Бу ибора араб тилидаги «куфр» сўзининг ўзагидан олинган бўлиб, луғатда инкор қилиш, тан олмаслик, кофирга чиқариш каби маъноларни англатади.
Ислом тарихида, такфир тушунчаси тўртинчи халифа Али розияллоҳу анҳу даврида пайдо бўлган Хорижийлар гуруҳи томонидан ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўлланилган.Улар дастлаб халифа Алининг ашаддий тарафдорлари бўлиб, «Сиффийн» жангидан сўнг ҳазрати Алидан ўн икки минглик қўшин билан ажралиб чиқиб, унга ва Муовияга қарши баробар кураш олиб борган.
Хорижийлар қурол ишлатиш орқали ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўйган. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санайдилар. Хорижийларнинг мазкур такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, ҳатто, ҳазрати Алининг ҳам ҳаётларига тажовуз қилинган.
Хорижийларнинг даъволарича «катта гуноҳ қилган киши диндан чиқиб, кофир бўлади» дейишади.
Ислом уламолари уларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил қилиб, умуман уларни исломий тушунчалардан йироқ эканлигини таъкидлашади. Жумладан, мусулмонлар томонидан содир этилган гуноҳлар сабабли исломдан чиқмаслиги ҳақида қатор далиллар мавжуд.
Ислом уламолари айтадилар: Ислом шаҳодат калимасидир. У билан инсон мусулмон бўлади.
Бунга Убода розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадислари далил бўлади: » Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расули эканлигига гувоҳлик берса, дўзах унга ҳаром бўлади» ( Имом Муслим ривояти).
Инсон шаҳодат калимасини айтса, мусулмон бўлаверади.Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳодат калимасини айтган кишини Исломини қабул қилиб, уни мусулмон деб эътиборга олган.
👆Ислом тарихида хорижийлар томонидан қўлланилган услуб бугунги кунимизда ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом этиб, улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблаш тамойили асосий ўринда турибди.
Мусулмонларни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар сабабли Қуръон ва Суннатда ўзга бировни куфрга чиқаришдан қайтарилган.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир қибла аҳлидан бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозим.
Ақийда китоблари, жумладан, «Таҳовий ақийдаси»да:» Қибла аҳлидан бўлган бирор-бир мусулмонни гуноҳи туфайли кофир санамаймиз»,- дейилади.
Замонамизнинг машҳур уламоси Шайх Юсуф Қарзовий мусулмонни кофирга чиқариш хусусидаги саволга қуйидагича жавоб беради: «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг Расули эканлигига қалби билан тасдиқлаган ҳолида гувоҳлик берса, мусулмондир.Унга тўлалигича мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим».
«Ислом маърифати: аслият ва талқин» китобидан олинди
Қизириқ тумани бош имоми А. Абдуназаров