Ҳаёт имтиҳондир. Синов бор жойда эса бурч, жавобгарлик масъулият бўлади. Барчамизнинг зиммамизга омонат юклатилган ва уларнинг энг муҳими фарзандлар тақдири учун жавобгарликдир. Аксарият кишилар фарзандга қилинадиган яхшилик ва ёмонликни тўғридан-тўғри тушунади. Бироқ асл ёмонлик фарзандга яхши таълим бермаслик, гўзал фазилатларни шакллантирмасликдир. Айрим оналар болаларига отани жазоловчи инсон сифатида кўрсатади. Баъзи оилаларда йўл қўйилаётган тарбиядаги камчиликлар янада улканроқ, пиёлани бехосдан синдирган боласини аямай уради, овқатни тўкиб юборса, дўппослайди. Наҳотки арзимас матоҳлар биз учун фарзандларимизнинг руҳий оламидан, шаклланаётган шахсиятидан қимматли бўлса?! Бундай муҳитда тарбия топган бола асабий, қўрқоқ бўлиб етишади. Шахсий фикри йўқ, иккиланадиган инсон бўлади.
Табобат ва ирсият фанлари ота-онадаги рухий-маънавий жиҳатлар болада ҳам такрорланишини исботлаган. Демак, аввало, оила қураётган киши феъл-атвор, фазилат ва нуқсонларнинг фарзандида такрорланишини унутмаган ҳолда иш тутиши, муносиб жуфт танлаши лозим. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ўзингиз учун муносиб жуфт танланг. Зеро, аёллар ака-укалари, опа сингилларига ўхшаш туғадилар” (Имом Абу Нуайм ривояти).
Шундан сўнг қурилган янги оиланинг муҳитини ҳам яхшилаш, хотиржамлик масканига айлантириш керак. Бундай оилада улғаядиган болаларга бериладиган нарса аҳлоқий наъмуна билан гўзал тарбиядир. Фарзандга қолдириладиган энг афзал мерос ҳам одоб-аҳлоқдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадиси шарифларида: «Оталар фарзандларига гўзал хулқдан кўра яхшироқ нарсани бера олмайди» , деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Чунки молу-дунё кундан-кунга камайиб боради. Одоб-аҳлоқ эса кўпайиб инсонни камолга етказади.
Муқаддас динимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратади. Уларга одоб-аҳлокдан пухта таълим-тарбия беришни муҳим вазифа санайди. Зеро, жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлиши кўплаб муаммоларнинг асосий ечими, юрт тинчлиги ва ободлигининг бош омилидир.
Олтинсой туман «Хидиршо Ота» жомеъ масжиди имом хатиби
Абсалом Султонов