Ҳизбут-таҳрирнинг “ақли” ёки ақлсизлиги шу ердаки, улар исломий ақидани ақл ва сиёсат устига қурилган, дейдилар. Жумладан, уларнинг “Имон китоби” (68-бет) ва “Ҳизбут-таҳрир” (26-бет) номли рисолаларида: “Ислом ақидаси ақл устига қурилган” ва “Ислом ақидаси ақлий ва сиёсий ақидадир!”, дейилади. Ҳизбчилар фикрича, ақл диннинг асосларидан биридир. Чунки, банда ақл билан роббисини танийди.

Аслида, ислом биноси бешта экани барчага маълум ва у ўзгармасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ислом бешта устунга бино қилинган. Аллоҳга ишониш, намоз ўқиш, закот бериш, рўза тутиш ва ҳаж”, деганлари машҳурдир.

Бу тўғрида бир қанча саҳиҳ ҳадиси шарифлар мавжуд. Ислом тавҳид ғоясини оламга ёяр экан, уни фақат пайғамбарлар воситасида амалга оширди. Яъни, Аллоҳ талонинг ўзи элчилари орқалигина ўзининг якка-ю ягоналигини билдирди. Ақлига суянганлар эса ширк келтириб, маъбудларни кўпайтириб олдилар ёки Яратувчини бутунлай инкор қилдилар. Аллоҳга қандай ва қай шаклда ибодат қилишни бандаларга фақат пайғамбарлар ўргатдилар. Исломнинг ақидасини ташкил қиладиган – Аллоҳнинг якка-ю ягона эканлиги, Унинг ҳеч бир яралмишларга ўхшамаслиги, пайғамбарлар барҳақлиги, фаришталарнинг борлиги ва уларнинг махсус вазифалари, ўлгандан кейин қайта тирилиш, қабр ҳаёти, қабрдаги фаришталар савол-жавоби, жаннат ва дўзах каби масалаларни уммат фақат пайғамбарлар орқали махсус ваҳий ва Қуръони карим билан билганлар, холос. Ушбу масалаларни ақл билан билиб олишнинг асло иложи йўқ!

Ҳизбчиларнинг йўлбошчиларидан бири Умар Бакри эса “Моида” сурасининг тафсирида: “Мусулмонлар орасида ҳосил бўлган тафриқа ва фирқаланиш ақидавий ишларда ўз ақлларига хизмат қилганларидир!”, деб туриб, ҳизбут-таҳрирнинг юқоридаги фикрининг аксини гапиради. Ҳақиқатда эса ҳизбут-таҳрир жамоаси ўзларининг ноқис ақлларига суяниб, шариатнинг асл ҳукм ва фатволарига тескари иш қилиб тафриқага сабаб бўлдилар ва аҳли суннат ва жамоатдан айрилган фирқа бўлиб олдилар.

Бу, ақлни шариатдан устун қўйган фалсафачилар ва исломдаги илк фирқалардан бири мўътазилийларнинг йўли бўлиб, ақлларига суянганлари боис Аллоҳ таоло уларни ҳамма жойда хор қилди. Ақлни устун санаган ҳизбчилар эса мусулмонларнинг айримларининг адашувига сабабчи бўлдилар. Шунинг учун ҳам ҳузбуттаҳрирнинг эътиқоди шариат ақидалари ва аҳкомларини ўзларининг ноқис ақлларига сиғдира олмаганлари сабабли юзага келади: улар исломнинг энг асосий ақидалари ҳисобланган қабр азоби, қабр ҳаёти, мункар-накир кабиларни инкор қилаверадилар. Намоз, рўза, шаръий ҳадларни ижро қилиш кабиларга ҳам ақллари етиб бормагани сабабли ҳизб “буларни исломий давлат қурилганидан сўнг халифа келганида адо этилади”, деб сафсата тўқийдилар. Жумладан, номи зикр қилинган Умар Бакри “Рўзанинг кичик шарти” номли рисоласида (25-бет) шу ҳақида сўз юритган эди.

Ҳизбут-таҳрирнинг “Ислом ақидаси сиёсат устига қурилган!”, деган гаплари исломга нисбатан бўҳтон ҳисобланади. Ислом ақидаларининг барчаси ягона Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва сиғиниш ғоясини ўзида ифода қилади ва унинг асло сиёсатга алоқаси йўқ.

Юқоридаги зикр қилинган ислом ақидалари – Аллоҳнинг якка-ю ягона эканлиги, Унинг ҳеч бир яралмишларга ўхшамаслиги, пайғамбарлар барҳақлиги, фаришталарнинг борлиги ва уларнинг махсус вазифалари, ўлгандан кейин қайта тирилиш, қабр ҳаёти, қабрдаги фаришталар савол-жавоби, жаннат ва дўзах каби масалаларнинг сиёсатга қандай алоқаси бор?!

Ҳизбчилар жар солаётган халифалик эса асло ақидавий масала эмас. Бир минг тўрт юз йиллардан бери мусулмон уммати ва мусулмонларнинг уламолари халифаликни ақидавий масала қилиб олган эмас. Уни аҳли суннат ва жамоатдан айрилган хаворижлар каби фирқалар ақидага айлантирганлар, холос. Ҳизбуттаҳрир эса хаворижларнинг бугунги кундаги ворислари ва айнан такрор қилувчиларидир.

Демак, шариат Қуръон ва ҳадислардаги маъно-мазмунни ва ундаги ҳукмларни саҳобалар, тобеъинлар, табъа тобеъинлар ва улардан кейинги аҳли суннат ва жамоат мусулмонларининг уламолари қандай тушунган ва айтган бўлса, шу хилдадир. Ундан ўзгаси гумроҳлик ва залолат ҳисобланади.

Ҳизбут-таҳрир кўтариб чиқараётган ғоя ва фикрлар ўтмишда ўтган ҳеч бир уламо томонидан айтилган эмас. Улар хаворижларнинг фикрларининг айни такроридир, холос

Толли ота жоме масжиди имом хатиби Рашидов Ҳайбатуллоҳ

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here