Жаноза намозининг ўқилиш тартиби
Жаноза намозида азон, иқома, рукуъ, сажда бўлмайди. Имом маййитнинг кўкраги тўғрисида (маййит аёл киши бўлса, белининг тўғрисида) туради. Жамоат эса имомнинг орқасидан саф тортади. Имом қўлларини қулоқлари баробар кўтариб, «Аллоҳу акбар» дейди. Иқтидо қилганлар ҳам шундай қиладилар. Сўнг санони ўқийди:
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ وَتَبَارَكَ اسْمُكَ وَتَعَالَى جَدُّكَ وَلَا إِلَه غَيْرُكَ.
Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдик, ва табаарокасмук, ва таъаалаа жаддук, ва лаа илааҳа ғойрук.
Маъноси: «Аллоҳим, Сени пок деб ёд қиламан, исминг муборак, мартабанг улуғдир, Сендан ўзга илоҳ йўқ».
Санодан сўнг иккинчи такбирни айтади. Кейинги такбирларда қўллар кўтарилмайди. Иккинчи такбирдан сўнг салавот ўқилади:
اَللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى ءَالِ مُحَمَّدٍ، كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ وَعَلَى ءَالِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ. اَللَّهُمَّ بَارِكْ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى ءَالِ مُحَمَّدٍ، كَمَا بَارَكْتَ عَلَى إِبْرَاِهِيمَ وَعَلَى ءَلِ إِبْرَاهِيمَ، إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ.
Аллоҳумма, солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа соллайта ъалаа Иброҳиима ва ъалаа аали Иброҳиим. Иннака ҳамиидум-мажиид.
Аллоҳумма, баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа аали Муҳаммад, камаа баарокта ъалаа Иброҳиима ва ъалаа аали Иброҳиим. Иннака ҳамиидум-мажиид.
Маъноси: «Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласини ёрлақаганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласини ёрлақагин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан.
Аллоҳим, Иброҳим ва унинг оиласига барака нозил қилганинг каби Муҳаммад ва у зотнинг оиласига ҳам барака нозил қилгин. Сен мақтовга лойиқ, буюк Зотсан».
Салавотдан сўнг учинчи такбирни айтиб, ортидан маййитнинг ҳаққига қилинадиган жаноза дуосини ўқийди:
اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِـحَيِّنَا، وَمَيِّتِنَا، وشَاهِدِنَا، وَغَائِــبِنَا، وَصَغِيْرِنَا، وَكَبِيرِنَا، وَذَكَرِنَا، وَأُنْثَانَا، اللَّهُمَّ مَنْ أَحْيَيْتَهُ مِنَّا فَأَحْيِهِ عَلَى الْإِسْلَامِ، وَمَنْ تَوَفَّيْتَهُ مِنَّا فَتَوفَّهُ عَلَى الْإِيْمَانِ.
«Аллоҳуммағфир ли ҳаййинаа ва маййитинаа, ва шааҳидинаа ва ғооибинаа, ва соғииринаа ва кабииринаа, ва закаринаа ва унсаанаа. Аллоҳумма, ман аҳйайтаҳу миннаа фа’аҳйиҳи ъалал Ислаам, ва ман таваффайтаҳу миннаа фа таваффаҳу ъалал иймаан.
Маъноси: «Аллоҳим, тирикларимизни ҳам, ўтганларимизни ҳам, борларимизни ҳам, йўқларимизни ҳам, каттаю кичигимизни ҳам, эркагу аёлларимизни ҳам мағфират қилгин. Аллоҳим, биздан кимни яшатсанг, Исломда яшат, кимни вафот этдирсанг, иймонда вафот этдиргин».
Кейин тўртинчи такбирни айтиб, сўнг салом берилади.
Жаноза намозининг бошланишига улгурмаган киши такбир айтиб, қулоқ қоқиб, жамоатга қўшилиб олади-да, саломдан олдин қолган уч такбирдан улгурмаганларини айтиб олади.
Ушбу жаноза дуоси барча маййитлар учун кифоя қилса-да, жаноза намозида ўқиладиган бошқа қўшимча дуолар ҳам бор. Масалан, ёш болага алоҳида, аёл кишига алоҳида ўқиладиган дуолар ҳам келган. Уларни намоз ўқиш қоидалари ҳақидаги бошқа китоблардан ўрганиб олишимиз мумкин.
Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни, хусусан, жаноза намозларимизни тўғри ва бекаму кўст адо этишни насиб қилсин, уларни даргоҳида ҳусни қабул айласин, ўтганларимизнинг ҳаққига қилган дуоларимизни мустажоб айлаб, барчаларимизни икки дунё саодатига мушарраф этсин!
Ҳасанхон Яҳё АБДУЛМАЖИД