Тасаввуфга эргашишлик ширкми?

Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Умардан: «Мени қанчалик севасиз?» деб сўрадилар. «Ё Расулуллоҳ, бойлигимдан, оиламдан, фарзандларимдан ҳам кўпроқ севаман, лекин нафсимдан ортиқ эмас», дедилар Умар розийаллоҳу анҳу. Кейинчалик «Расулуллоҳни нафсингиздан ҳам ортиқ севмасангиз, мўъмин бўлолмайсиз» ояти тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни жонингиздан, фарзандларингиз ва бутун дунёдан ортиқ севмоқ керак. Аллоҳ таоло Умар розийаллоҳу анҳунинг қалбларига ана шундай севгини жойлади. «Ё Расулуллоҳ, шу вақтдан эътиборан сизни нафсимдан ҳам ортиқ севаман», дедилар ҳазрат Умар. Шу севги у кишини олий бир мақомга кўтарди.
Тасаввуф ва тариқатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган севги жуда муҳим асосдир. Севги ва адаб – бир-бирига боғлиқ тушунча. Севги-муҳаббат йўқ жойда адаб бўлмайди. Адабсиз, севгисиз кимса у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатган йўлдан юролмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўгитларини эшитмайди, унга эътибор бермайди. Негаки севги йўқ. Бу пайт иршод мақоми битади. Қалбда севги ва ҳурмати бўлмаган кишининг бағри тош бўлади. Қотиб қолган қалб эгаси ҳеч кимнинг гапини эшитмайди, нафсига ёқмаган нарсаларни инкор қилади. Лекин қалбида севги-муҳаббат бўлса, муршид мақомидаги зот муридига қандай кўрсатма берса, у ҳеч бир иккиланмай бажаради. Бунга сабаб севги ва адаб, албатта. Шу боис муршидни отадан ортиқ севиш лозим. Ота фарзандининг дунёси, муршид эса охирати учун ёрдам беради. Зотан, охират дунёдан муҳимроқдир. Муршид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вориси саналади. Уни севиш Расулуллоҳ алайҳиссаломни севишдир. Бу боғланиш занжир ҳалқасига ўхшайди. Шунингдек, бунга севги асос бўлади. Шайх Сайдо раҳматуллоҳи алайҳ: «Муҳаббатсиз сайру сулук бўлмайди», дер эдилар. Муҳаббатнинг таъсири бўлсин, фойдаси бўлсин, у сайру сулук уни бир манзилга етиштирсин. Бу муҳаббатсиз бўлмайди. Севги, ҳурмат ва адаб бўлмаса, фалокат юз беради. Бунда иршод мақоми тугайди. Инсон Раббини севмаса, Унинг амрларини ҳурмат қилмайди. Ҳурмат бўлмаган жойда адаб ҳам муҳофаза қилинмайди. Аллоҳнинг амрларига эътибор бермайди. Намоз вақти бўлса, ибодатга киришмайди, намозни инкор қилади. Бундай ҳолдан Аллоҳ асрасин. Рўзани, қиёматни – умуман ҳамма нарсани инкор этади. Нега? Чунки Аллоҳ таолони асло севмайди. Унинг дилида ҳақиқий севги йўқ. Севги бўлмагани боис, табиийки, адаби ҳам йўқ. Шунинг учун у Аллоҳ таолони севмаса, юз марта қуръон ўқиса ҳам, фойдаси бўлмайди. Севги бизни одоб ва итоатга олиб боради, севгисизлик эса исёнга бошлайди. Бундан Аллоҳ сақласин. Севги натижасида ҳурмат ва адаб юзага келади. Шундай бўлгач, муршиднинг айтган ҳар бир гапи жуда катта қиймат касб этади. Муршиднинг айтганини сўзсиз бажаради. Муршиднинг ҳар бир иши албатта Аллоҳнинг амри, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларидан иборат бўлади. Буларни ихлос билан бажарган мурид эса Аллоҳнинг тавфиқи ила муродига эришади.

