Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарздир. Қуръони каримда “илм” сўзи 765 маротаба такрорланади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” ( Мужодала сураси, 11-оят). Динимиз барча илмларни ўрганишга тарғиб қилади. Инсонлар илм орқали Аллоҳнинг қудрати, улуғлигини англайди ва ўз ҳаётида ундан манфаатдор бўлади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Унинг белгиларидан (яна бири) – осмонлар ва Ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилмахиллигидир. Албатта, бунда барча олимлар учун аломатлар бордир” (Рум сураси, 22-оят).

Оят мавзуси табиий илмлар бўлиб, ундаги “олимлар”дан мурод, Аллоҳ Ер юзида яратган махлуқотларнинг сирасрорларини билувчи кишилардир. Чунки табиий илмлар борлиқдаги нарсалар ва уларнинг хусусиятларини ўрганади. Осмонлару Ернинг яратилиши, табиат ҳодисаларини жуғро фия фани ўргатиши фикримизга далилдир. Инсон жисми ва ҳайвонот оламини эса антропология, зоология ва биология ўрганади.

“Ва тилларингиз хилмахиллиги…” деганда турли миллат вакилларининг тилларини ўрганишга тарғиб бор. Бу ҳозирда эътибор қаратилаётган чет тилларни ўрганишга далилдир. Ҳадиси шарифда: “Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа ҳам, илм олсин”, деб айтилган. Ҳадислар Қуръондан кейинги иккинчи манба, мўътабар ҳикматлар мажмуасидир. Уларда ҳам илм – поклик, ҳалоллик, кишиларни яхшилик сари бошловчи, тарғиб қилинади.

Илм – ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик эса жоҳилликдир. Илм диннинг асоси, устунидир. Илм ҳикмат, фазилат бўлиб, диннинг ривожи ва ёйилишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такрорлаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш лозим. Илмга амал қилинмаса, фойдасиз бўлиб қолади. Исломда илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш. Ҳадисларда: “Садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир”, дейилади.

Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Язид Тайфур Бистомий, Имом Ғаззолий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Беҳбудий, Мунаввар қори каби улуғ зотлар ҳаёт тарзи, илм учун фидойилиги, эътиқодининг поклиги билан барчага ибрат бўлган.

Демак, маърифатни жам қилган илмларни эгаллаган кишининг икки дунёси обод бўлади.

Илм – ҳаёт ва турмушда орттирилган тажрибаларнинг амалий ва назарий натижаси. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин.

Уламоларимиз: “Билимнинг офати унутиш, уни англамаган кишига гапириш эса зое қилишдир”, дейдилар. Аллоҳ таоло барчамизни илмига амал қиладиган бандалардан қилсин!

 Ж.Ибрагимов Денов туман Чамбил жоме масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here