Таълим-тарбия, илму маърифатга интилиш инсонни камолотга етказади. Мазкур тамойил ота-боболаримиз эътиқод қилган Ислом динининг ҳам энг устувор устунларидан ҳисобланади. Шу боис дунё тамаддунига тамал тошини қўйган буюк алломларнинг авлоди сифатида улар билан фахрланишимиз баробарида ислом маърифатини англашга, маънавий оламимизни бойитишга интилмоғимиз фарздир.

Юртимизда ислом маърифатини илму ирфон орқали ўргатиш ва кенг тарғиб этиш орқали исломшунослик илмида етук кадрларни тайёрлашда Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий салоҳияти билан етакчи ўрин тутади. Мазкур олий таълим даргоҳига “Халқаро академия” мақомининг берилиши ҳам бежиз эмас. Бинобарин, бу билан соф ислом дини ғоялари ва унинг маънавий-маърифий асосини илму толибларга ўрганиш, илмий тадқиқ этиш асосида баркамол, маънавий етук ёшларни тарбиялаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш, халқаро андозалар асосида ташкил этиш мақсади мужассам.

Дарҳақиқат, мазкур таълим даргоҳида Ҳадисшунослик, Қуръоншунослик, Фиқҳшунослик йўналишлари бўйича етук олимларнинг фаолият олиб бораётгани бизни фахрланишга ундайди. Бугунги кунда таълим муассасасида Ислом дини асосларини ўрганиш бўйича кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Инчунин, қадимги ноёб қўлёзма манбани ўрганиш, тадқиқ этиш орқли ушбу асарларнинг асл маъноларини изоҳлаб бериш катта масъулиятни талаб этади.

Бугун академияда фаолият юритаётган олимлар қаторидан ёш тадқиқотчилар ҳам устоз-шогирд анъанаси асосида ўз илмий фаолиятини олиб бораётгани эътиборлидир. Зеро, ҳанузгача ўрганилмаган қанчадан-қанча асл манбалар ва бу ноёб асарлар ўз тадқиқотчисини кутмоқда. Шу жиҳатларни англаган исломшунос олимлар салоҳиятли кадрларни саралаб, мукаммал тадқиқотлар олиб боришга илмий маслаҳатчи сифатида доимий кўмак бериб келаётгани таҳсинга лойиқ.

Бунинг амалий натижаси сифатида юқоридан тор ихтисосликлар бўйича етук фан докторлари етишиб чиқаётганлиги қувонарли ҳолдир. Бугунги кунга қадар ёш илмий тадқиқотчиларимиз томонидан Абу Мансур Мотрудий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий, Ҳаким ат-Термизий, Фахриддин Қозихон, Сирожиддин Ўший, Маҳмуд Ўзгандий, Абу Муъин Насафий, Фахрул ислом Паздавий, Саъдуддин Тафтазоний каби кўплаб алломаларнинг бой илмий мероси чуқур ўрганилиб, келгуси авлодларга соф ҳолда етказилаётгани халқимизнинг маънавий ютуғидир.

Бугунги кунда академияда истиқболли режалар, улкан ишлар, масъулиятли вазифалар мақсад қилиб, самарали амалга оширилмоқдамоқда. Айниқса, бой илмий меросимизни кенг тарғиб этиш мақсадида араб, инглиз тилларида тадқиқотлар, илмий нашрлар тайёрланаётгани эътиборга молик. Ҳозирда илму толибларимиз араб, форс тилларини пухта ўрганиб, бирламчи манбаларга, хусусан, “Назоир ул-Қуръон”, “Ақоид ан-Насафий”, Баҳрул улум“, “Рисолаи соҳибия”, “Мабсут”, “Фатавои Қозихон”, “Фатавои Сирожия”, “Табсират ал-адилла”, “Бадъул амолий” ва бошқа шу каби кўплаб нодир асарларга мурожаат этаётганлигини фахр билан эътироф этиш жоиз.

Бу бугунда академияда таҳсил олаётган ёшларнинг келажакда буюк маърифатпарвар аждодларига муносиб авлод бўлиб етишишга тўла ишонч уйғотади. Албатта, маърифатга йўғрилган, эзгуликка, бунёдкорлик асосланган таълим яқин йилларда ўз самарасини беради.

Шу ўринда, афсус билан айтиш мумкинки, маърифатдан йироқ, асл манбани билмаган, ўрганмаган, кўр-кўрона талқин этадиган айрим кишиларнинг борлиги инсонларни ва жамиятни ташвишга солмай, қўймаяпти. Бугун шиддатли, ҳар қачонгидан тиғиз, ғоялар, турли қарашлар авж олган замонда яшаяпмиз. Энг ачинарлиси, бундай ҳаёт тарзи шарқона қараш, миллий хусусиятларимиздан, ислом маърифатини англашдан тўсиб қўймоқда ва ҳаттоки, маърифат аҳлига нодоннинг жоҳилона тоши бўлиб отилмоқда.

Ислом, унинг маърифий ғоялари ўз мазмун-моҳияти билан тинчлик, поклик асосига қурилган. Ислом илмларини ўрганувчиларни ва бу илмдан баҳраманд этувчиларни маърифат йўлбошчилари десак, хато қилмаган бўламиз. Вазминлик, камтаринлик илмли инсонлар табиатига хос жиҳат ва аксинча, жиззакилик, илмсизлик жоҳиллик аломатларидан ҳисобланади. Ислом арконларига, унинг маърифий ғояларига тош отиш, турли бузғунчлик кайфиятини келтириб чиқариш, яхши билмай, тушунмай нотўғри талқину қарашларни авжига чиқариш ҳолати, афсуски, исломшунос олимларга, улар фаолиятига нисбатан муносабатни, бироз салбий кўринишга олиб келди. Жоҳилларнинг бу каби кўр-кўрона қарашларига илм аҳли сукут сақлаш, вазминлик билан муносабат билдиришни лозим топди.

Зероки, маърифат, илм, жоҳилларнинг баҳси устига қурилмаган. Биз жоҳилларнинг иддаоларига алданиб кетадиган миллат эмас, аксинча, ўзида буюклар қонини сингдирган, илдизи бақувват, буюкликка даҳлдор халқмиз. Илмни беҳуда баҳсу мунозараларга эмас, инсон камолоти учун сарфласак, ўйлаймизки, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, маърифат жоҳиллар измига асло эргашмайди.

манба

ЎМИ Сурхондарё вилоят Матбуот хизмати

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here