Қуръони каримни ўқир эканмиз, унда камтар бандалар мақталиб, бурни осмонда бўлган мутакаббир кимсалар қаттиқ қораланганининг гувоҳи бўламиз. Шунда беихтиёр мутавозе инсонларга ҳавасимиз ортади, манман кимсаларга нисбатан ачиниш ҳисси пайдо бўлади.
Аллоҳ таоло Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламни гўзал хулқларга тарғиб қилиб шундай деган: “Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг!” (Шуаро сураси, 215-оят). Бу ерда бежизга “қанотингизни паст тутинг” дейилмаяпти. Эътибор берсангиз, қуш ерга пастлаётганда икки қанотини пастга туширади. Агар учмоқчи бўлса, қанот қоқиб, баландлатиб осмонга кўтарилади. Оятда қанотини пастлатишдан мурод камтар бўлиш, ўзини хокисор тутишдир.
Уламолар мазкур оятни: “Уларга мулойим бўлинг, чиройли муомала қилинг, муҳаббатли бўлинг, хулқингизни гўзал қилиб, биродарларингизга яхшиликлар қилинг”, деб тафсир қилишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу амрга бўйсуниб, мўминларга энг чиройли муомала қилдилар, бирон кишининг дилини оғритмадилар, уларни бой-камбағалга ажратмасдан, барчаларига бирдек гўзал муносабатда бўлдилар. Мана шу хислат одамларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан меҳр-муҳаббатларини орттирди, уларга севимли қилди. Агар қўполлик қилганларида атрофларида бирон киши қолмаган, барчалари тарқалиб кетган бўларди.
Чиройли муомала, ўзини камтар тутиш инсонни одамларга суюкли қилади. Айниқса, эл назаридаги инсонлар, жумладан, Аллоҳ таолонинг амр ва қайтариқларини етказиш учун мукаллаф бўлган пайғамбарлар ширин сўз бўлишлари кишиларнинг уларга бўлган ихлосларини, муҳаббатларини зиёда қилади. Натижада Пайғамбар айтган сўзларни кенгбағирлик ила қабул қилиб, Аллоҳ рози бўладиган амалларни бажарадилар, набийга хайрихоҳлик билдирадилар.
Аллоҳ таоло Ўзига маҳбуб бандалар хулқи ҳақида шундай деган: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозеъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам “Омон бўлинглар”, деб жавоб қиладиган кишилардир” (Фурқон сураси, 63-оят). Бу ерда “Раҳмоннинг бандалари” дейиш билан камтарин зотлар Аллоҳ таоло учун суюкли эканлигига ишора қилинмоқда.
Аллоҳ таолога севимли муттақий бандаларини сифатлаб, улар ер юзида кибру ҳаво билан эмас, хокисорлик билан, виқор ва сакинат билан юришларини маълум қилмоқда. Агар бундай зотларга бирон кимса жаҳолат билан мурожаат қиладиган бўлса, бунга ҳам мулойимлик ва босиқлик билан, яхши сўз билан жавоб қайтарадилар, “Саломат бўлинглар. Биз жоҳиллар билан жанжаллашиб ўтирмаймиз”, деган маънода хитоб қиладилар.
Мўмин банда нодон кимсалар билан айтишиб ўтирмаслиги ҳақида бир ривоят нақл қилинган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ким Қуръон ўқиса, нубувватга (яъни, пайғамбарлик даражасига) поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазабланган киши билан талашиб-тортишиши, нодон кимсага қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул имон”да, Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган ).
Қуръон ўқиб, маъноларини дилига сингдирган мўмин киши секин-аста юксак мартабага кўтарилади. Унинг хулқиям чиройли бўлади. У энг гўзал одобларни Қуръондан ўрганади. Шундай бўлгандан кейин, Қуръон ўқувчи инсон оғир-вазмин бўлиши керак. Мабодо бир жоҳил одам жанжал чиқарса, мўмин киши унга бас келаман, демасин. Зеро, қалбига Аллоҳнинг Каломи жо бўлган қори кўча-кўйда биров билан жиққа-мушт бўлиши, одобсизлик қилиши маъқул эмас.
