Киши фарзандлари ва бошқа яқинлари ҳаққига дуо қилганида бахт — саодат тилайди-ю аммо сабр — тоқат ва қаноат тилашни унутади. Бахт-саодатга сабр-қаноатсиз етиш мушкул. Биз фақат жанозага борганимиздагина марҳумнинг яқинларига сабр тилаймиз. Бу яхши одат. Бошига мусибат тушган ҳар бир бандани сабрга чақириб, ёнида далда бўлиб туриш гўзал фазилатлардан. Мусибат сабрли одамга бир ҳисса, сабрсиз одамга икки ҳисса оғир туюлаверади.
Ҳадиси қудсийда: “Эй одам фарзанди, сабрли бўл ва ўзингни паст тут, Ўзим сени олий даражага кўтараман”, деб Аллоҳ марҳамат қилган.
Инсон жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги туфайли йўл қўядиган гуноҳлари унданда кўпроқ. Сабрсиз, қаноатсиз кишиларни учратиб турамиз. Сабр доимо, ҳаммага керак: яхшилик етганида ҳам, ёмонлик етганида ҳам, зарар – камчилик пайтида ҳам, фойда – борчилик пайтида ҳам ғоятда зарур. Йўқчиликка сабр қилиш осонроқ. Аммо борчиликка – тўқчиликка ҳамма ҳам тоқат қила олмайди, уни кўтараолмайди. Аслида банда оғир пайтда сабр бардош билан, неъмат етганида шукр ва яхшилик билан сабр килсагина саодатга эришади.

Навоий ҳазратлари айтганларидек: “Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ, иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”. Зеро Қурони Каримда айтилганидек; «Уларнинг ҳузрларига ҳар эшикдан фаришталар кириб, сабр қилганингиз учун сизларга салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай яхши, дерлар” (“Раъд” сураси 23-24 оятлар).
Сабрли бандаларига Аллоҳ мана шундай улуғ неьматларини тайёрлаб қўйган. Шу сабабдан Аллоҳ ўзининг яхши кўрган бандаларини мол мулкини камайтириш, хафачилик, очлик, мусибатлар билан синайди. Мана шу синовлардан ўтганларга Аллоҳ ўзи ваьда қилган улуғ неьматларни насиб этади. Ҳаттоки Пайғамбарларни ҳам Аллоҳ турли йўллар билан сабр-бардошларини синаганлиги маьлум. Айтайлик, Юсуф алайҳиссаломни Зулайҳонинг макр-ҳийлалари орқали, Аюб алайҳиссаломнинг сабр тоқатини азоббахш касаллик билан синади. Иброҳим алайҳиссаломни Намруд ўтга ташлади. Юнус алайҳиссалом наҳанг ичида бир неча кун қолиб кетдилар ва ҳоказо. Пайғамбаримиз “Сабр иймоннинг ярмидир” деб айтганлар. Сабрли одам барча ҳолатларда ҳам Аллоҳнинг амрини бажаришда давом этади. Шариат буюрган диний вазифаларни орқага сурмай амалга оширади. Аллоҳнинг фарз амалларини мукаммал тарзда адо этади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига тўлиқ амал қилади. У бу фазилати билан ўз иймонини мустаҳкамлаб, Аллоҳ наздидаги энг севимли бандага айланади. Сабр-қаноат этган зотларни Аллоҳ Қурьони Каримда ваьда берганидек, ажр-савоблар билан мукофотлайди. “Сиз бирон ҳолатга тушиб қолганингизда, дучор бўлган нарсангизга сабр қилсангиз, бу, менинг наздимда, сизнинг ҳар бирингиз, сизнинг ҳаммангизнинг амалларингиздан севимлироқдир” – деган ҳадисда ҳам сабр тоқатнинг севимли амал эканлигини пайғамбаримиз уқтирдилар.
Шунинг учун инсон ҳар бир ишда, оч қогандаям касал бўгандаям, зулм кўргандаям, ҳар қандай оғир синовлар бошига тушгандаям сабрли ва қаноатли бўлиши лозим экан.

Ў.Алимов
Бойсун туман «Саид Баҳромхон»жомеъ масжиди имом хатиби

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here