Қиёматда Аллоҳнинг Арши соясидан жой оладиган кишилар тоифаси ҳақида гапирилган ҳадисда Аллоҳ учун дўстлашганлар ҳам зикр қилинган.
Аввалгилар бу борада ажойиб ҳолатларни ривоят қилишган. Шулардан бир нечтасини келтирамиз:
Юнус ибн Абдул Аъло айтади:
“Бир куни имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ менга деди:
“Эй Юнус! Дўстинг ҳақида ёмон хабар эшитсанг унга адоват қилишга, у билан дўстликни узишга шошилма. Акс ҳолда шак билан ишончини йўқотган кишилардан бўлиб қоласан. Яхшиси у билан учрашиб унга “сен ҳақингда менга фалон-фалон гаплар етиб келди” дегин. Ҳаргиз унга сенга гапни етказган кишини айта кўрма. Агар дўстинг буни инкор қилса унга “сен ишончлироқ ва яхшироқсан” дегин. Бундан бошқа гапни айтма. Агарда у айбларни тан олса ва сен унда бирор узр кўра олсанг унинг узрини қабул қил. Агар унда ҳеч қандай узр кўрмасанг ва сенга танлов қийин кечса унинг айбдор эканлигига ишонсанг бўлади. Шунда сенинг олдингда икки йўл пайдо бўлади. Бири ундан ажралиш, иккинчиси уни авф қилиш. Авф қилиш тақвога яқиндир. Агар нафсинг сенга уни ёмонлик қилганларини эслатаверса сен унинг қилган яхшиликларини ёдингга ол. Биргина ёмонлиги туфайли унинг бор яхшиликларини йўққа чиқарма. Бу айни зулмдир. Эй Юнус! Агар дўстинг бўлса уни қаттиқ тут. Зеро дўст топиш мушкул, аммо йўқотиш осондир”.
Имом Зуҳрий айтади:
“Куфалик наҳв олими Саълаб Абул Аббос ибн Яҳёнинг бошига кулфат тушди. Унинг бошига тушган мусибатдан бехабарлигим туфайли ҳол сўрашда кечикиброқ борибман. Ундан узр сўрадим. Шунда у деди:
“Эй Абу Муҳаммад! Узр сўрашга ҳожат йўқ. Дўстни ҳисоб қилинмайди, душманни эса ҳисобга олинмайди”.
Муҳаммад ибн Манозир айтади:
“Халил ибн Аҳмад Фароҳидий каби инсонни кўрмаганман. У билан бирга юриб бораётган эдим. Пойафзалим узилиб кетди. Мен ялангоёқ юра бошладим. Шунда Халил ҳам оёқ кийимларини ечиб қўлига олди. Мен ундан: “Нима қилаяпсан?”, деб сўрасам у: “Сенга ҳамдард бўлаяпман”, деди.
Юнус ибн Убайднинг бошига мусибат тушди. Унинг олдига келган қитмир кишилар унга: “Ибн Авф сендан хабар олгани келмадими?!”, дейишди. Шунда у деди: “Биз агар биродаримизнинг муҳаббатига ишонсак унинг бизнинг олдимизга келмаслиги унга зарар бермайди”.
Тўғри, дўстлар ана шундай қийин пайтларда билинади. Инсон елкасини силайдиган дўстга гоҳида муҳтож бўлади. Аммо дўстларни ҳам баъзида маъзур кўриш ва уларни қаттиқ тутиш мурувватдандир. Зеро дўстлар ҳисоб қилинмайди, душманлар эса ҳисобга олинмайди!
С.Насриддинов
Денов тумани Умари одил жоме масжиди имом ноиби