаси йўқ ишлардандир. Динимизда ихлос, ниятни холис қилишнинг ўрни катта бўлиб, бугунги кунда уларга эътибор қаратишга кўпроқ муҳтожмиз. Ҳар қанча атрофимизни ёзувлар ва аломатлар билан тўлдирмайлик, бу бизга савоб келтирмайди. Балки энг катта савоб имон ва ихлос билан қилинган фарз, вожиб, суннат ва бошқа савоб амаллардан, ҳамда ҳаром ишлардан тийилишдан келади. Энг муҳими, Қиёматда гўзал қалб билан келган кишилар нажот топадилар:

يَوْمَ لَا يَنْفَعُ مَالٌ وَلَا بَنُونَ إِلَّا مَنْ أَتَى اللَّهَ بِقَلْبٍ سَلِيمٍ

“У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, Фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуъаро, 88).

Валлоҳу аълам биссавоб.

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here