Ҳанафий мазҳабида “такбири таҳрима” масаласи
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиб, қўлнинг бош бармоғи қулоқнинг юмшоғига етказилади ва “такбири таҳрима” айтиб, намозга кирилади.
Қўллар кўтарилганда кафтнинг ички томони қиблага қаратилиб, бармоқлар бироз очилган ҳолатда бўлади.
Намозга киришда қўллар қулоқ баробаригача кўтарилиши ҳақида бир қанча ҳадислар келган бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:
عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ رضي الله عنه،”أَنَّهُ رَأَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، رَفَعَ يَدَيْهِ حِينَ دَخَلَ فِي الصَّلَاةِ كَبَّرَ،
وَضَعَهُمَا حِيَالَ أُذُنَيْهِ” (رواه الإمام مسلم)
яъни: Воил ибн Ҳужр розийаллоҳу анҳу: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни намозга киришда такбир айтиб, қўлларини кўтариб, қулоқлари баробарига кўтарганларини кўрдим”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, намозга киришда қўлни қаергача кўтариш ҳақида мазҳаблар орасида бироз фарқлар бор.
Албатта, агар барча ўз мазҳабига амал қилса, муаммо йўқ.
Аммо минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиниб келаётган юртда туғилиб-ўсган кишилар, ота-боболарининг мазҳабига зид равишда, кўпчилик жамоатдан ажралиб намоз ўқишлари муаммо ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом намозга киришда қўлларини елкалари баробаригача кўтарганларига далолат қиладиган ҳадислар ривоят қилинган.
Барча ҳадисларни мукаммал ўрганган уламоларимиз бу масалада қуйидагича хулосага келганлар: “Совуқда Пайғамбаримиз соллаллаҳу алайҳи ва салламнинг қўллари кийимлари ичида бўлгани ва қалин кийимнинг енги бўлмагани сабабли намозга киришда қўлларини елка баробаригача кўтарганлар.
Табиийки, бундай ҳолатда қўл елкадан тепага кўтарилмайди.
Совуқ бўлмаган пайтларда Пайғамбар алайҳиссаломнинг қўллари кийимларининг ичида бўлмагани учун намозга киришда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтарганлар.
Маълумки, ҳозирги кунда қўллар кийим ичида бўлмаслигига сабаб, барча кийимларнинг енги борлигидир. Демак, ҳозирги пайтда намозга кирувчи киши қўлларини қулоғи баробаригача кўтаради.
Шу билан бирга, намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ юмшоғига теккизишнинг бир ҳикмати шуки, орқада иқтидо қилгувчиларга намозга киришганлигини аъзолар билан билдиришдир.
Айниқса, қулоғи оғир ёки умуман эшитмайдиган кишилар ҳам қўлни қулоқ баробарига кўтарилган пайтда намоз бошланганини биладилар.
Қўлни елка баробарига кўтарганда эса, орқадагиларга намоз бошланганини кўз билан билиш қийин бўлади ёки кўринмайди.
Шунинг учун ҳам уламоларимиз намозга киришда қўлнинг бош бармоғини қулоқ баробаригача кўтариш суннат ва уни қулоқ юмшоғига теккизиб қўйиш мустаҳаб амал деганлар.
✍️✍️Қизириқ тумани бош имоми хатиби Абдуназаров Абдухалил