Cоғлом эътиқод – оила ва жамият барқарорлиги кафолатидир
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Ҳар бир ота-она ўз фарзандини яхши, баркамол инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Катта бўлиб жамиятдан ўзига муносиб ўринни топиб эгаллагач, ватанига содиқ, элу халқининг хизматига тайёр, виждонли ва диёнатли бўлишлигини, албатта, ҳар бир фарзанд ўстирган ота-она ният қилади.
Лекин ҳар бир ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига меҳр-оқибати ва тарбиявий муносабати бир хил бўлавермас экан. Айрим ота-оналар бола тарбияси хусусида жуда бепарволик қиладилар. Улар учун бу дунёда фақат ўз шахсий юмушлари, кўча-кўйдаги улфатлари, моддий маблағ тўплаш йўлидаги борди-келдилари биринчи ўриндаги вазифаю, оила аъзоларининг ахлоқий ва маърифий тарбиялари билан шуғулланиш иккинчи даражали иш кўринади.
Эътиқод соғломлиги – халқ бойлиги, ақида тўғрилиги эса – халқ тинчлигидир. Ақида масаласида ёшлар тафаккурини шакллантириш – ёшлар, қолаверса, бутун жамиятнинг маънавиятини сохта ақидалардан асраш, ахлоқий ва маънавий камол топтириш бугунги кунда барчамизнинг долзарб вазифамиз саналади. Албатта, биринчи навбатда ота-оналар ўз фарзандларининг тарбиясида бунга катта аҳамият беришлари лозим. Ўтган асрдаги мутафаккир олимимиз Абдулла Авлоний таъбири билан айтганда, “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”.
Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) умрларининг охирида ўзларидан кейин залолат йўлидан борадиган етмиш иккита фирқа пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар. Бу сўзлар ўтган ўн тўрт аср давомида тасдиғини топди.
Ана шу фирқа ва оқимларнинг айримлари Исломнинг илк асрларида юзага келган бўлса, ХХ ва ХХ1 асрларда ҳизбут-таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низо ва қонли тўқнашувлар чиқишига сабаб бўлмоқдалар.
Афсуски, сўнгги вақтларда ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган ҳаракатларни гувоҳи бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар ҳозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай сохта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ушбу тушунчаларга изоҳ бериб ўтсак.
Юртини, ота-онани ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид иш ҳисобланади.
“Ҳижрат” сўзи луғатда бирор нарсадан ажраш, шариатда эса, Муҳаммад пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам)нинг Маккани тарк этиб, Мадинага боришига қиёсан қўлланилиб, диний экстремизм оқим етакчилари тинч давлатда яшаб келаётган ёшларни хориждаги жангариларнинг лагерларига жўнатиб, “ҳижрат қилмаган диндан чиқади, ҳижрат учун мусулмонга ота-онанинг рухсати шарт эмас”, каби сохта сохта иддаолар билан алдамоқда.
Жумладан, ақидапарастлар ушбу масалада Қуръон каримнинг “Нисо” сураси, 97-оятини далил қилади:
إِنَّ الَّذِينَ تَوَفَّاهُمُ الْمَلَائِكَةُ ظَالِمِي أَنْفُسِهِمْ قَالُوا فِيمَ كُنْتُمْ قَالُوا كُنَّا مُسْتَضْعَفِينَ فِي الْأَرْضِ قَالُوا أَلَمْ تَكُنْ أَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةً فَتُهَاجِرُوا فِيهَا فَأُولَئِكَ مَأْوَاهُمْ جَهَنَّمُ وَسَاءَتْ مَصِيرًا
(سورة النّساء/97)
яъни “Албатта, ўзларига (ҳижратдан бош тортиб) зулм қилувчиларнинг жонини олган фаришталар(уларга): «Қайси ҳолда бўлдингиз?» – десалар, улар: «Ер юзида бечораҳол эдик», – деб айтадилар.(Фаришталар): «Аллоҳнинг ери унда ҳижрат қилишларинг учун (етарлича) кенг эмасмиди?» – дейдилар. Ана ўшаларнинг жойи жаҳаннамдир. Нақадар нохуш жой у!”.
Уламоларнинг тафсирига кўра, ушбу оят қўрқитиш маъносидаги матн бўлиб, бундай матнлардан хулоса қилиш учун асл ҳукмларга қайтилади. Яъни, мусулмонлар ҳеч қачон дўзахда абадий қоладиган кофир бўлмайди. Абу Усмон Мужошиъ ибн Маъсуд ривоят қилган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам):
” لا هجرة بعد الفتح مكة “(رواه أحمد
яъни: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ…”, дедилар ”.
“Ҳижрат” ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) айтганлар: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Худо йўлида ҳижрат қилган кишидир”, дейилади.
Ибн Умар (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилган ҳадисда эса айтилади: “Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) ҳузурларига бир киши келиб:
جاء رجل الى النبي r وقال: “أبايِعُكَ على الهجرةِ وتركتُ اَبَوَيَّ يَبْكِيانِ، فقال إرجِع إليهما فَأَضْحِكْهما كما أَبْكَيْتَهما” (رواه أبو داود
яъни “Эй, Аллоҳнинг Расули, мен ота-онамни йиғлаган ҳолда ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузурингизга келдим”, деди. У зот (саллаллоҳу алайҳи васалам) эса, “Ота-онанг олдига қайтиб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай кулдиргин”, деб жавоб бердилар.
Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васалам) ва ундан кейин мусулмон давлатларини бошқарган хулафои рошидинлар ўзга юртларда яшаётган мусулмонларни ҳеч қачон мусулмон давлати ҳудудига кўчиб келишларига даъват қилмаган ва уларнинг ўз юртларида яшашини рад этмаганлар.
Юқоридаги далиллардан Ўзбекистондек мусулмонобод мамлакатдан “ҳижрат” қилинмаслиги ҳақидаги қатъий хулоса чиқади.
Муҳтарам жамоат! Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.
Ислом тарихини чуқур ўрганган мутахассис олимлар, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилганини таъкидлайдилар. Бу борада замонамиз уламолари бундай дейдилар: “Агар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар”.
Юқоридагилардан хулоса қилиб, жиҳод деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган бўлиб, Қуръони карим оятларига асослангандир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳадиси муборакларида:
اَلْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ وَالْمُهاجِرُ مَنْ هَجَرَ ما نَهَى الله عَنْهُ (رواه البخاري
яъни:“Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий муслмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейилган. Уламоларни ушбу ҳадисларни шарҳлаб, ундаги “ҳижрат”дан мурод “тарк қилишдир”, деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса, Умму Анас (разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади”. дейилган.
Бугунги кунда диёримизда нафақат, мусулмонлар, балки бошқа дин вакиллари ҳам эмин-эркинликда ҳаёт кечирмоқдалар. Мусулмонлар ислом арконларини бажариш имконига эга бўлса, Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни, деб белгилаб қўйилган бўлса, ҳар йили ўн мингдан ортиқ ватандошларимиз муқаддас ҳаж ва умра зиёратларини амалга оширишда давлат ўзи бош бўлиб турган бўлса, бундай мусулмонобод диёрдан, ўзи туғилиб ўсган Ватанидан қандай қилиб ҳижрат қилиш мумкин?!
Ватанни ҳимоя қилиш нақадар улуғ савоб, ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи ҳисобланса, унга ҳиёнат қилиш, қурол билан бостириб келиш шу қадар катта гуноҳ, энг олий жазога лойиқ жиноят ҳисобланади.
“Жиҳод” сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Мисол, шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар “мужтаҳид” деб аталган. Улар шаръий илмларда “жиҳод” қилишган. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, “жиҳод” сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Уруш бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида қитол сўзи ишлатилади.
Ислом дини таълимотининг истилоҳи бўйича эса, жиҳод асосан уч хилдир. Биринчиси – нафс билан курашиш, яъни нафснинг измига юриб, гуноҳ ва жиноий ишларга қўл урмаслик. Иккинчиси – шайтон билан курашиш, яъни шайтоннинг васвасаларига учиб, ҳаром ва таъқиқланган ишларга қўл уришдан сақланиш.Учинчиси – босқинчилар билан жанг қилишдир.
Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи васалам) ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. Мазкур мисоллардан хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.
Ҳозир эса бузғунчи тоифалар ўзлари илгари сураётган ёвуз мақсадга эришиш учун янги “жиҳод” турларини ўйлаб топишган. Улар “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, айбсиз одамларнинг ноҳақ қони тўкилишига сабабчи бўлишмоқда.
Машҳур уламо, марҳум Муҳаммад Саид Рамазон Бутий бундай бузғунчи тоифаларнинг қилмишини қоралаб шундай дейди: “Улар бир вақтнинг ўзида бирор айби йўқ мусулмонларни кечаси бўғизлаб кетишни “шариат рухсат берган иш”, дейдилар. Улар оддий йўловчилар тўла самолётни ичидаги айбсиз инсонлар билан қўшиб портлатиб юборишни ҳам “шариатда бориш”, дейдилар. Ҳар ким кўзларини юмиб, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи васалам) бугун орамизда юрибдилар, деб хаёл қилсин. Ул зот шундай разил ишларга рози бўлармидилар?”.
Аллоҳ таоло ватанимиз тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини сақлаб, барчаларимизни эътиқодимизни мустаҳкам, ақидамизни тўғри қилсин. Барчаларимизга азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонийлик сифатига муносиб амал қилиб боришлигимизни насибу рўзий айласин! Омин.
(Жума тезисига илова 2015 йил, 6 февраль)
بسم الله الرحمن الرحيم
Азиз намозхонлар! Мамлакатимизда ёшларнинг илм олишлари, касб-билим ўрганишлари учун барча зарурий шароитлар яратиб қўйилган. Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монеълик йўқ, аксинча чорлов бор, имконият бор. Юзлаб олий ўқув юртлари, коллеж ва литсейлар очиб қўйилган. Динимизни ўргатадиган ўнта олий ва ўрта махсус ўқув юрти ишлаб турибди. Китоб-дарсликлар узлуксиз чоп этилиб турибди. Аммо бизларда рағбат ва ихлос сустроқ. Вақт топиб, нимадир ўқишимиз, дунё ва охиратга фойдалидир
Муҳтарам жамоат! Ўрта асрларда Ғарбда аҳолининг аксария қисми мутлақо саводсиз бўлгани, айримларининг қўлларига қалам тутишни ҳам билмагани ҳолда мусулмон ўлкамиздан Бухорий, Мотуридий, Ибн Сино, Термизий, Беруний, Фарғоний каби улуғ олимлар етишиб чиққан. Худди шу даврда дунёга машҳур «Маъмун академияси», Бухоро мадрасалари, каби ўнлаб илм даргоҳлари ишлаб турган.
