Динимиз кўрсатмасига мувофиқ кийинган ҳаёли аёл-қизларга нисбатан айрим ҳолатларда қолоқ деган нотўғри назар билан қарайдиган кишиларга гувоҳ бўлиб қоламиз. Аслида, уларнинг бу ҳолатлари ҳақиқатан ҳам қолоқликми? Келинг, биз сизларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли қизлари, жаннат аёлларининг саййидаси бўлмиш Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳаётларидан гўзал бир лавҳани ҳикоя қиламиз:
Фотима розияллоҳу анҳо бетоб бўлиб, ўлим тўшагида ётганларида Асмо бинту Умайс розияллоҳу анҳо у кишини кўриш учун зиёратига келдилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳо унга: “Эй Асмо, мен аёлларга қилинадиган нарсани ёқтирмайман. Аёл кишининг устига битта мато ташлаб қўйилади ва бу уни васф қилиб туради”, дедилар. (Фотима онамиз ушбу сўзлари билан “вафот этганимда тобутим эркаклар олдига олиб чиқилиб, уларга менинг жисмим билиниб туришидан ҳаё қиламан”, деган маънони ирода қилган эдилар. Чунки ўша вақтда тобутлар текис тахталардан иборат бўлиб, маййит унинг устига қўйиларди. Маййитнинг устига эса мато ташлаб қўйилар эди. Лекин бундай тобутдан жасаднинг тузилиши билиниб турарди.) Шунда Асмо (розияллоҳу анҳо Фотима онамизга): “Эй Расулуллоҳнинг қизлари, Ҳабашистонда ўзим кўрган нарсамни сизга (ясаб) кўрсатайми?”, деди ва хурмонинг хўл новдаларидан олиб келишни сўради. Сўнгра уларни букди (ва тахтанинг устига ўрнатиб, тобут ясаб кўрсатди). Кейин уларнинг устига мато ташлади. Буни кўргач, Фотима розияллоҳу анҳо: “Бу қандай ҳам яхши, қандай ҳам гўзал! Бу сабабли аёл
киши эркак кишидан ажралиб туради”, деди. (Чунки мазкур тобут жасаднинг тузилишини билдирмайдиган тобутга айланган эди).
— Субҳаналлоҳ! Вафот этган аёл бешта мато билан кафанланадиган бўлса ҳам Фотима онамиз ҳаё қиляптилар!
— Беш қават матога кафанлангандан кейин Фотима онамиз жисмининг қайси қисми билинар эди?!
— Фотима онамизнинг тобутини кўтарадиган зотлар кимлар эди?! Ахир, улар энг тақволи зотлар – саҳобалар ва тобеинлар эмасми?!
— Бу ҳолат бирор фитнага сабаб бўлиши мумкин бўлган ҳолатмиди?! Йўқ, асло ундай ҳолат эмас! Чунки бу ўрин бозор ёки сайлгоҳ каби кўнгилхушлик қилинадиган ўрни эмас, балки маҳзунли ўрин эди-ку!
— Офарин! Фотима онамиз вафот этгандан кейинги ҳолати учун ҳам ҳаё қиляптилар-а!
— Шундай экан, “бугунги кунимиздаги тирикларнинг ҳаёси қандай ҳолатда?”, деган савол туғилади.
— Агар Фотима онамиз бизнинг замонимиздаги ҳолатни кўрганларида эди, ҳаёси ўлиб, калта-култа кийиниб, бўяниб олган, юришида ҳаммани ўзига жалб қилаётган, баланд овозда куладиган, ўтган-кетганни ўзига ром қилаётган аёл-қизларни кўриб қандай аҳволга тушган бўлардилар?!
— Авратларини беркитган ҳаёли ва одобли аёл-қизларни қолоқ дейдиганлар қани?
— Айтингчи, Фотима онамиз қолоқ бўлганларми?
Шуни унутмангки, Фотима онамиз ҳақларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотима жаннат аҳли аёлларининг саййидасидир”, деб башорат берганлар.
— Агар авратини беркитган ҳаёли аёл-қизлар қолоқ дейилса, ўша “қолоқ” аёлларга олқишлар бўлсин!
Ҳа, азизлар, ҳаё буюк хулқдир. Ҳаё фақат яхшилик олиб келади. Ҳаё жаннатга олиб киради. Буюк ватандошмиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаё фақат яхшилик олиб келади”, деганлар.
ЎМИ Сурхондарё вилояти вакилининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси: Хосият Қосимова.