– Инсоннинг жисмини ўрганувчи, араб тилида сўзлашувчи олимлар ва табиблар  инсоннинг чап кўкрагига жойлашган, конус шаклидаги махсус аъзони қалб деб атайдилар. У бизнинг тилимизда юрак дейилади. Юрак инсоннинг ҳаёт кечириши учун керак бўлган энг асосий вазифани – қонни томирларга ҳайдаб туриш вазифасини бажаради. Модомики юрак ишлаб турар экан, инсон ҳаёт бўлади. Юракнинг ишлашдан тўхташи инсоннинг ҳаётни тарк этишидир.

Қуръони Каримда «қалб» сўзи икки хил маънода келган. Мазкур икки маънодан бири ақл маъносидир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратиб қўйдик. Уларнинг қалблари бор-у, у билан англамаслар» (179-оят).

Ушбу ояти каримадаги «қалб» сўзида ақл ва идрок маъноси ўз ифодасини топгандир.

Қуръони Каримда «қалб» сўзи яна иккинчи маънода, яъни муҳаббат, хавф, улуғлаш каби ҳис-туйғуларнинг маркази маъносида келган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Сўнгра, шундан кейин ҳам қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки ундан-да қаттиқ» (74-оят).

Ушбу оятда зикр қилинган «қалб» роббоний, руҳоний ва латиф нарса бўлиб, ўша латиф нарса инсоннинг ҳақиқатидир. Идрок, билим ва маърифат ўшандандир. Хитоб, итоб, иқоб ва талаб ҳам ўшангадир.

Тасаввуфда қалб дейилганда мазкур латиф нарса англанади. У ҳақда унинг сифати ва аҳволи хусусида сўз боради.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, араб тилида «қалб» сўзи «ўзгариш», «айланиш» каби маъноларни англатади. Қалбнинг ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳни зикр қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»

Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсоннинг қалбини юмшатади, хотиржамлик бағишлайди.

 

Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Лекин қотиб қолган қалблардан ҳам умид узмаслик керак. Ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзига осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.

Демак-ки, юмшаган қалб —саҳий қалб, меҳрли қалб, гўзал қалбга айланади.

Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишини сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа бўлади, хоҳламаса бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина гўзал қалб соҳиблари — мўминлардир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, қалб табиблар наздида ҳаётни, уламолар наздида ақлни ва машойихлар наздида маънавий сезгиларнинг марказини ифода қилади. Бу уч сир жамланиб, руҳ деб номланади. Руҳ эса сирларнинг сири деб ҳам аталади.

Г.Раҳимова
Денов туман бош отинойиси

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here