Муҳаммад ибн Ҳанафия: “Улар виқор ва иффат соҳибларидир. Улар ўзгаларга жоҳиллик қилмайдилар. Уларга жоҳиллик қилинса, гўзал хулқлари ила бунга сабр қиладилар”, деган (Манба: “Мадорижус соликин”).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Мўминлар ер юзида камтарлик билан юрадилар, иффатларини сақлайдилар, Аллоҳга итоат этадилар”, деган (Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Жарир ривоят қилган). Шу оятдан келиб чиқиб, мўмин одам юриш-туришига бир разм солсин. Аллоҳ мақтаган тақводор бандалар сифати унда борми? Кибрланиб, мақтаниб юрмаяптими? Виқор билан, камтарлик ила юрадими? Агар ўзида кибр аломатларини топса, уни муолажа қилсин, нафсини тузатсин. Зеро, Аллоҳга севимли бўлишни истаган ҳар бир мўмин инсон ерда камтарона қадам ташлайди, кибр отига минмайди.
Одамлар билан муомаласини ҳам бир назардан ўтказсин. Уларга қандай муомалада бўляпти? Жоҳилларга-чи? Агар бирон нодон кимса гап отадиган бўлса, “Саломат бўлинг”, деб ўз обрўсини сақлай биляптими ёки уларга қўшилиб беҳуда жанжаллашмоқдами?
Аллоҳга ва охират кунига ишонган инсон Қуръон ўқиб, яхши хулқларни ўзлаштиради. Агар бирон нуқсон-камчилиги бўлса, ўзини тузатиб, қусурларини бартараф этади. Аллоҳ таоло шундай деган: “Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг юзини – розилигини истаб, У Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!” (Каҳф сураси, 28-оят).
Ушбу оятда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳни эртаю кеч зикр қиладиган, У Зотга тасбеҳлар айтадиган, Аллоҳга дуо қиладиганлар билан бирга ўтиришга буюрилиб, дунёга кўнгил қўйган, Аллоҳга ибодат қилмайдиган, маъсият уммонига ғарқ бўлган кимсаларга итоат этишдан қайтарилмоқдалар.
Айтилишича, Қурайш қавмининг ашрофлари Набий алайҳиссалом билан холи ўтиришни, атрофларида камбағал ва йўқсиллар бўлмаслигини талаб қилишганида, мана шу оят нозил қилинган. Шунда Аллоҳ Ўз Расулини дунёга муккадан кетганларни деб, заиф ва бечораҳол мўминларни тарк этмасликка, исрофгарлар билан ўтиришни лозим тутмасликка буюрган.
Тавозеъ Аллоҳ таоло бандасига берадиган энг улуғ неъматлардандир. Аллоҳ таоло бу оятда Расулига камтарлик сифатини бергани, агар у зот қўпол бўлганларида саҳобалар атрофларидан тарқалиб кетишлари муқаррарлигини билдирмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари жуда гўзал эди. Аллоҳ таоло у зотнинг хулқларини чиройли қилганди, қалбларини қўполликдан поклаганди. Шу сабаб саҳобаларга нисбатан камтар ва мулойим бўлганлар, уларнинг кўнглига йўл топа олганлар, бирон кишини ранжитмаганлар, ҳаммага бирдек муомала қилган. Борди-ю Расулуллоҳ қўпол ва қўрс муомала қилганларида, атрофларидаги одамлар тарқаб кетган бўларди. Ширин ва ёқимли каломлари сабаб турли мамлакатлардан келган одамлар У зотга нисбатан қалбида илиқлик ҳис этди, сўзларини эшитиш пайидан бўлди. Аллоҳ тавфиқ берганлар биргина Қуръон ояти ёки ҳикматли ҳадисларни эшитиб, ҳидоятга сазовор бўлди.
Айнан чиройли муомалалари сабаб саҳобалар У зотдан ажралишни исташмасди. Ҳар бир ҳаракатларини, гапирган гапларини, ҳатто жим туришларини ҳам диққат-эътибор билан кузатар, хотираларига муҳрлаб борардилар. Ҳа, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг гўзал хулқлари, чиройли муомалалари, ўзларини хокисор тутишлари мана шундай ажойиб ҳолатга замин тайёрлади.
Денов туман “Ҳожи Миён Абдуссамад” жомеъ масжиди имом хатиби: Музаффар Саидов