Муқаддас динимиздаги муҳим вазифалардан бири фарзанд тарбиясидир. Ушбу масъулиятимизни ҳис этган ҳолда ота-оналар ўз фарзандларининг одоб-ахлоқига жиддий эътибор беришлари ва ҳар қандай шароитда ҳам фарзанд тарбияси билан шуғулланишга вақт топишлари лозимдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: « Ҳар бир туғилган фарзанд Ислом фитратида дунёга келади. Кейин эса ота-она уни ё яҳудий, ё насроний, ёки мажусий қилади».

Ҳадисдан маълум бўладики, ота-она сабаб фарзандлар тўғри ё нотўғри йўлдан кетиши мумкин экан. Фарзандларимиздаги ёмон ахлоқ ва унинг нохуш оқибатлари учун аввало ота-она, қолаверса, барчамиз масъулдирмиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзандларингизга одоб ўргатинг ва одобларини чиройли қилинг», дедилар.

Мазкур ҳадислар бизларга фарзанд тарбиясида ўта эътиборли бўлиб, уларнинг муомала одоблари, ростгўй, омонатдор, катталарга ҳурмат, кичикларга шавқат туйғуси ила шакллантириб боришимизга чақирмоқда.

Ёшларни яхшиликларга қандай ундасак, ёмонликлардан, ёмон одатлардан ҳам шунча қайтариб боришимиз, қалбларига ёмонлик эмас, фақат ва фақат яхшилик уруғларини экиб, парваришлаб бориш ҳам зиммамиздаги оғир масъулиятимиздир.
Уларнинг юриш-туриши, кийиниш одобларида бошқа миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан қайтариш, аксинча, ўз дини, миллий қадриятларини эъзозлайдиган инсон қилиб вояга етказиш ҳам ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.

 Қизириқ тумани бош имом хатиби Абдухалил Абдуназаров

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here