“Бағрикенг” дегани – “тоқатли”, “мурувватли”, “ҳимматли”, “турли дин вакилларининг ўзгача қараш ва эътиқодларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш” каби маъноларни англатади.
Исломда бағрикенг бўлишни бир қанча кўринишлари мавжуд бўлиб, қуйида улардан баъзилари баён қилинади:
Ислом динимиз мусулмон киши бошқа дин вакиллари билан яхши муомала ва муносабатда бўлишга чақиради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар” (Мумтаҳана сураси 8-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб ҳадиси шарифларида аҳли китоб (насроний ва яҳудий)ларга зулм қилмасликка ва уларнинг ҳаққига риоя қилишга чорлаганлар. Жумладан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса, ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага буюрса, ёки ундан ўз розилигисиз бир нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Бошқа дин вакиллари бемор бўлганида, мусулмон киши уларни кўргани бориши жоиздир. Бу ҳақда Анас Ибн Молик разияллоҳу анҳудан шундай ривоят келади:
яҳудийлардан бўлган бир йигит Набий саллаллоҳу алайҳи васалламга хизмат қилар эди. У бемор бўлиб қолди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўргани келдилар ва: “Мусулмон бўлгин”, – дедилар. Шунда йигит олдида турган отасига қаради. Отаси: “Абул Қосимга итоат қил”, – деди. У мусулмон бўлди. Шунда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни дўзахдан қутқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин!” – деб ўринларидан турдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
Шунингдек, мусулмон киши бошқа дин вакилларига ҳадя бериши ёки улардан ҳадя қабул қилиши, меҳмон бўлиши ёки уларни меҳмон қилиши, қўни-қўшничилик муомаласини қилиши, улар билан олди-сотти қилиши ва қарз олди-берди каби муомалаларни қилиши дурустдир. Фақат бундай ҳолатларда ҳам мусулмон киши шариат кўрсатмаларига амал қилиши талаб қилинади.
Шуни унутмаслик керакки, ўзга дин вакиллари билан муомала ва муносабатдаги киши улар ҳавас қиладиган даражада гўзал одоб-ахлоқ ва ростгўйлик ҳамда мусулмонларни обрўсини сақлайдиган ҳолатда бўлиши керак. Ажаб эмас, улар ислом дини ва мусулмонларга ҳавас қилсалар.
Ҳазрати Али разияллоҳу анҳу халифалик пайтларида, совутлари йўқолиб қолади. Уни бир яҳудийнинг қўлида кўриб, қайтариб беришини сўрасалар, бу мени совутим деб бермади. Шунда Ҳазрати Али қўл остиларида қозилик мансабида турган Шурайҳга шикоят қилдилар. Маҳкамага Ҳазрати Али ва яҳудий ҳозир бўлди. Ҳазрати Али: “Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман”, – дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: “Сен нима дейсан?” – деб сўради. Яҳудий: “Совут меники”, – деб жавоб берди. Қози ҳазрати Алидан: “Далил-исботингиз борми?” – деб сўради. Ҳазрати Али: “Йўқ”, – дедилар. Қози совутни яҳудийнинг фойдасига ҳукм қилди. Яҳудий совутни олиб кета туриб, ўзига ўзи айтди: “Мусулмонларнинг бошлиғи менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!” Кейин у ҳазрат Али ҳузурларига келиб: “Эй мўъминларнинг амири! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Ислом дини шундай гўзал бўлса, мен бу динни қабул қиламан деб, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ»” – деб гувоҳлик берди. Ҳазрати Али: “Исломга кирган бўлсанг, энди у мендан сенга ҳадя бўлсин!” – дедилар (“Ҳазрати Али” китобидан).
Демак, Ислом дини мусулмонларни ғайридинларга бағрини кенг очиб, яхши муомала ва муносабатда бўлиб яшашга буюрган. Афсуски, ҳозирги кунда ўзларини Исломга нисбат берадиган баъзи тоифалар ўз диндошлари бўлмиш мусулмонларни қандайдир камчилик ва айблари сабабли кофирга чиқармоқда. Бу ўта ачинарли ҳолатдир! Чунки мусулмон киши ўзига ўхшаган мусулмонни бағридан итариб, унга “кофир” деган тамғани босиб, натижада уни ўлдириш, қонини, жонини, молини ҳалол санаш, унга қарши жиҳод эълон қилиш каби даъволарни қилмоқлиги Ислом таълимотига умуман зид ишдир!
Шунинг учун, огоҳ бўлиш керакки, мусулмон мусулмон учун бир ота-онадан туғилгандек ака-ука ҳисобланади. Мусулмонни қони ҳам, жони ҳам, моли ҳам, обрўси ҳам бир-бирига ҳаром бўлади. Мусулмонни кофир дейиш уни айнан шаъни ва обрўсини топташ ҳисобланади.
Инсоният тарихига назар ташласак, қайси жамиятларда аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳамжиҳатлик жорий бўлса, тараққиёт, равнақ ва эл осойишталиги-ю халқ фаровонлиги ҳукм сурган. Аксинча, қай бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамиятларда уруш ва можаролар авж олган, юрт вайрон, эл пароканда бўлган. Аллоҳ таоло бандаларини урушишга, бир-бирларининг қонини тўкишга, можаролар чиқаришга эмас, қандай дин ва эътиқодда бўлишдан қатъий назар аҳилликда, бир-бирларига бағрикенгликда, ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурматлаган ҳолда яшашга буюрган.
Халқимиз қон-қонига сингиб кетган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик мустақиллик йилларида янада ривожланди ва унинг ҳуқуқий асослари яратилиб, миллий сиёсатда мустаҳкам ўрнини топди. Бу сиёсатга ҳамда миллий ғоя негизига бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат қилаётган 130 дан зиёд турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ҳамда 16 конфессияда мужассам бўлган эътиқод аҳллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам пойдевори асос қилиб олинган.
Аллоҳ таоло барчаларимизни узаро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликда ҳаёт кечиришлигимизни насиб айласин!
О.Исмоилов Сариосиё тумани
Имом Низомиддин Сангардакий жоме масжиди имом хатиби