Ана шундай буюк алломалар меросхўри эканлигимизни, уларга муносиб авлодни тарбиялашимизни унутмайлик.
Айни пайтда кўпгина мусулмонларимиз ҳам борки, улар илм билан дўстлаша олмай юришибди. Замонавий илмларни ўрганишни гуноҳ санайдиган жоҳил кимсалар ҳозир ҳам топилади.
Аллоҳ таоло илмни қиёматгача бандалар учун Аллоҳ маърифатига эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Илмсизлик, жаҳолат эса инсониятни тубанликка, ҳалокатга олиб боришини билдирди. Инсонларни илм олишга ва бу орқали Парвардигорларини танишга буюрди.
فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللَّهُ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَلِلْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مُتَقَلَّبَكُمْ وَمَثْوَاكُمْ (محمد/28
яъни: “Бас, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин ва мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг! Аллоҳ сизларнинг (бу дунёдаги) кезадиган жойларингизни ҳам, (охиратда) борадиган жойларингизни ҳам билур ”.
Яъни, «Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва Суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:
…يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
(سورة المجادلة/11)
яъни: “…Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”.
Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам илмга, ўрганишга даъват билан йўғрилган:
” اَلْعُلَمَاءُ وَرَثَةُ الْاَنْبِيَاءِ فَاِنَّ الْاَنْبِيَاءَ لَمْ يُوَرِّثُوا دِينَارًا وَلاَ دِرْهَمًا فَاِنَّمَا وَرَّثُوا الْعِلْمَ “
(رواه ابو داود والترمذي)
яъни: “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ёки дирҳам мерос қолдирмаганлар, балки, илмни мерос қилиб қолдирганлар”, – деганлар.
Кишилик тарихида ҳар бир замон ва жамиятнинг салоҳияти, равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади. Мусулмонлар ҳам Аллоҳнинг амр-фармонлари ва Унинг Расули кўрсатмаларига амал қилиб, илму ирфонга интилган, маърифатга талпинган даврларида қўллари узун, тиллари ўткир, мартаба-мақомлари баланд бўлган.
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам ҳар бир даврда ўзига хос, ўрганишлик лозим бўлган илмларни ҳосил қилишга ишора қилиб:
عَلِّمُوا أَوْلاَدَكُمْ لِزَمَانٍ غَيْرِ زَمَانِكُمْ فَانَّهُمْ يَعِيشُونَ في زَمَانٍ غَيْرِ زَمَانِكُمْ
яъни: “Болаларингизга ўша давр илмини ўргатинглар, чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа даврда дунёга келгайлар”, — деганлар.
Ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлишларига жиддий эътибор қаратишлари лозим. Фарзандларимизнингодоб-аҳлоқи, таълим-тарбиясининг масъулияти биринчи навбатда, уйда ота-она, боғчада тарбиячи, ўрта ва олий ўқув юртларида муаллим ва устозлар, кўча-кўйда эса маҳалла оқсоқоллари зимасида эканини унутмайлик. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида:
” كُلُّكُمْ رَاعٍ وَ كُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ ” (رواه البخارى
яъни: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, – деб таъкидлаганларидек, ота-оналар, қолаверса, ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланишга мутасадди бўлган кишилар бу ишга жавобгар эканликларини ҳис қилмоқликлари лозимдир.
Биринчи навбатда ота-оналар болаларининг бошқа юмушларга машғул этиб, илмдан чалғитмасликлари, ўқитувчи ва устозлар эса ўқувчи ва талабаларнинг қимматли вақтларини бекор кетказмай машғулотларни самарали ўтказишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишлари савоб амаллардандир. Ҳозирги кунда айрим ўқувчи ва талабаларнинг дарс ҳисобига масжидга, баъзиларининг турли ношаръий, кўнгилочар жойларга кетиб қолишлари жоиз эмас. Ҳар қандай бўлганда ҳам дарс соати бола учун ғанимат дамлар бўлиб саналиши даркор. Айрим болаларнинг бири гиёҳванд, бири ўғри, яна бири мутаассибликка берилиб кетиши назоратнинг сусайгани оқибатидан келиб чиқмаяптимикан?
Биз ёши улуғ кишилар, мўмин-мусулмонлар буюк келажакни азиз ёшлар қўлига топширар эканмиз, ҳар дақиқада уларни бунга тайёрлаб бормоғимиз лозимлигини унутмаслигимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчаларимизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна дунёвий ва диний илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда илмни, олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин, омин!

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here