Араб тилида “Бирр” сўзи “Содиқлик”, “Тоат”, “Боғлаш”, “Ислоҳ қилиш”, “Одамларга кенг миқиёсда яхшилик қилиш” деган маънони англатади. Уламолар истилоҳида “Бирр” барча яхшиликларни жамловчи исмдир. “Бирр” одамларга яхши аҳлоқлар ила муомилада бўлиш, уларга яхшилик қилиш, раҳм-шавқат кўрсатиш ва содиқбўлиш ҳамда, Аллоҳ таоло билан бўладиган муомилада У Зотнинг буйруқларини лозим тутиш ва қайтариқларидан қайтишдан иборатдир. Шунингдек инсон гуноҳлардан ҳолис бўлган доимий амалга ҳам “Бирр” дейилади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири “Бирр” дир. Яъни улуғ яхшилик қилувчи дегани. Бизга енгил тилимизга осон бўлиши учун “Бирр” сўзининг ўрнига яхшилик қилиш деган сўзни ишлатамиз.
Қуръони Каримда яхшилик ҳақида бир қанча оятлар келган. Аллоҳ таоло шундай мархамат қилади. “Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас, лекин яхшилик ким Аллоҳга охират кунига, фаришталарига, китобларига набийларга иймон келтирган ва молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларига, етимларга, мискинларга, мусофирларга, соилларга, қул озод қилишга берган киши ҳамда номозни тўла адо этган, закотни берган киши, ҳамда аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, йўқчилик, қийинчилик, мусибат вақтида сабр қиладиганлардир. Ана ушулар содиқ бўлганлардир, ана ушалар тақводорлардир (Бақара сураси 177 оят)”
Одатда, одамлар яхшилик матлуб эканлиги ҳақида иҳтилоф қилмайдилар. Яхшилик нима эканлиги ҳақида иҳтилоф қиладилар. Ҳар ким ўзининг йўлини яхши деб тушунади, яхшилик маъносига таърифлар келтиради, чегаралар қўяди, белгилар белгилайди. Улар яхшилик деганда кўпинча ақилларини, ота-боболаридан қолган урф-одатларини, ўзлари яшаб турган жамиятдаги ўлчовларни тушунадилар.
Исломда яхшилик Аллоҳ таоло яхши деган нарсалардир
- Иймон келтириш.
- Мол-дунёсидан нафақа қилиш.
- Номоз ўқиш.
- Закот бериш.
- Аҳдига вафо қилиш.
- Сабр қилиш.
Яхшилик қилишнинг турларидан яъна бири ота-оналарига яхшилик қилишдир. Ота-она хар бир инсон учун энг мўътабар, эъзозли кишилардир. Ислом дини ота-она ким бўлишидан қатъий назар уларни ҳурмат эҳтиром қилишга буюради. Ота-она мумин бўлса ҳам, кофир бўлса ҳам ким бўлишидан қатъий назар уларга яхшилик қилиш мусулмон фарзандининг бурчидир. Уларнинг амрини бажариш хам фарзандлик вазифасидир.
“Сила” сўзи араб тилида “Қўшиш”, “Боғлаш”, “Жамлаш” ва “Пайвандлаш” деган маъноларни англатади. Уламолар истилоҳида эса асосан Силаи раҳм яъни қариндошларга ва яқин кишиларга яхшилик қилишга Сила дейилади.
“Раҳм” сўзи онанинг хомиласи турадиган бачадонидир. Бир бачадондан туғиладиганлар араб тилида Арҳом дейилади. Бизнинг тилимизда эса қариндошлар дейилади. Демак “Силаи Раҳм” бирикмаси қариндошлик алоқаларини боғлаш деган маънони билдиради. Демак хар бир киши ота-онасидан, ака-ука, опа-сингил, қариндошлар, беморлар, етимлар ва маҳалладошлар ҳолидан хабар олиб яхшилик қилиб “Силаи Раҳм” қилишлари лозим бўлади.
Жарқўрғон тумани “Хожа Абдул Варроқ Ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби Ш.Хасанов