Жалолиддин Румий (раҳматуллоҳи алайҳ) риёзат ва мужоҳадада шиддатли ҳамда ибодатда қувватли зот эди. У киши билан узоқ йил суҳбатдош бўлган Саба Саллор: “Мен уни уйқу кийимида кўрмаганман. Унинг кўрпа ва болишига ҳам кўзим тушмаган. Уйқу ғолиб келса ўтириб ухлар эди”, деган.
Намоз вақти бўлса, Жалолиддин Румий (раҳматуллоҳи алайҳ) қиблага қараб юзланар, ранги ўзгариб, бутун борлиғи билан намозга киришарди.
Жалолиддин Румий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг намози Раббисининг муҳаббатига ғарқ бўлган банданинг ибодати эди. У ўзини бутунлай унутиб, Раббиси ила машғул бўларди. У маконни ҳам, замонни ҳам, рукуни ҳам, саждани ҳам сезмас эди. Кўз ёш тўкар, гоҳида муҳаббатдан эриса, гоҳида илоҳий ишқ ўтида ёнарди. Бир куни намозда туриб узоқ йиғлади. Кўз ёши селдек қуйилди. Юзини, соқолини ҳўл қилди. Қиш пайти эди. Кўз ёшлари юзи ва соқолида музлаб қолди.
Жалолиддин Румий (раҳматуллоҳи алайҳ) ўта саҳий эди. Олдига тиланчи келганда ҳеч нарсаси йўқ бўлса, кўйлаги ва чопонини ечиб берар эди. Шунинг учун доимо ечилиши осон кўйлак кийиб юрар эди.
Жалолиддин Румий ўта сабрли ва чидамли инсон эди. Бир куни йўлда кўндаланг ётган итга дуч келди. Уни безовта қилгиси келмай, уйғонишини кутиб турди. Шу пайт бир киши келиб итни турғазди, йўлни очди. У зотга бу иш ёқмади, “уни безовта қилдинг”, деди.
Жалолиддин Румий (раҳматуллоҳи алайҳ) бир куни сўкишаётган икки киши олдидан ўтиб қолди. Улардан бири иккинчисига: “Агар мени бир марта сўксанг, сени ўн марта сўкаман”, дер эди. Шунда У зот: “Иккингиз мени сўкинглар. Агар сиз минг марта сўксангиз ҳам, бир марта сўкмайман”, деди.
Исломиддин Муҳаммад СОДИҚ ўғли тайёрлади