“Мен Хоразмда эдим. Шаҳарга бир роҳиб келганини ва ўзи эътиқод қилган динини ёйиш учун ҳаракат қилаётганини эшитдим. Дарҳол унинг ёнига бордим. Суҳбатлаша бошладик”.
Фахриддин Розий
Бу юқорида иқтибос келтирилган жумлалар бундан 800 йил илгари яшаган, 1209 йилда вафот этган буюк ислом олими “Ат-тафсир ал-кабир” ва бошқа кўпгина мўътабар китобларнинг муаллифи, улуғ аждодларимиздан бири Имом Фахриддин Розий роҳматуллоҳи алайҳга тегишлидир.
Ҳозирги илм-фан ривожланган замонда, ахборот алмашиниши осон кечаётган бир даврда халқимиз, хусусан ёшларимизнинг Ислом динидан бехабарлиги, анъанавий урф-одатларимиздан узоқлашаётганлари келгўси авлод учун, яъни бу ватанимизнинг келажакдаги эгаларига интернет сайтлари ва ижтимоий сайтларда тарқатилаётган турли ғайри исломий тарғибот ва ташвиқотлар хавф солмоқда.
Шунга биноан улуғ олим Фахриддин Розийнинг Қуръони каримдаги “Оли Имрон” сурасининг 61-оятини тафсир қилиб юқоридаги сўзларни келтирганини эслаб ўтиш ўринли, деб ҳисобладик. Сўнгра ўша роҳиб билан узоқ баҳслашганини, ўртада бўлиб ўтган савол жавобларни ва ўзи келтирган далил ҳужжатларни батафсил баён қилиб,ниҳоят роҳиб бирор гап топа олмасдан мағлуб бўлганини ёзади. Қуйида ўша мунозарали суҳбатдан бир парча келтирамиз.
Роҳиб: “Муҳаммад (с.а.в.)нингПайғамбарлигига қандай далиллар бор?”, – деб сўради.
Фахриддин Розий: “Мусо (а.с.) ва Исо (а.с.) ва бошқа пайғамбарлар мўъжиза кўрсатганлари ҳақида хабар берилгани каби, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳам мўъжиза кўрсатганлари ривоят қилинган.Бу ривоятлар мутоватир (ўта ишончли, ёлғон аралашмаган) хабарлардандир. Мутоватир хабарни ё қабул қиласан ёки инкор этасан.Агар рад қилсанг ва кўрсатган мўъжизалари бу зотнинг пайғамбарлигига далолат қилмайди, десангмўъжизаларини хабари бизга мутовотир суратда етиб келган бошқа пайғамбарларга ҳам ишонмаслигинг лозим бўлади. Агар мутовотир йўл билан келган хабарнинг тўғри эканлигини ва мўъжиза кўрсатган зотларнинг пайғамбарликларини қабул қилсанг,у ҳолда, Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳам Пайғамбар эканликларини қабул қилишга мажбурсан. Чунки Муҳаммад (с.а.в.) мўъжиза кўрсатганлар ва бу мўъжизалар бизга ишончли хабарлар орқали маълум бўлган. Сен бошқа пайғамбарларнинг пайғамбарлигига уларнинг кўрсатган мўъжизалари сабабли ишонганинг учун Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳам Пайғамбар эканликларига имон келтиришинг керак”, – деб жавоб берди.
Роҳиб: “Мен Исо (а.с.)Пайғамбар эмас, Худо деб эътиқод қиламан”, – деб айтди.
Фахриддин Розий: “Исо (а.с.)ни Худо дейишинг ботилдир. Модда, жисм, макон қоплаган нарсалар илоҳ бўлолмайди. Ҳолбуки, Исо (а.с.) инсон эди.Йўқ эди, бор бўлди. Олдин бола эди, улғайди. Еб-ичар эди,биз каби гаплашар эди. Ётар ва ухлар эди. Уйғонар ваюрар эди. Ҳамма одамлар каби яшаш учун кўп нарсага муҳтож эди. Муҳтож бўлган кимса илоҳ бўла оладими? Йўқ экан, сўнградан бор бўлган нарса абадий ва азалий бўла оладими? Ўзгарувчан нарса доимий ва сўнгсиз бўла оладими? Исо (а.с.) қочиб беркингани ҳолда, уни ушлаб ўлдиришган, дейсизлар.Ўшанда Исо (а.с.) қаттиқ қайғурганини, бундан қутилиши учун чора қидирганини айтасизлар. Агар, у Худо бўлса ўзини сақлай олмасмиди? Нега ва нима сабабдан яшириниш учун жой қидирди? Аллоҳга қасамки, мен бунга ҳайронман. Ақли бор кимса, бунга қандай қилиб ишонади. Исо (а.с.) Аллоҳ таолога жуда кўп ибодат қилганликлари, тоат ибодатга рағбат қилганликлари мутавотир хабарлар билан собитдир. Агар Исо (а.с.) илоҳ бўлганида эди, ибодат қилмас эди. Чунки Худо ўзига ибодат қилмайди.Аксинча, бошқалар унга ибодат қилади. Шундан ҳам сўзларингиз ботил экани кўриниб турибди”, – деб жавоб берди.