Табиийки, шукр зикрнинг бир тури ҳисобланади. Зикр учун фикр асос саналади. Тафаккур Аллоҳни ўйлаш, эслашдир. Инсон Аллоҳ таолони эслаганида бевосита Унга қул эканини унутмаслиги керак. У бизнинг Илоҳимиз, Яратувчимиз – Холиқимиздир. У бизни йўқдан бор қилди. Бизга ризқ берди. Ҳамма нарсани Ундан оламиз. Демак, биз Унинг қулимиз. Аллоҳга қул бўлганимиз учун Унинг амрларига итоат этамиз. Унинг ризолиги йўлида ҳаракат қиламиз. Аллоҳ биздан рози бўлса, бизга янада кўпроқ марҳамат қилади, албатта. Бизга мукофот беради, жазоламайди. Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилиши мумкин. Бизга мукофот ҳам, жазо ҳам бериши мумкин. Жазоланишдан ўзи сақласин. Инсон зоти Унинг ғазабига учраши мумкин бўлган нарсалардан узоқ юриши лозим. Унинг марҳаматига, лутфига, карамига ноил бўлиш учун қўлимиздан келган барча ҳаракатни қилишга интилиш керак. Аллоҳ таоло ҳузурида тургандек, Уни тафаккур қилиш, Уни ўйлаш лозим. Чунки инсон бир нарсани ўйламаса, вақт ўтиши билан унутилади. Унутилганидан кейин номи ўчиб кетади. Бироқ тўхтовсиз эслаб турилса, асло унутилмайди. Ўйлаб юрган нарсамизни унутишимиз мумкин эмас. Албатта, иймонимиз бор, алхамдулиллаҳ. Аллоҳни унутмасак, Унга хуш ёқадиган ишларни қилишга ғайрат кўрсатамиз. Албатта, бу Аллоҳнинг амрларига итоат, тақиқлардан қочишдир. Табиий, бунинг ичида шукр ҳам бор, зикр ҳам бор, намоз ҳам бор.
Шунингдек, шукр ҳам жуда муҳим нарса бўлиб, инсон Аллоҳ таоло берган неъматни қабул қилганида «Мен бу неъматни ўзим кучим билан, ақлим билан эмас, Аллоҳ таоло тавфиқи билан қўлга киритдим», дейди. «Буни ким берди? Аллоҳ таоло берди. Демак, мен Аллоҳдан миннатдорман. Унинг миннати остида яшаяпман. Модомики, шундай экан, Унга миннатдорчилик билдиришим лозим. Бу менинг бурчимдир», дея шукр қилади. «Менга иймон, ақл насиб этдинг, соғлик, кўз-қулоқ, хуллас, сон-саноқсиз неъматлар бердинг», дейди. «Йигирма тўрт соат ичида Сенга муҳтожман. Сенга муҳтож бўлмаган бир сониям йўқдир», дейди. Тўхтовсиз нафас олиб, нафас чиқарамиз. Нафас олинмаса, яшаб бўлмайди. Хўш, ҳавони бизга бераётган ким? Аллоҳ таоло! У ҳолда «Ё Раббий, Сенга шукрлар бўлсин, ҳамма нарсани берганингдек, менга тўхтовсиз нафас олиш неъматини беряпсан. Сен менга бирор яхшилик қилсанг, бунга муқобил илк қиладиган вазифам рахмат айтишдир. Бу инсонлик заруратидир. Мен инсон бўлсам, шундай қилишим лозим. Акс ҳолда, ношурлик бўлади, инсонийлик йўқолади». Ташаккур, шукр бизнинг бўйнимиздаги қарздир. Қарз бўла туриб миннатдорчилик билдирсак, Аллоҳ таоло бизни мукофотлайди. Аслида, биз вазифамизни адо қиляпмиз, холос. Биз айтамизки: «Сен менга қарз бердинг, сўнг мен Сенга уни қайтардим. Мен бирор яхшилик қилмадим, Сен менга яхшилик қилдинг». Биз Аллоҳнинг яхшилиги учун ташаккур айтсак, барибир бу яхшилик Аллоҳга тегишли бўлади. Чунки биз қарзимизни узаётган бўламиз. Чунки бошқа берадиган нарсамиз ҳам йўқ. Шунга қарамай, Аллоҳ бизни мукофотлайди. «Қулим Мени унутмади, шукр қилди. Демак, бу қулим яхши инсон. Унинг бу эслашига Мен ҳам ундан ортиқ яхшилик бераман», дейди Аллоҳ. Зеро, Аллоҳ таоло қуръонда марҳамат қилади: «Сиз шукр қилсангиз, Мен неъматимни кўпайтираман». (Иброҳим, 7-оят) Бу Аллоҳнинг бир лутфи-икроми, мажбурият эмас. Шунинг учун шукр қилмаган киши инсон эмас. Ношукурлик инсонга ярашмайди. Комил инсон доимо шукр қилади. Шукр жуда муҳим тамал. У инсонийлик белгисидир. Албатта инсонларнинг маънавий даражалари турлича бўлади. Солиҳ кишиларни комил инсонлар, деймиз. Комил бўлганлар ҳам бор, бир оз ўртача, ундан ҳам пастроқ, умуман, инсонийликдан чиқиб, ҳайвонлашган кишилар ҳам бор. Аллоҳ сақласин. Биз қанчалик Аллоҳнинг амрларига итоат этсак, инсонийлик даражамиз шунчалик такомил сари юксалиб боради. Энг комил инсон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Чунки энг кўп, ҳаммадан ортиқ Аллоҳ таолони хушнуд этган, Унинг амрларини тўлиқ бажарган, тадбиқ қилган у кишидир. У зотдан бошқа ҳеч ким ундан ошириб адо қилолмаган. Шу сабабли инсони комил зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Кейин у кишининг йўлидаги мўъминлар комил инсон саналади. У зотнинг камолотидан истеъфода этганлар ҳам комил инсондир. Шукр этсак, инсонийлик бурчимизни бажарган, инсонийлигимизни кўрсатган бўламиз. Камолот белгиси – инсонийлик белгиси. Аллоҳ таоло лутфу карами ила барчамизни шукр қилувчи қулларидан айласин.
Энди бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ўзларининг ботил ақидалари бўйича кишиларни пир-у, муршидга эргашган кишилар мушрик ҳисобланади деб, ҳаттоки, Имоми Аъзамдек улуғ мазҳаббошимизни пир сифатида ўзларига устоз тутиб эргашган халқни, умматни адашганликда шахсга сиғинганликда айблаётган тоифалар ҳам чиқиб қолишди.Аслидаку, бундай фикрлайдиган, бундай тарғибот олиб борадиган инсонлар қадимда ҳам бўлган ва бундан кейин ҳам бўлишади.Лекин, бизнинг қадимдан аждодларимиз Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб бериб кетган йўлни маҳкам тутганлар.Бу йўлда Аллоҳ ўз фазли карами билан мартаба берган зотлар-пир-у, муршидларнинг таълимотларини, тарбияларини мустаҳкам ушлаб амал қилиб келганлар.

Жарқўрғон тумани бош
имом хатиби Х.Рўзиев

ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

Please enter your comment!
Please enter your name here