Оила, қариндошлар, қўшни, маҳалла, қишлоқ ва шаҳар булар жамиятнинг асосини ташкил қилувчи бўлакларидир. Жамият ислоҳоти юқоридаги бўлакларнинг ислоҳотига боғлиқ бўлади. Инсониятнинг иккки дунё саодатига эршиши учун тўғри йўл кўрсатувчи Ислом шариати жамиятни ислоҳ қилишда ишни оиладан бошлайди. Мусулмонлар оилавий муносабатларини тузатишига, қариндошчилик ришталарини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратади. Қариндошлар билан алоқани узмоқ оғир гуноҳ эканлигини уқтиради.Инсон яхшиликни энг яқин қариндошларидан бошлаши ҳам динимиз талабидир. Аллоҳ таоло одамларни ҳидоятга чорлаш вазифасини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга юклаган бўлса, даъватни энг яқин қариндошларидан бошлашни тайинлаган.
Исломнинг бешта рукнидан бири – закот ибодатини бажаришда ҳам, бойлар садақани қариндошлари орасидаги фақирлардан бошлаши айтилган. Чунки бунда икки ибодат бор: закот адоси ва силаи раҳм.Қариндошларга берилган нарса билан кишининг моли камайиб қолмайди. Аксинча, унинг ортидан ҳам ризқига ҳам умрига барака келади. Машҳур саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ жаноби олийларининг қуйидаги ҳадисларини ривоят қилган: “Кимки ризқи кенг ва умри узун бўлишини хоҳласа қариндошлари билан алоқа ипини боғласин!” (Бухорий. Адаб ал-муфрад / 56). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтган экан: “Раббисидин қўрққан ҳамда қариндошлари билан муносабатини узмаган одамнинг умри узун, мол-дунёси кўп бўлади ва ақраболарининг меҳрини қозонади ”.
Инсон яхшиликни энг яқинларидан бошлайди. Яқин ақраболар рўйҳатнинг бошида эса она туради. Шунинг учун ҳам Расулимиз алайҳис-салом “кимга яхшилик қилай”, деб сўраган саҳобага уч марта “онангга” – деб жавоб берганлар. Демак, аввал онага, кейин отага ва шу тариқа навбат-навбат кетаверади.
Қариндошлари билан алоқани узган одамда барка бўлмайди. Унинг яхши амаллари ҳисобга олинмайди. Ўзича яхши ишлар қиляпман деб ўйлаши мумкин, аммо қариндошлари билан алоқани тикламагунча унинг амаллари бефойда бўлиб қолаверади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган экан: “Одам боласининг амаллари ҳар пайшанба кеч, жума оқшомида Аллоҳ таолога арз қилинади. Қариндошчилик ришталарини узганларнинг амалларини қабул қилмайди”. (Бухорий. Адаб ал-муфрад / 62).
Бир ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қариндошларидан узилган одамнинг жаннатга кира олмаслиги ҳақида гапирганлар. Бу уларнинг охиратдаги жазоси бўлса, бу дунёда ҳам турли балоларга гирифтор бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аллоҳ таоло ҳеч бир гуноҳнинг жазосини бу дунёда бошлаб охиратга ҳам қолдириб қўймайди. Магар, икки гуноҳ мустасно: қариндошчилик риштасини узиш ва одил раҳбарга қарши бош кўтариш”. (Бухорий. Адаб ал-муфрад / 67). Демак, қариндошларидан кечган одамга Аллоҳ жазо беришни шу дунёнинг ўзидаёқ бошлаб юборар экан. Шу дунёдан тортган азоблари билан қутулиб қолишмайди. Дунёдагиси дебоча бўлса, асосийсини охиратда оладилар.
Қариндошга яхшилик қилишда унинг хулқи, тақвоси, эътиқоди, сизга бўлган муносабати аҳамиятсиз бўлиши керак. Ҳатто дини бошқа бўлса ҳам у билан қариндошчилик борди-келдиси тўхтатиб қўйилмайди. Тарихдан маълумки, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қимматбаҳо бир чопонларини Мадинадан туриб Маккадаги мушрик укасига ҳадя қилиб юборганлар. Бу нима учун? Албатта силаи раҳм учун бўлган. Демак, биз ҳам қариндошларнинг намоз ўқиш-ўқимаслиги, ёки Исломга амаллари ҳақида ўйланиб ўтирмасдан қариндошлик нуқтаи назаридан улар билан алоқани мустаҳкам ушлаб тураверамиз. Мана шундай қилишимиз уларнинг қалбида Исломга мойиллик пайдо қилади. Иншааллоҳ!
Сурхондарё вилояти олтинсой тумани «Саййд Мухиддинхон»жомеъ масжид имоми Cирожиддин Мухиддинов