ЁМОН БЎЛМАЙДИ…

Супургини тик қилиб қўйса, қиблага қаратса;
Меҳмон кетгандан кейин орқасидан супурилса;
Қалампир, супурги каби нарсаларни қўлдан қўлга берса;
Олдидан қора мушук кесиб ўтса;
Остонада кўришилса ёки ўтирилса;
Чап қовоқ учса;
Чап кафт қичиса;
Хўроз бемаҳал қичқирса;
Бир кунда икки келин туширган ҳовлига иккала келин бир вақтда, битта дарвозадан кириб борса;
Бойўғли сайраса;
Дуо қилинаётганда дастурхон устида қалампир ёки пичоқ турган бўлса;
Ҳовлига мажнунтол экилса;
Сафар ойида тўй қилинса;
Анжир дарахтининг ўтини ёқилса;
Супрадаги унни кафтининг орқаси билан тўпласа;
Супрани ёзган одамдан бошқаси йиғиштирса;
Шомдан кейин сўраб чиққанга сигир сути берилса;
Биров тишлаган нарсани еса;
Пиёладаги чой тугамасдан, устига чой қуйилса;

БАХТ ЁКИ БАХТСИЗЛИК

Пешонанинг кенглиги;
Қўлнинг узунлиги;
Тана аъзоларининг шакли, ҳажми;
Кўзнинг ранги;
Чиптадаги рақамларнинг мутаносиблиги;
Синиқ ойнага қараш;
Хонтахта ёки столнинг бурчагига ўтириш;
Супурги ёки ўқлов учида туртиш билан юзага келмайди!

ДАРОМАД ВА БАРАКАГА

Чойнинг устидаги пуфакчаларни сочга суртиш;
Ўнг кафт қичиши;
Биринчи сотилган нарсанинг пулини барча матоларга теккизиб чиқиш;
Дам урилган пулни хамёнда асраш;
Эрталабда ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларига ҳам пул бермаслик асос бўлолмайди!

ТУҒРУҚНИНГ ОҒИР ЁКИ ЕНГИЛ КЕЧИШИ

Кўрпа-тўшакларнинг астар томони билан тахланганига;
Ҳомиладорлик даврида ғўзапоя ўтини тандирга илдиз томони билан солинганига;
Касалхонага кетаётиб, кийимларни илгичлардан чиқариб ёки кир ёйиш учун боғланган дорларни ечиб ёхуд шкаф каби жиҳозларнинг эшикларини очишга;
Сувда қайнатилган мошнинг тез очилишига боғлиқ эмас!

НАЗАРДАН САҚЛАМАЙДИ

Дарвоза тепасига, ҳовлидаги устунларга осиладиган ҳайвон калла суяги, тақа, исириқ, қалампир каби нарсалар;
Буржга қараб тавсия қилинадиган турли рангли тошлар;
Қўлга, бўйинга осилган кўзмунчоқ, кийимга қадаб қўйилган дўлана.

КИМНИНГДИР ЎЛИМИГА

Юлдуз учиши;
Идиш-товоқларни қозоннинг ичига солиб ювиш;
Гўдакни деразадан узатиш, олиш;
Бешикни икки киши кўтариши;
Пичоқ дамининг тепага қараб туриб қолиши;
Одамнинг эгнида кийим чатилиши, тикилиши сабаб бўлмайди!

БУЛАРГА ИШОНСАНГИЗ…

Кечқурун тирноқ олса (ёки сешанба, шанба ва ҳоказо кунлари) тирноқ олса, бир ёмонлик келади;
Чақалоқни жума куни чўмилтириб бўлмайди, савобини кўтара олмайди;
Дуо қилинаётганда дастурхон устида пичоқ турса, уйдан барака учади;
Шомдан кейин сут, қатиқ сотилса ёки берилса, сигирнинг сути камаяди;
Азали хонадон аъзолари марҳумнинг “қирқи чиққунича” тухум ейишлари гуноҳ;
Таом аввалини гўшт билан бошласа, бош фарзанди ўғил бўлади;
Таомнинг қирмочини еган ёки қозон тагини ялаган қизнинг тўйида ёмғир ёғади;
Эркак киши уйдан чиқаркан, йўлини аёл киши кесиб ўтса ўша куни иши юришмайди;
Тирик одамнинг бўйини қаричлаб ёки бошдан оёғигача метрлаб ўлчаб бўлмайди, ўликни ўлчагандек бўлади;
Янги туғилган чақалоқни “қирқи чиқмасдан” ювинтириб, соч ва тирноқларини олиб бўлмайди;
Шанба куни қўлдан пул кетса, фақирлик келади, аксинча, пул келса, бойлик келади;
Супургини қўшнига бериб бўлмайди, уйдан барака қочади;
Қўшнидан супурги, игна сўраб бўлмайди, йўқсиллик келтиради;
Нонни дастурхонга тоқ қўйиб бўлмайди, азали жойда тоқ қўйилади;
Чоршанба куни соч-соқол олиб бўлмайди, чунки у куни ҳатто тўнғиз ҳам тук ташламас экан;
Тўқ кўк рангли либосни кийиб бўлмайди, чунки у азадорларнинг либоси ҳисобланади, каби ирим-сиримлар соф динимиз таълимотига зид амаллардандир.

Домла Қосим жомеъ масжиди имом хатиби М. Мусулманов

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here