Маълумки инсон ҳаёти давомида турли мафкуралар ўртасида зиддият ва қарама-қаршиликларни бошдан кечирган, бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаравон ва осойишта ҳаёт кечириши, мамлакат фуқароларининг илм ва ҳунар эгаллаши, оқибатда эса юрт ободлиги албатта унга мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликка боғлиқлиги аён бўлади. Бизнинг халқимиз азалдан туғилиб ўсган жой ватан эканлиги, ватанни севиш ва уни ҳимоя қилиш нафақат душмандан балки унинг мусаффо осмонини ҳар-хил экологик бузилишлардан, унинг халқини ҳар-хил мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, унинг табиий бойликларини асраб-авайлаб исроф қилмасдан фойдаланиш, бугунги дориломон саодатли кунларга етишишимиз ватан озодлиги, юрт тараққиёти йўлида жонини фидо қилган аждодлармизни эсдан чиқармаслик лозимлиги доимо фарзандларга уқдириб ва тушунтириб келинган.
Бугунги кунда ватан сарҳадларини ҳушёрлик билан ҳимоя қилаётган йигитлар ушбу юрт муқаддас эканлиги, мустабид тузум даврларида қатағон қилинган, қатл этилган юзлаб юртдошларимиз, ватанимизнинг фидойи фарзандларини қаҳрамонликларини эсдан чиқармасликлари лозим. Бу гўзал юрт, мусаффо осмон, бу тинчлик хотиржамлик аждодлармизнинг ватан учун қилган хизматларини бугунги кунда биз ва биздан кейинги ёшлар эсда тутишлари учун юртимизда 2001 йилдан буён мамлакатимизда 31-август қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Тошкент шаҳрида бунёд этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуи мустабид тузум даврида зулм ва тажовуз қурбони бўлган минглаб ватандошларимиз хотирасига кўрсатилган улкан эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳам ҳадисларида ватанни севиш иймондандир деган сўзлари халқимизнинг “Ватан остонадан бошланар” деган ҳикматли сўзлари бизни доимо “ватан деганда” ўзимизни сергак ва ҳушёр тортишликкабошлаб турмоғи керак. Ватанимиз сарҳадларини ёш, навқирон иймонли, ақдли ва билимли, ушбу гўзал юртни севадиган, ота-онасини, ёру-дўстларини маҳалла-кўйини яхши кўрадиган, ҳар томонлама чиниқган фарзандлари ҳимоя қилар экан, албатта бу мамлакат мустаҳкамдир.
Халқимизда “Қўшнинг тинч сен тинч” деган мақол бор. Халқимизнинг орзуси ва мақсади битта. Жаҳондаги барча мамлакатларда, элларда тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурсин, одамлар бахтли ва фаравон ҳаёт кечирсин. Шунинг учун хам халқимиз юртбошимиз бошчилигида доимо қўшни Афғонистон заминида 30 йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган можаролар тезроқ барҳам топишини истаб келадилар. Бизнинг ёши улуғ кексаларимиз уйларида тинч, тунларини осойишта невараларини қучоқлаб ҳидларига тўйиб ётишади. Қўшни мамлакатда эса ёши улуғ қариялари ҳам совуқ қуролларини қучоқлаб тинчлигини ўйлаб тонг оттиришади.
Азизлар улуғ неъмат мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилишга огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ, уни асраб авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муаййян соҳа ходимларининг вазифаси деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг, зеро тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.
Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳам яъни: “Икки неъмат борки кўпчилик инсонлар унинг қадрига етишмайдилар. У — тинчлик хотиржамлик ва сиҳат саломатликдир” демак тинчлик ва хотиржамлик яратганнинг буюк илоҳий неъматларидан биридир, қолаверса барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Тинчлик хотиржамликни улуғ неъмат дедик. Инсон доимо ўзидаги неъматнинг қадрини билиши, унинг устида мулоҳаза юритмоғи шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриши билан бўлади. Бу эса эътиборли инсонни янада кўпроқ худога шукр қилишга ундайди. Неъматнинг давомийлиги унинг шукри адо этилишига боғлиқ. Неъматнинг салмоғига қараб унинг шукри ҳам ҳар-хил бўлади, баъзи неъматларнинг шукри тилда “Алҳамдулиллаҳ” яъни худога шукр дейиш билан адо бўлса мисол учун чанқаганда бир тўйиб сув ичсак одатда “Эй худога шукр” деганга ўхшаш, бошқа хил неъматлар борки уларнинг шукрини амалий тарзда адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган амалдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига фарздир. Кесалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишликлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса ватан сарҳадларини муносиб ҳимоя қилиш, уни асраш ва қадрига етиш борасида астойидил илм олишга ва ҳар томонлама тайёргарликни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Аллоҳ таоло жаннатмакон юртимизнинг тинчлигини мустаҳкам қилсин.
Х. БОБОТОЖИЕВ
Музработ туман Дустмухаммад бобо жоме масжиди имом ноиби.