Жобир ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Намознинг калити — таҳорат, жаннатнинг калити — намоз» (Абу Довуд ривояти).
Муоз ибн Жабални Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Яманга юбораётганларида унга шундай дедилар: «Тез кунларда аҳли китоблар сендан жаннат калити ҳақида сўрайдилар, уларга «Лаа илаҳа иллаллоҳ», деб гувоҳлик бермоқ, дегин» (Байҳақий ривояти).
«Саҳиҳул Бухорий»да келишича, Ваҳб ибн Мунаббаҳга: «Жаннатнинг калити «лаа илаҳа иллаллоҳ» эмасми?» дейилди. Ваҳб: «Шундоқ, лекин ҳар қандай калитнинг тишлари бўлади. Агар калит тишли бўлса, эшик очилади, тиши бўлмаса, очилмайди», деди. Тишлар Аллоҳ таолони якка-ю ёлғиз билиш ва Унгагина ибодат қилишдан иборат.
Аллоҳ таоло деди: «Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи боғлар бор» (Бақара, 25);
«Албатта иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун фирдавс боғлари манзил бўлур» (Қаҳф, 107).
Иймон билан амал ҳақидаги бундай мисоллар Қуръонда жуда кўп. Юқорида Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинган биринчи ҳадиснинг тақозоси ҳам шу.
Жаннат калити фақат тавҳид экани ҳақида ҳадислар жуда кўп. «Саҳиҳайн»да Абу Зар ва бошқалардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳ таолога бирор нарсани ширк келтирмасдан вафот қилса, жаннатга киради», дедилар. «Зино ва ўғрилик қилса ҳамми?» дейишди. «Зино ва ўғрилик қилса ҳам», дедилар.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Малакул мавт (Ўлим фариштаси) бир кишининг олдида ҳозир бўлди. Аъзоларининг ҳар бирини қараб чиқди ва ҳеч қандай яхшилик топмади. Сўнг қалбини ёриб кўрди, унда ҳам ҳеч нарса топмади. Сўнг жағини очди ва тили танглайига «лаа илаҳа иллаллоҳ» деб ёпишиб қолганини кўрдида; «Ихлос калимасини айтганинг эвазига сенга жаннат вожиб бўлди», деди» (Табароний ривояти).
✍️✍️Термиз шахар Хаким-Термизий жоме масжиди имом-ноиби САТТАРОВ ХАЗРАТ