Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсин 28 йилдирки тинчлик, осойишталик ва мустақиллик неъматида яшаб келмоқдамиз.
Ана шу қисқа муддат ичида эришилган ютуқларимиз ва қўлга киритган зафарларимизни жаҳон тан олаётгани ҳеч кимга сир эмас. Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизни асосини ташкил этган Ислом дини таълимотидан элимиз янада бахраманд бўлиб келмоқда. Ҳаммамиз учун табаррук уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол. Бу сўзларнинг мазмун моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб яшамоғимиз лозимдир. Истиқлолимиз туфайли юртимизда Ислом дини равнақи учун кенг имкониятлар яратилди. Эътиқод эркинлиги, барча миллий ва диний қадриятлар тикланди ва масжид, мадраса бинолари мусулмонларга қайтариб берилди. Мусулмонларнинг бемалол ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётларни нашр этишлари ва оммавий ахборот воситаларидан баҳраманд бўлишлар учун барча шароитлар яратилди. Аввало, эътиқод қилувчиларнинг эхтиёжлари эътиборга олиниб, масжид ва мадрасалар сони кўпайтирилди. Шўро замонида ёшларнинг диний таълим олиши учун бирорта ҳам махсус ўқув юрти – мадраса йўқ эди. Бугун вилоятимизда 97 та расмий масжидлар фаолият юритмоқда. Бу рақамни собиқ шўро даври – истиқлолгача бўлган вақтга қиёсласак, нисбат бир неча карра ошганига гувоҳ бўламиз.
Ўтмишда “эскилик сарқити” ва ҳатто “жаҳолат уяси” деб камситилган, хароба ҳолига келиб қолган ўнлаб қадамжолар – улуғ бобокалонларимиз ҳоклари ётган, қадамлари теккан масканлар – зиёратгоҳлар обод қилинди. Термиз шаҳридаги Ал-Ҳаким ат-Термизий, Олтинсой туманидаги Сўфи Оллоҳёр ва Хўжаипок ота, Бойсун туманидаги Омонхона зиёратгоҳлари ва бошқа ўнлаб зиёратгоҳ – қадамжоларни мисол қилиб келтириш мумкин. Муқаддам ҳатто бориш тақиқланган бу масканлар ҳар томонлама ободонлаштирилиб, юртдошларимизнинг севимли зиёратгоҳларига айлантирилганини ҳам фахр билан истиқлол неъмати деб биламиз.
Сўнги йилларда вилоятдаги масжидларда имом хатиблик қилаётган ходимларимиз томонидан динимиз тўғрисида, унинг ахкомлари борасида бир қатор рисолалар ёзилгани ва чоп қилинишга хозирланганини ҳам мамнуният билан айтмоқчиман. Бу ҳам истиқлолнинг бизга яратиб берган энг улуғ инъомларидан биридир. Мухтасар қилиб айтганда, бугун истиқлол шарофатидан муқаддас динимиз ривож топгани, биз аҳли мўминлар юрт фаровонлиги, фуқаролар тинчлиги учун биргаликда хизмат қилаётганимиз учун Яратганга шукроналаримиз чексиз.
Олтинсой туман “Имом Бухорий” жомеъ масжиди имом хатиби М.Жуйриков