Солиҳлардан бири хуфтон намозидан сўнг уйига кирса, болалари ухлаб ётишган экан.

Аёлидан «Болалар намоз ўқишдими?» деб сўради.

«Уйда таом йўқ эди. Овунтириб ўтирсам, намоз ўқимай ухлаб қолишди» деб жавоб берди аёли.

«Уларни уйғот!» деди эри.

Аёли «Эй Абу Фулон, агар уларни уйғотсам, очликнинг зўридан йиғлайдилар. Уйда эса таом йўқ» деди.

Бу гапни эшитган эри шундай деди: «Қулоқ сол, уларни намозга буюриш менинг зиммамдаги вазифадир. Уларнинг ризқлари эса менинг зиммамда эмас. Уйғот уларни, чунки уларнинг ризқи Аллоҳ таолонинг зиммасидадир. У Зот «Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир» деб марҳамат қилган».

Аёл «Хўп» деб, болаларини уйғотди.

Болалар намоз ўқиб бўлишган чоғда эшик тақиллади. Очиб қарашса, бир бой киши турибди, қўлида эса турли лаззатли таомлар бор эди. «Бу таомларни оила аъзоларингизга олиб киринг» деди бой.

Уй эгаси бойдан «Нима бўлди?» деб сўради.

Шунда бой киши: «Уйимга шаҳарнинг ҳурматли кишиларидан бири келганди. Унинг учун мана шу таомларни тайёрладим. Таомни тановул қилишидан олдин у билан хусуматлашиб қолдик. Шунда у менинг таомимдан ҳеч нарса емасликка қасам ичиб, кетиб қолди. Мен дарҳол овқатларни кўтардим-да, ичимда «Оёғим кимнинг уйи олдида тўхтаса, таомларни ўшанга бераман» дедим. Аллоҳга қасамки, сизнинг эшигингиз ёнида тўхтадим. Аллоҳга қасамки, сизнинг олдингизга мени нима етаклаб келганини билмайман» деди.

«Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин.

Роббимиз, ҳисоб қилинадиган Кунда мени, ота-онамни ва мўминларни мағфират айлагин» (Иброҳим сураси, 40—41-оятлар).

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here