Роҳиб: “У ўликларни тирилтирган, туғма кўрларнинг кўзини очган ва бошқа оғир касалларни тузатгани учун ҳам Худодир. Бу ишларни фақат Худо қила олади”, – деди.
Фахриддин Розий: “Ҳассани ва оддий чўпни илонга айлантириш, ўлган инсонни тирилтиришдан кўра қийинтроқдир. Чунки чўп билан илоннинг бир-бирига ҳеч қандай ўхшашлиги йўқ. Сизлар Мусо (а.с.)нинг чўпни илонга айлантирганига ишонасизлар, лекин уни худо ёки худонинг ўғли демайсизлар-ку?”, – деб жавоб берган.
Роҳиб бу сўзларга қарши ҳеч қандай жавоб топа олмай сукут қилишга мажбур бўлди.Фахриддин Розийнинг роҳиб билан қилган мунозараси “Саодати абадийя”, “Зиёулқулуб” ва бошқа китобларда батафсил баён қилинган.
Фахриддин Розийнинг роҳиб билан қилган мунозарали суҳбатида шу нарса аён бўладики, миссионерлик муаммоси бу диёр ва юрт учун янгилик эмас экан. Демак, халқимиз тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиётини кўра олмайдиган ва ҳасад кўзи билан қарагувчилар илгари ҳам бўлган. Ўзларининг бузғунчи ғояларига эришиш учун бизнинг заминимиздан фойдаланмоқчи бўлган шахслар аждодларимизга ҳам ташвиш туғдиришган.
Фахриддин Розийнинг роҳибнинг келганини эшитибоқ, у билан баҳслашишга боргани ҳамда биринчи мунозаранинг ўзидаёқ уни мағлуб этгани, бу борада унинг малакаси етарли даражада бўлганини билдиради. Бундай малака эса тарихий тажрибалар ва кўплаб баҳслар натижасидагина ҳосил бўлиши ҳаммага аён.
Фахриддин Розий бу сўзлари билан бизга огоҳлик дарсини ҳам берган. У киши роҳиб ҳақидаги хабарни эшитибоқ уни бартараф этишга ошиқди. Биз ҳам бугунги кундаги миссионерлик муаммосини бартараф этишимиз ва соддадил халқимизни уларнинг ёлғонларига алданиб қолишларини олдини олишимиз зарур. Бунинг учун муқаддас Ислом динимиз таълимотининг барча жиҳатларини илмий ва фалсафий асослари билан мукаммал билишимиз жуда муҳимдир. Бу борада ҳиссиётга берилиш фойда бермайди. Чунки жаҳолатга қарши маърифат билан бориш ақл эгаларининг йўлидир. Дин, унинг моҳияти инсон ва жамият ҳаётидаги ўрни ҳақида чуқур маълумотга эга бўлмаган одамлар фикрини ўзгартириш, уларга бир динни ёмон кўрсатиб, бошқасини яхши деб талқин қилиш ҳамиша осон кечган.
Миссионерлар ўзларининг хушмуомалалиги, ёрқин ва таъсирчан ваъзлари орқали айнан юқоридаги каби кишиларни чалғитишга, ўз “ўлжа”ларининг қизиқишларини ва заиф тамонларини ҳисобга олиб, бўлажак прозелитлар билан дўстона муносабатга кириб олишга ва охир оқибат, уларни таклиф этилаётган динни қабул қилишга даъват этадилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугун юртнинг тинч ва осуда ҳаёти ва тараққиётига таҳдид туғдираётган миссионерларга қарши кураш долзарб вазифалардандир.
Бунинг учун аввало фуқороларимизнинг чуқур билимларга эга бўлишларига эришиш, таълим муассасаларида ёшларга дин ҳақида илмий асосланган билимлар бериш, диний қадриятлардан маънавий ва маърифий мақсадларда фойдаланиш миссионерликни олдини олишда мустаҳкам замин яратади.
Бундай масалаларни ҳал қилишда маҳаллалардаги жоме масжид имомлари, маҳалла оқсоқоли ҳам, диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича фаолият юритаётган маслаҳатчилар биргаликда ва ҳамкорлик қилиш орқали халқимизнинг бу тинч ва тотувлигини сақлаш ва бардавомийлигини таъминлаш мумкин бўлади.
Денов тумани ‘Умари Одил’ж.масжиди имом ноиби
Насриддинов Салохиддин